ҚАЛТИС ЙЎЛ ТЎРТ НАФАР АДАШГАН КИМСАНИ МУҚАРРАР ЖАЗОГА ЕТАКЛАДИ

Одатда, одамларни бир-бирига эзгу ният, беғараз орзу-умид, ҳалоллик ва покликни кўзловчи олижаноб мақсадлар боғлаб туради. Бу каби дўстлик ва биродарликка ҳамма ҳавас билан қарайди. Бирон-бир илинж, манфаатни кўзламаган ҳолда куртак ёзган дўстлик дарахтининг умри боқий бўлади. Аксинча, таъма ва шахсий манфаатга асосланган «дўстлик» узоққа чўзилмайди. ўараз ниятни кўзлаган кимсалар бир-бири билан пинҳона тарзда тил топишади.

Ҳазорасплик Зафар Жумабоев, боғотлик Ғафур Хўжақов, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи Маҳмуд Аҳ­медов ва Абдуҳолиқ Аметовдан иборат жиноий гуруҳни айнан шундай ғаразли ният бирлаштирди. Афсуски, улар соф ва одамийликка йўғрилган эзгу ҳис-туйғуларга эмас, аксинча, ғаразли ўй-фикрлар, меҳнатсиз бойлик топиш, тор шахсий манфаатни кўз­ловчи саробга таянишди. Бу жиноий гуруҳга бош қўшганлар «дўппи тор» келганида ҳатто бир-бирига тузоқ қўйишдан ҳам то­йиш­мади.

Ҳазорасплик Зафар Жумабоев гиёҳванд ва гиёҳфурушликка муккасидан кетгани боис кўпчиликка отнинг қаш­қасидек яхши таниш эди. Оилали ва уч нафар фарзандли бу кимса иккинчи гуруҳ ногирони, нафақа таъминотига эга бўлса-да, жиноий қилмишдан ўзини тия олмади. 2017 йил қонуний жавобгарликка тортилиб, муқаррар жазога маҳкум этилгач, жабрланувчидан кечирим сўраб, қилмишига пушаймонлик билдирди. Шу боис Жиноят кодексининг ярашувга оид 66-1-моддасига биноан жазодан озод қилинди. Ам­мо у бундан тўғри хулоса чиқариш ўрнига яна­ жиноятга қўл урди. 2021 йил май ойида Жиноят кодексининг гиёҳвандлик моддалари олди-соттисига доир 273-моддаси 5-қис­ми ҳамда ушбу тоифадаги қилмишни охиригача етказа олмаганликни ифо­даловчи 25,273-моддаси 5-қисми билан жавобгарликка тортилди. Лекин бу гал у муқаррар жа­зодан қочиб қутула олмади. Ўтган йилнинг 24 май куни гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси тайинланди.

Айнан шундай тарздаги эҳтиёт чораси қорақалпоғистонлик Маҳмуд Аҳмедовга нисбатан ҳам қўлланилди. 1965 йилда Тўрткўл туманида туғилган бу кимса ҳаётда бирон-бир касбнинг этагини тутмади, умрини бекорчиликда ўтказди. Энг ёмо­ни, оиланинг ҳам қадрига етмади, уч нафар фарзандининг тақдирини ўйламай турмуш ўр­тоғи билан ажрашди. 1949 йилда туғилган Абдуҳолик Аметов ҳам ёши бир жойга борганига қарамай содир этган жиноий қилмиши учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди. Унга набиралари қуршовида кексалик гаштини суриш насиб этмади. Аслида унинг ўтган умрига ҳавас қилиб бўлмайди. У гарчи нуфузли олий таълим даргоҳида таълим олган бўлса-да, ҳаётдан сабоқ ололмади. Оқибатда ҳали навқиронлик пайтидаёқ тўғри йўлдан адашиб, гиёҳфурушлик кўчасига кирди. 2007 йилда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Афсуски, у тавбасига таянмади ва ҳамтовоқлари қатори жорий йилнинг май ойида такроран ҳибсга олинди. Оиласи ва 4 нафар вояга етган фарзандлари олдида яна иснодга қолди.

Бу жараёнда Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган айб 1971 йилда туғилган боғотлик ўафур Хўжақовни ҳам ўз домига тортди. У ўзининг ярим асрлик умрини ҳалол меҳнатдан анча узоқда ўтказди. Ҳаётнинг ёруғ манзиллари сари интилмаган киши қо­ронғу, қалтис ва боши берк кўчаларга осонгина киради. Буни Ғ. Хўжақовнинг ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин. Унинг кўнгли ҳалоллик ва покликдан кўра ҳаром-ҳаришни кўп­роқ тусади, сўқир кўзи алдамчи саробни кўрди ва номлари юқо­рида қайд этилган гумроҳлар қатори жирканч қилмишга қўл урди. Суд ҳукмига кўра, у ҳаётининг муайян­ қисмини ҳибсда ўтказадиган бўлди.

Содир этилган жиноят эса, ҳамтовоқлар тарафидан ўйлаб топилган ғаразли ниятнинг машъум ва мантиқий ҳосиласи бўлди. Гап шундаки, 2021 йилда З. Жумабоев асабга кучли таъсир қилувчи «Трамадол» ва «Трамадол Ланнахер» психотроп дори воситасини Боғот туманида яшовчи жиноий гуруҳ гумаштаси Ғ. Хўжақовга сотиш билан шуғулланган.

Ўтган йилнинг 18 март куни З. Жумабоев ана шундай дори воситаларини Ҳазорасп туманидаги «Тошсоқа» назорат маскани орқали Хоразм вилоятига олиб киришга уринганда қўлга олинди. Назорат маскани ходимларининг синчковлиги туфайли оғир оқибатли жиноий қилмишнинг олди олинди. Бу жараёнда З. Жумабоевдан 25 дона «Трамадол Ланнахер» психот­роп дори воситаси мусодара қилинди.

Ушбу тадбир асносида унинг давомли қилмишлари ҳам фош бўлди.

Шунда жиноят занжирининг анча узун экани маълум бўлди. Чунки далилий ашё сифатида олиб қўйилган гиёҳвандлик воситаси оёқ остидан чиққан топилма эмас ва гумонланувчининг қўлига ҳам ўз-ўзидан келиб тушмаган.

Бу заҳри қотил қаердан ва кимлар томонидан олиб келингани, қайси манзилда кимлар томонидан сотилгани ҳам жумбоқ. Изқуварлар шу каби саволларга аниқ-равшан жавоб топиш ва юз берган жиноят­нинг илдизини батамом қирқиш мақсадида суриштурувни давом эттиришди.

Оғир жиноят устида қўлга тушган З. Жумабоев шу ҳақдаги саволларга жавоб берар экан, тўрткўллик Маҳмуд Аҳмедовнинг номини тилга олди ва жиноий қилмишни фош этиш учун ёрдам беришга рози эканини билдирди.

Изқуварлар унинг кўрсатмаси бўйича иш тутишди. Гумонланувчи З. Жумабоев М. Аҳмедовга қўнғироқ қилиб, атиги 2 грамм миқдоридаги «героин» зарур бўлиб қолганини айтди. М. Аҳмедов шеригининг сў­зини ерда қолдирмади, Ўз навбатида, у гуруҳнинг бошқа бир аъзоси Абдуҳолиқ Аметовга «мижози»нинг талабини бажо келтиришга кўмаклашишни сўради.

Бу таклиф ҳам қабул қилинди. 0,17 грамм оғирликдаги «ажал уруғи» — «героин» гиёҳвандлик моддаси 500 минг сўм эвазига эртасигаёқ доимий мижоз М. Аҳмедовнинг қўлига тутқазилди.

Гал яна харидга келди. Бу пайтга келиб, З. Жумабоевга сотилиши мўлжалланган «героин» гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,62 грамм, нархи эса 2 миллион 50 минг сўмга етди. Савдо пишди. Хоразмлик ва қорақалпоғистонлик гиёҳфурушларнинг қилмиши кўлами шу аснода янада ойдинлашди. Терговга жалб этилган А. Аметов вазни 3 грамм, М. Аҳмедов эса 0,11 граммга тенг «героин» гиёҳвандлик моддасини сотиш ниятида асраб қўйгани аён бўлди. Терговга жалб этилганлар сафидан Ғ. Хўжақов ҳам жой олди. Суриштирувлар натижасида унинг айбланувчи З. Жумабоев билан ўзаро тил бириктиргани маълум бўлди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, оғир ва сурункали касалликка чалиниб, 2-гуруҳ ногирони деб топилган З. Жумабоевга гарчи, гиёҳвандлик воситаси саналса-да, оғриқни қолдириш хусу­сия­тига эга бўлган «Трамадол» дорисини истеъмол қилиш тавсия этилган. Афсуски, тубанлик, меҳнатсиз мол-дунё орттириш, бойиш ҳисси саломатликдан устун келган.

Дорихонадан оладиганига қаноат қилмай, ўзини «қора бо­зор»­га урган.

Ўзига ўхшаш гиёҳфурушлардан харид қилинган заҳри қотилнинг олди-сотдиси билан шуғулланган. Бу «дори»ларга Ғ. Хўжақов ҳам бир неча бор харидор бўлган. Аммо у тубанлик бобида Ғ. Хўжақовга бас келолмаган.

Чунки Ғ. Хўжақов кўз очиб кўрган умр йўлдошининг ҳақига ҳам хиёнат қилган. Дарвоқе, унинг хотини ҳам оғир дардга чалинган. Шу сабабли шифокорларнинг тавсиясига асосан махсус рухсатнома орқали белгиланган дорихонада бепул бериладиган «Трамадол Ланнахер» таблеткаларини мунтазам истеъмол қилиб келади. Ғ. Хўжақов шифохона муассасаси томонидан хотинига тавсия қилинган мазкур дори воситасини бир неча бор З. Жумабоевдан ўзаро келишилган нарх эвазига сотиб олган. Қолган қисмини белгиланган дорихонадан текинга олиб келган.

Аммо бу билан кифоя­ланмаган ва вақти-вақти билан З. Жумабоевга мурожаат қилиб, ундан яна «Трамадол» таблеткасини со­тиб олган.

Таассуфки, бу дориларнинг атиги 2 донасини турмуш ўртоғига ра­во кўрган.

Оғир жиноий кирдикорларга қўл урган кимсаларнинг қилмишига охир-оқибат чек қўйилди. Ҳамтовоқлар режалаштирган қилмишларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олишмади. Масаланинг бу тарафи жиноий қилмишга суиқасд сифатида баҳоланди. Шу муносабат билан тергов жараёнида З. Жумабоев, М. Аҳмедов, А. Аметов, Ғ. Хўжақовнинг гиёҳфурушликка оид қилмишини Жиноят кодексининг тугалланган жиноят сифатида эътироф этишга қаратилган 273-моддаси 5 қисми бўйича эълон қилинган айб қайта муҳокама этилди. Унда мазкур кодекснинг жиноий қилмишни ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олинмаганликни ифодаловчи 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган қонунбузарлик ҳолати мавжудлиги аён бўлди. Бу ҳолат суд ҳукмида ҳам ўз ифодасини топди. Суд жараёнида З. Жумабоев айбига қисман, М. Аҳмедов, А. Аметов, Ғ. Хўжақов тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишларидан пушаймон эканини қайд этишди. Буларнинг бари жа­зони енгиллатувчи ҳолат сифатида талқин этилди. Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар топилмади. Шу боис судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексида белгиланган жазодан ҳам енгил жазо тайинлашни кўзда тутувчи 57-моддасини қўллаш мақсадга мувофиқ деб топилди. Пировардида З. Жумабоев, М. Аҳмедов ва А. Аметовга нисбатан 7 ярим йил, Ғ. Хўжақовга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ашаддий гиёҳванд З. Жумабоев жазони ўташ жойида мажбуран даволанадиган бўлди.

Шу тариқа нопок йўллар билан бойлик орттириш эвазига ўзгалар ҳаёти ва соғ­лигини издан чиқаришга қаратилган жиноятга қонуний жазо тайинланди. Бинобарин, ҳаётнинг олтин қои­даси шундай: яхшилик ва эзгулик излаганлар муродга етади, ёмонлик ва ёвузликни қум­саганлар эса, қилмишларининг азобини тортишади, эл назаридан қолишади. Баён этилган воқеа тафсилоти ҳам бунинг исботидир.

 

 

Жамол Жуманиёзов,

жиноят ишлари бўйича

Янгиариқ тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: