ЎТКАЗИБ ЮБОРИЛГАН МУДДАТ ДАЪВОНИНГ РАД ЭТИЛИШИГА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, амалдаги қонунчиликда «даъво муддати» деган тушунча бор. Аниқроқ айтганда, Фуқаролик кодексининг 149-моддасига биноан, даъво муддати — шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Суд амалиётида, хусусан, фуқаролик ишларини кўришда даъво муддати муҳим аҳамият касб этади. Аммо судга мурожаат қилаётган барча даъвогарлар ҳам бунга қатъий риоя этаверишмайди.

Масалан, «LORATAL» масъулияти чекланган жамиятининг марказий омборхонаси мудири лавозимида ишлаган Абдурасул Шодиевга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига киритган даъво аризасини кўриш жараёнида бу ҳолат яна бир карра ўз тасдиғини топди.

Келинг, аввало «LORATAL» масъу­лия­ти чекланган жа­мия­ти билан А. Шодиев ўртасида юзага келган низо тафсилотига тўхталсак.

Аниқланишича, кор­хона­ раҳбарининг 2019 йил 22 майдаги 51К-сонли буйруғига асосан Абдурасул Шодиев марказий омборхона мудири лавозимига ишга қабул қилинган. А. Шодиев ва «LORATAL» масъулия­ти чекланган жамияти ўртасида тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома ҳам тузилган. Ушбу шартномага мувофиқ, марказий омбор мудири корхона томонидан ишониб топширилган моддий қимматликларни бут сақланишини таъминлаш юзасидан ўз зиммасига тўлиқ моддий жавобгарликни олган. Орадан 5 ойдан кўпроқ вақт ўтгач, кор­хона­ раҳбарининг 2019 йил 7 ноябр­даги 161-сонли буйруғига кўра, марказий омборхонадаги товар моддий бойликлар саноқдан ўтказилган. Натижада 59 995 824 сўм миқдорида камомад аниқланган. Аммо омбор мудири ушбу камомадни тан олмаган. Шундай бўлса-да, корхона­ раҳбарининг 2019 йил 12 ноябрдаги 139-сонли буйруғига асосан А. Шодиев билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-банди 2-қис­ми қўлланган ҳолда бекор қилинган.

Буни қарангки, орадан ик­ки йилга яқин вақт ўтгач, яъни 2021 йилнинг октябрь ойида «LORATAL» масъулияти чекланган жамияти Абдурасул Шодиев­дан юқоридаги камомадни моддий зарар тарзида ундириш тўғрисида судга даъво киритган.

— Ишга кирган пайтимда менга топшириш-қабул қи­лиш далолатномасисиз омборни топширишди. Ўша пайтда 279 000 000 сўмлик камомад мавжуд бўлган. Қолаверса, «Левастал» дори во­­сита­сининг маълум қисми менинг на­­зоратимсиз корхона­нинг Сирдарё филиалига бериб юборилган. Бу ҳолат текширув жараёнида аниқланиб, дори воситасининг 400 донаси марказий омборхонага қайтариб олиб келинди, — дея А. Шодиев даъво муддатини қўллаган ҳолда даъво талабини рад қилишни сўради.

Айтиш керакки, Меҳнат кодексининг 186-моддасига мувофиқ, меҳнат шарт­номаси­нинг бир тарафи ўзининг ғайриҳуқуқий айбли хулқ-атвори (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) натижасида бошқа тарафга етказган зарари учун, башарти ушбу кодексда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, моддий жавобгар бўлади. Тарафларнинг ҳар бири ўзига етказилган моддий зарарнинг миқдорини исботлаб бериши шарт.

Шунингдек, кодекснинг 270-моддасига биноан ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳа­қи­даги низолар бўйича зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўл­ган кундан бошлаб бир йил муддатда судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этилиши лозим.

Фуқаролик кодексининг 153-моддасига асосан бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўт­ганли­гидан қатъи назар, судда кў­риб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қа­рор чиқариши учун асос бўлади. Шу боис суд жавобгар Абдурасул Шо­диев­нинг даъво муддатини қўллаган ҳолда даъвони рад қилиш ҳақидаги талабини асосли деб ҳисоблади. Чунки даъвогар унинг моддий зарар етказилганлигини 2019 йил ноябрь ойида билган. Лекин даъво муддатини узр­ли сабабларсиз ўтказиб юборган. Ана шу асосларга таянган суд «LORATAL» масъулияти чекланган жамиятининг даъвосини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Бироқ даъвогар ва жавобгарнинг шикоятлари асосида мазкур фуқаролик иши Олий судгача етиб борди. Олий суднинг 2022 йил 15 февралдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг даъво муддати қўлланган ҳолда даъвони рад этиш хусусидаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай шахс судга даъво ариза билан мурожаат қилишдан олдин ўзининг нечоғлик ҳақ ёки ноҳақ эканлигини қонун тарозисида ўлчаши лозим. Шунда ортиқча овворагарчиликка ўрин қолмайди.

 

 

Нодира ЗИЯЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Зангиота туманлараро суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: