ЎҒРИГА АЙЛАНГАН ҚЎРИҚЧИ

Ҳеч кимга сир эмас, инсон эл-юрт олдида ҳамиша ёруғ юз билан юриши аввало унинг тарбиясига боғлиқ. Ҳар бир қадамни ўйлаб босиш, ўз-ўзини назорат қилиб бориш тарбия маҳсулидир.

Ҳаётда шундай қинғир ишлар бўладики, у ҳақда эшитган вақтимизда беихтиёр «Туппа-тузук йигит эди-ку, ни­ма жин уриб номақбул ишларни қилибди?» — дея ҳайрон қо­ламиз. Аслида бунинг сабаби ўз вақтида тарбияда йўл қў­йилган кемтикликка бориб тақалади. Суд амалиётида бунга мисоллар етарлича топилади.

Жиноят ишлари бўйича Сир­ғали тумани судининг қо­ра курсисида ўтирган Акмал (исмлар ўзгартирилган) ҳақи­да уни таниган-билганлар ях­ши фикрларни айтиши мум­кин. Унинг ўғрилик қи­­ли­шини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Гап шундаки, у «Ўз­бе­кистон темир йўллари» акциядорлик жа­миятига қарашли корхонада қўриқчи лавозимда ишлаб, озми-кўп­ми ҳамкасбларининг ишончини қо­зона ол­ган.

Кунларнинг бирида ундан ҳамкасби Тўрабек телефонига «Click» дастурини ўр­натиб бе­риш­ни сў­райди. Телефонга бундай хизматларни қандай ўрнатишни яхши тушунмаслигини айтиб, унга ўзининг телефонини ва пластик картасини ташлаб кетади.

Бундан Акмал «унумли» фойдаланиб қолмоқчи бўлади. У ҳеч иккиланмай ўзининг телефонидаги «Оson» дастурига ҳам­кас­би­­нинг пластик картаси рақамларини ўрнатиб олади.

Орадан тахминан 10 кун ўтгач, ик­ки марта Тўрабекнинг плас­тик картасидан 5 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини ечиб олади.

Сўнгра танишидан олган 4 миллион 500 минг сўм қарзини узади.

Лекин чучварани хом санаган Акмал суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлди.

Хулоса шуки, ҳаёт йўллари мураккаб бўлиб, ҳамма унда учрайдиган муаммоларнинг тезроқ ҳал бўлишини истайди. Лекин бунда инсоннинг қай даражада вазмин бўла олиши, ўзини назорат қилиши, мулоҳаза билан иш тутиши олган тарбиясига боғ­лиқ. Зеро, тарбия ҳаёт-ма­мот масаладир.

 

 

Шерзод ЮЛДАШЕВ,

Музаффар КУКИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали тумани суди судьялари

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: