ЎХШАМАГАН ТАҚЛИД ЁХУД БАНКОМАТ ЎҒРИСИ

Хорижий кино филмларда сейфларни ўмариш саҳнаси кўп бора тасвирга олинган. Ҳам қизиқарли, ҳам кулгили бўлган бундай фильмларда талончилар мўмай даромадга эга бўлиш учун нималар қилишмайди дейсиз?!

«Оушеннинг ўн бир дўсти», «Оушеннинг ўн ик­­ки дўсти», «Оушеннинг ўн уч дўсти» каби фильмлар қинғир ишга қўл урган жиноятчиларнинг қандай фош этилгани ҳақида ҳикоя қилади.

Албатта, ҳаёт кино­фильм­лардан фарқ қилади. Лекин ҳаётда баъзан айни фильм эпизодларига ўхшаш жиноятлар ҳам учраб туради.

Яқинда жиноят ишлари бў­йича Яккасарой тумани судида кўриб чиқилган қуйидаги жиноят иши бунинг ёрқин мисоли.

Акмал Баротов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай филмларни кўп кўр­ган шекилли, 2020 йил 27 ноя­брда тунги пайт банк хизматлари офиси биноси ёни­да жойлашган банкоматлар ичидаги пулни ўғирлашни кўзлади.

У банкоматнинг паст қисмида жойлашган металл эшикни очиб, унинг ичида турган пул солинган қопни куч билан суғуриб олади.

Акмал уйга келиб, қопдаги пулни санаганда, 87 миллион 178 минг сўм экани маълум бўлади. У таниши Нодирадан яқинда бўлиб ўтадиган никоҳ тў­йи учун 60 миллион қарз олган эди. Ўғри қарзини қайтариб, қолган пул­ни тўй харажатларига иш­латиб юборади.

Оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг пойдеворини қаллоблик ор­қали қурган Акмал жиноий ҳаракатларини яна давом эттиради. У жи­ноий­ режасига мувофиқ шу йилнинг 9 январь куни тунда юзига қора ниқоб тақиб, банк банкоматини ўмаришга киришади. Дастлаб банкомат жойлашган хонага кириб, ёритгич чироқларини ўчиради, электр симларни узиб, банкоматнинг металл эшикларини очишга ҳа­ракат қи­лади. Аммо бу гал бунинг уддасидан чиқолмайди.

Нафси ҳакалак отган Акмал орадан тўрт кун ўтгач, бошқа банк банкоматини ўмармоқчи бўл­а­ди. Махсус кесувчи ускуна ёрдамида банкоматнинг темир эшигини қир­қа бошлайди. Бироқ шу пайт кўчадан нотаниш ки­ши ўтиб қолади ва ускунанинг овозини эшитиб, Акмалдан нима иш қилаётганини сўрайди.

Бундан саросимага тушган жи­ноят­чи қо­чишга уринади. Орадан кўп ўт­май ички ишлар бў­лими ходимлари томонидан қўлга олинган Акмалга нисбатан жи­ноят­ иши очилади.

Ҳа, ҳаёт кино эмас. Ҳаётда ўйламай босилган ҳар бир қа­дамга жавоб беришга тўғ­ри келади. Ак­мал ҳам содир этган жинояти учун қонун олдида жавоб берди. Суд унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

 

 

Санжар ИБОДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой тумани

суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: