ҚАЛТИС ХАТОНИНГ АЯНЧЛИ ЖАЗОСИ АЙБСИЗ «АЙБДОР» НОРАСИДАНИНГ ГАРДАНИГА ТУШДИ

Ҳаётнинг қатъий қонунияти бор: нотўғри ташланган ҳар бир қадам, умрнинг ҳар бир лаҳзасига масъулиятсизлик билан қараш ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Бунга ҳаётдан кўпдан-кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, очиқ сайёр суд мажлисида С. Нажимова (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан боғлиқ жиноят иши мазмунан кўриб чиқилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Судланувчи яшайдиган маҳалла биносида ўт­казилган суд мажлисида иштирок этганлар аёл­нинг ўз фарзандига нисбатан шафқатсизлигини қаттиқ қоралашди.

Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? С. Нажимова аёл боши билан қандай жиноий қилмишга қўл урди?

Бу саволларга жавобан шу­ни айтиш керакки, судланувчи С. Нажимова 2014 йилнинг 11 ноябрь куни туғилган, вояга етмаган фарзанди Зулхуморни воя­га етмаганлиги, ожиз аҳ­волда эканини била ту­­­риб, 2019 йил август ойи бошидан 2019 йил 25 сентябрь кунига қадар яшаш ҳовлисида танасининг турли қисмларига қўллари ва ўтмас жисмлар билан уриб, муттасил дўппослаб келган. Ҳовлига уни қамаб қў­йиб, уйда бир неча марта ёл­ғиз ўзини қаровсиз қолдириб кетган.

Бу гапларни эши­тиб, наҳотки, она тўққиз ой юраги остида кў­тариб юрган фарзандига ҳам шунчалик зулм ўтказди, деган фикрга бориш мумкин.

Воқеа тафсилотидан хабардор этадиган бўлсак, Сарвиноз Навоий шаҳридаги кор­хоналарнинг бирида ишларди. Шу ерда у Рауф исм­ли йигит билан танишиб қо­лади. Қора қош, қа­раш­лари ўт­ли йигит Сарвинознинг хаёлини ўғирлайди.

Буёғини сўрасангиз, йигит ҳам қиз­­га бефарқ эмасди. Улар учрашиб қолганда, суҳбатга баҳона ахтаришар, иккисининг бир-бирига бефарқ эмаслигини четдан қа­раганда ҳам сезиш қи­­йин эмасди. Танишув, кейинги учра­шув­лар ик­­ки ёшни яқин­­­лаштирди. Йи­гит билан қиз бора-бора ўз эҳтирос­ларини жиловлай олмади. Сарвиноз ўзининг инъон-ихтиёрини Рауфга буткул топшириб қўйди.

Орадан бир неча ой ўтгач, қиз вужудида қандайдир ўз­гариш рўй бераётганини пайқади, у ҳомиладор бў­либ қолганди. Тез орада у бу ҳа­қ­­да Рауфга айтиб, суюнчи сў­ра­ди. Шунда йигит бир чў­чиб тушгандай бўлди.

Аммо Сар­ви­ноз буни йигитнинг қу­вон­ганига йўйди. Аслида, у қу­вонмаганди.

Орадан бир неча кун ўтиб, ана шу оддий ҳақи­қат ойдинлашди: Рауф ишдан бўшаб, қаёққадир кетиб қолди. У шу кетганча қо­­расини кўрсатмади.

Сарвиноз Кармана туманининг турли жойларида ижарада яшаб келарди.

Кутилмаган ҳомиладорлик, Зулхуморнинг дунёга келиши Сарвинозда ўз қизалоғига меҳр уй­ғотмайди, аксинча, унинг кўнг­­лида ға­заб ва нафрат ўтини ёқа­ди. У гўё бошига тушган бахтсизликларнинг барига шу қизи сабабчидек, бу­тун аламини ундан олади.

«Ўхшатмасдан учратмас» деганлари рост экан. Сарвиноз кунларнинг би­рида Боғдагул исмли аёл билан танишиб қолади. Боғдагулнинг ҳам тақдири ҳавас қилгулик эмасди. У турмуш ўртоғи Ф. Қосимов билан чи­қи­шолмаётгани, ажрашиб ке­тишини Сарвинозга айтиб, ёзғиради.

— Хўп десанг, эрим билан гаплашаман, — дейди у Сарвинозга. — Сен у билан турмуш қурсанг, эҳтимол, ях­ши яшаб кетарсизлар.

Фаррух ҳам хотини Б. Мамазиёдованинг дийдиёларидан безган, шекилли, Сарвиноз ўзига тегмоқчи эканлигини эшитибоқ, розилик билдиради. Шу тариқа Сарвиноз Фаррух билан қонунсиз эр-хотин бў­либ яшай бошлайди.

Энди суд муҳокамасига қайтадиган бўлсак, гувоҳ, ма­ҳалла фуқаролар йиғини масъул котибаси вазифасида ишловчи М. Рўзиқулованинг кўрсатмаси иш ҳолатига ойдинлик киритди.

— Ўша куни профилактик тадбирда маҳалла вакиллари ва ички ишлар бўлими ходимлари хонадонларга ки­риб, аҳволни ўрганаётдик, — деди у. — Фуқаро Ф. Қосимовнинг дарвозасини тақиллатганимизда ичкаридан қиз боланинг «ота-онам йўқ» деган жавобини эшитдик. Ҳовлига кирсак, қурилиши тугалланмаган уй­да уч-тўрт ёшлар чамасидаги қизча ўйнаб ўтирган экан. Қизчанинг юз қисми кўкарган, бурни шишган, бурун суяги синиб, қийшиқ битиб қолгани кўзга ташланди. Унинг чап қўли, чап оёғи синиб, вақт ўтиши билан бит­га­ни кўриниб турарди. Қўл­лари ва оёқ­лари хипчиндан кўкарган, баданида жароҳатлар бор эди. Қизчани ички ишлар ходимлари би­­лан бирга туман тиббиёт бирлашмасига олиб бордик.

Судда жабрланувчининг қонуний вакили, вилоят халқ таълими бошқармасига қа­рашли Навоий шаҳ­­­­­рида жойлашган «Меҳ­­рибонлик уйи» психологи З. Шодиева ҳам кўр­сатма берди.

— Зулхумор «Меҳрибонлик уйи»га олиб келингач, уч кун ҳеч ким билан гаплашмади, — деди у. — Кейин мен унинг ёлғиз ўзини хонамга олиб кирдим. Ота-онаси ҳақида сўрадим. Шунда у Сарвиноз Нажимова онаси эканлигини, улар билан Ф.Қосимов ҳам бирга яшашини айтди.

З. Шодиеванинг гувоҳлик беришича, Зулхумор бу ерга олиб келинганда, аҳволи ёмон бўлган, бурни синганлиги са­бабли нафас олишга қийналган.

У онаси ва уйидан безиллаб қолган. Шу сабаб улар­ни­ эслашни ҳам истамайди. Ҳо­зирда Зулхумор «Меҳрибонлик уйи»да болалар билан яхши муносабатда. Бош­қа бир оила Зулхуморни фар­зандликка олиш учун ариза билан мурожаат қилган.

Суд судланувчи С. Нажимованинг ай­­­­би, унинг судда ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўр­сатмасидан ташқари Кармана туман ИИБнинг «Шакл — 2» китобида 1078-рақам би­лан рўй­хатга олинган билдирги, во­қеа жо­йини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган чизма ҳам­да фотожадваллар, далолатнома, туман СТЭБнинг 563-сонли эксперт хулосаси ва жиноят иши ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан тўлиқ исботини топган, деб ҳисоблади.

Суд судланувчи С. Нажимованинг жи­ноий ҳаракатларини дастлабки тергов ор­гани Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қис­ми “а”, “в” банд­лари би­лан тўғри малакалаган деб топди.

Шу ўринда Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига тўхталиш жоиз кўринади. Ушбу моддада иш бў­йича исботланиши лозим бўл­­­ган барча ҳолатлар синч­ковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қи­лишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қи­ладиган, ҳам оқ­лай­ди­ган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳо­латлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги кўр­са­тил­ган.

Ушбу кодекснинг 23-моддасига кў­ра, айбсизликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имко­ният­лари тугаган бўл­са, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фой­да­си­га ҳал қилиниши керак.

Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айб­ла­нув­чи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қи­линмоғи лозим.

Қонуннинг ушбу талабларини қайд этишдан мақсад шундаки, иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга қараганда, судланувчи С. Нажимованинг вояга етмаган қизи З. Нажимовани ҳовлисида майда шохли моллар сақлаш учун мўлжалланган қўрага қамаб қўйганлиги ҳо­лати бирон-бир далил билан ис­ботини топмади. Қо­ла­вер­­са, қонун талабига кў­ра, суд­ла­нув­чининг жиноят­ содир этишдаги ҳаракатлари фақат суд муҳокамаси давомида исбот қилинган далилларга асосланиши керак.

Бундай ҳолатда судланувчи С. Нажимова вояга етмаган қизи Зулхуморни майда шохли молларни сақлаш учун мўлжалланган қўрага қа­­маб қўйган, деб бўлмайди. Шу сабабли суд дастлабки тергов ор­гани томонидан судланувчига нисбатан эълон қи­линган айблов таркибидан унинг «ҳовлисининг майда шохли моллар сақлаш учун мўл­жалланган қў­расига қамаб» жумласини чиқаришни лозим топди.

Суд судланувчи С. Нажимовага жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 50-моддаси 10-қисмидаги «Иж­ти­моий хавфи катта бўлмаган жи­ноят­ содир этганлик, эҳ­тиётсизлик оқи­батида жи­­­­ноят содир этганлик ва қасд­дан ун­ча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқи­га эга бўлган шахсларга нисбатан та­йинланмайди» деган қои­дага амал қилди.

Судланувчи С. Нажимова то­монидан содир этилган жи­ноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Иккинчидан эса, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорининг 2019 йил 23 де­кабр­даги хулосасида С. Нажимованинг ҳомиладор эканлиги кўр­сатилган. Содир этилган ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти юқори, албатта. Бироқ жи­ноят­ ишида судланувчининг айбини оғир­­­лаш­ти­рувчи ҳо­латлар бўл­ма­ган­лиги сабабли суд фарзандига зулм қил­­­­ган бемеҳр она С. Нажимовага тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади ва суд ҳукми билан унга тақиқлар юклатилди.

Воқеа тафсилотлари кишини бефарқ қолдирмайди, мулоҳаза ва му­шо­ҳада қи­лишга ундайди. Шундай паллада кўпчиликка маълум бир фикр кўн­гилдан кечади: кимдир тирноққа зор, кимдир боладан безор.

Сарвинозга судда сўнг­ги сўз берилганда, қилмишидан қаттиқ пушаймонда эканлигини айтиб, ўзига енгиллик беришларини сўради. Шу билан биргаликда у Зулхуморни боқиш учун шароити йўқлиги, бош­қа оилага тарбиялаш учун беришга розилигини билдирди.

Тўғри, элда яхшилар кўп, меҳр-оқи­батли, болапарвар инсонлар қалбининг иссиқ тафтидан Зулхумор баҳраманд бўлади, вояга етади. Муносиб тарбия топиб, у келгусида жамиятда ўз ўр­нини эгаллайди.

 

 

Фаррух ҚАҲҲОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Конимех тумани судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: