ҒАЙРИҚОНУНИЙ ҚАРОР СУД ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНДИ

Сўнгги пайтларда туман, шаҳар ҳокимлари томонидан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказадиган ноқонуний қарорлар қабул қилиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Статистик маълумотларига кўра, 2021 йилда ҳокимларнинг 2 184 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг навбатдаги суд мажлиси ана шундай қа­рорлардан бири юзасидан бў­либ ўтди.

Суд жараёнида маълум бўлишича, 2021 йил 4 майда Фарғона шаҳар ҳокимининг 332-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат билан Фарғона шаҳри, Фарғона кўчаси, 47-сонли кўп қаватли уй ёнидаги 400 квадрат метр ер майдони давлат-хусусий шерикчилик асосида тўрт қаватли бино (биринчи қаватининг бир қисмида «Мурувват» маҳалла фуқаролар йиғини маъмурияти ва профилактика инспектори учун маъмурий хоналар қуриб бериш шарти билан қолган қаватларида турар-жой биноси) қуриш, шунингдек, туташ ҳудудни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш мақсадида Давлатжон Ўрайимовга ажратиб берилган. Ўз навбатида, Д. Ўрайимов қурилиш ишларини бошлаб юборган.

Аммо қўшни 45, 49-уй бошқарувчилари ва бир гуруҳ фуқаролар ажратилган ер майдони умумий фойдаланишдаги жой экани, шаҳар ҳокимининг қарори нотўғри қабул қилинганини таъкидлаган ҳолда, қурилишни тўхтатишни сўраб, Фарғона шаҳар прокуратурасига мурожаат этишди.

Албатта, ушбу мурожаат шаҳар прокуратураси томонидан мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганиб чиқилди. Аниқроқ айтганда, прокуратура талабномасига асосан Фарғона шаҳар санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мудири Ш. Маматова, Фарғона вилоя­ти қу­ри­лиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мутахассиси М. Асролов, Фар­ғона шаҳар қурилиш бўлими мутахассиси Ж. Солиев иштирокида ушбу ҳо­лат ўрганиб чиқилди. Ўр­ганиш натижасига кўра, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2021 йил 4 майдаги 332-сонли қа­рори амалдаги қо­нун ҳужжатлари талабларига зид равишда қабул қилингани ҳақида далолатнома тузилди. Пировардида 2021 йил 14 июль куни Фарғона шаҳар прокуратураси ушбу қарорни бекор қилиш ҳақида Фарғона шаҳар ҳокимлигига протест киритган.

Шаҳар ҳокимлигининг маълум қи­лишича, Фарғона шаҳар «Мурувват» маҳалла фуқаролар йиғини ва Давлатжон Ўрайимов ўртасида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шерикчилик шарт­лари асосида қуриш бўйича битим тузилгани сабабли Фар­­ғона шаҳар прокуратурасининг протести қисман қаноатлантирилган.

Аниқроғи, шаҳар ҳокими қарори қо­нун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилиб, бу борада 2021 йил 6 август куни Фарғона шаҳар ҳокимининг 105-11-169-Q/21-сонли қарори қа­бул қилинган. Бироқ шаҳар прокуратураси бу қарорни ҳам қонун талабига зид деб ҳисоблаган.

Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2021 йил 4 майдаги 332-сонли ва 2021 йил 6 августдаги 105-11-169Q/21-сонли қарор­ла­ри­ни­ ҳа­қи­қий эмас, деб топишни сўраган.

Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2009 йил 23 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш шаҳарсозлик нормалари ва қои­дала­ри»нинг 21-бандида мавжуд мавзеларнинг кўп хонадонли бинолари оралиғида, махсус бино ва иншоотлардан (спорт майдонлари, болалар ўйин майдончалари, кийим-кечак қуритиш майдончалари, автомобилларнинг вақтинчалик тўхташ жойлари) ташқари ҳар қандай бош­қа мақсадли объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 67-моддасига биноан, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираёт­ган ҳолатларни исботлаши керак.

Лекин суд мажлисида Фарғона шаҳар ҳокимлиги ва Д. Ўрайимов ўз талаб ҳамда эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаб бера олишмади.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасида «Протест ғайриқонуний ҳуқу­қий ҳужжат чиқарган идора ёки юқори турувчи идора томонидан рад этилган тақдирда, шунингдек, протест қонунда белгиланган муддат ичида қараб чиқилмаган тақдирда, прокурор тегишли судга ана шу ҳужжатни ғайриқонуний деб эътироф этиш тўғ­рисидаги ариза билан мурожаат қи­лишга ҳақлидир. Судга ариза протест рад этилганлиги тўғ­рисидаги ах­борот тақдим қи­линган пайтдан бошлаб бир ойлик муддат ичида ёки қа­раб чиқиш учун қонунда белгиланган муддат ўтганидан кейин берилиши мумкин» дея қайд этилган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, суд низолашилаётган қа­рор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлиги ва аризачининг ҳуқуқлари ҳам­да қонун билан қў­риқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, маъмурий орган, унинг мансабдор шахси қарорини тўлиқ ёки муайян қисмини ҳақиқий эмас, ҳаракатини (ҳа­ракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бинобарин, суд Фарғона шаҳар ҳокимининг 2021 йил 4 майдаги 332-сонли ва 2021 йил 6 ав­гус­т­даги 105-11-169-Q/21-сонли қа­рорларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғ­рисида ҳал қилув қарори қабул қил­ди.

Бош қомусимиз — мамлакатимиз Конституциясининг 20-моддасида «Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт» деб белгиланган. Шу боис туман ва шаҳар ҳокимликлари қарор қа­бул қилишда мазкур конституциявий қоидани эъ­тибордан четда қолдирмасликлари шарт. Акс ҳолда баён этилгани каби ортиқча оворагарчиликлар юзага келади.

 

 

Солижон ҚУРБОНОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: