ЎСИМЛИК ДУНЁСИГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР: ЖАВОБГАРЛАР ТОМОНИДАН БЕЛГИЛАНГАН ТАРТИБДА ҚОПЛАНИШИ ЛОЗИМ

Маълумки, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни санитария нуқтаи назаридан кесиш учун рухсатнома маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан берилади. Ушбу қоида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 18-бандида қайд этилган.

Хўш, ушбу тартибни бузиш қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келади? Бу саволга суд амалиёти таҳлили мисолида жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Сирдарё йўл қуриш-таъмирлаш унитар корхонаси ҳисобидан 60 миллион 636 минг 543 сўм етказилган зарарни ундириб беришни сўраган.

Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар томонидан 2022 йил 21 июлда ўтказилган тадбирда Сайхунобод тумани, Сайхун шаҳарчаси, Равонлик кўчаси четида кўкариб турган 3 туп шумтол, 2 туп чинор, 1 туп терак, 2 туп қайрағоч ва 1 туп арча – жами 13 туп манзарали дарахтлар жавобгар А. Я. томонидан ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланган.

Айни ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилган. Унда дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга етказилган зарар юқорида кўрсатилган миқдорни ташкил қилиши қайд этилган.

Аниқланган ҳолат бўйича даъвогар томонидан А. Я. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси биринчи қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, у маъмурий жавобгарликка тортилган. Бироқ даъвогарнинг судга қадар зарарни ихтиёрий равишда тўлаб бериш ҳақидаги талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Суд муҳокамаси жараёнида жавобгар вакиллари даъвогар томонидан корхонага нисбатан асоссиз даъво аризаси киритилганини таъкидлашди.

Шундай бўлса-да, А. Я. Сирдарё вилоят прокурори номига ёзган тушунтириш хатида туман марказидаги Алишер Навоий ва Равонлик кўчаларидаги дарахтлар халқ депутатлари туман Кенгашининг 2021 йил 31 октябрдаги қарорига асосан кесилгани, ушбу қарорда жами 240 туп кўп йиллик қуриб қолган мевали ҳамда манзарали дарахтлар ўрнига янгисини экиш шарти билан кесиб ташланиши белгилангани, 13 туп дарахтни кесиш ҳақида экологик хулоса олиш масаласида хабари бўлмаганини билдирди.

Даъвогар томонидан ўтказилган тадбирда ўша 13 туп дарахтнинг А. Я. раҳбарлигида кесилгани ҳолати Сирдарё вилояти прокурори номига жавобгар директори С. Х., туман ҳокими ўринбосари, Сайхунобод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори, бош муҳандиси ва бошқаларнинг берган тушунтириш хатлари, дарахтлар кесилган ҳудудга чиқиб аниқлик киритиш тўғрисидаги далолатнома ҳамда бошқа иш ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топди.

Гарчи туман ҳокимининг 2021 йил 4 майдаги қарорига асосан 2021 йил 5 майда 225 туп дарахтни кесиш тўғрисидаги рухсатнома «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўл­ларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» Давлат унитар корхонасига берилган бўлса-да, бироқ жавобгар томонидан Равонлик кўчасидаги 13 туп дарахт рухсатномасиз кесилган.

Суд муҳокамаси жараёнида жавобгар ана шу 13 туп дарахтнинг рухсатномасиз кесилганлиги ҳолатини инкор этувчи ҳужжатли далилларни тақдим этолмади.

Бинобарин, Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Шу сабабли биринчи инс­танция суди даъвогарнинг жавобгардан етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъво талабини асосли деб топиб, уни қаноатлантирди.

Вилоят суди апелляция инс­танциясининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Аниқроқ айтганда, апелляция инстанцияси «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғ­рисида»ги қонуннинг 37-моддаси иккинчи қисми ҳамда «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсим­лик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 75-банди, шунингдек, 14-19-иловалари талабларини инобатга олган ҳолда, жами 13 туп дарахт рухсатномасиз кесилгани ҳолати судга тақдим этилган далиллар билан ўз тасдиғини топгани учун биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган, деб ҳи­соблади.

Зеро, юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаши шарт. Зарарнинг ўрнини қоплаш айбдор шахсларни қонунга мувофиқ жавобгарликдан озод этмайди.

 

 

Элёрбек Соибназаров,

Сирдарё вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: