ЎН ИККИ ЙИЛЛИК МУАММО СУДДА ҚОНУНИЙ ВА АДОЛАТЛИ ЕЧИМ ТОПДИ

Маълумки, Конституциямизнинг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади» дея қайд этилган. Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, ушбу конституциявий тамойил ҳар бир суд мажлисида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Мисол учун айтганда, Фар­ғона шаҳрининг Саноат кўчасида истиқомат қилувчи Зулфия Собированинг бузилган ҳу­қуқлари ҳам суд орқали тик­ланди.

З. Собирова сўнгги 12 йил мобайнида бир ноҳақликдан азият чекиб келаётганди. Аниқроқ айтганда, ша­ҳарнинг Усмон Юсупов кўчасида жойлашган 5-сонли ҳов­ли-жой З. Собировага тегишли эди. Шу боис 2003 йил 18 сентябрда унинг номига РК1-1544-сонли мерос гувоҳномаси берилиб, 2003 йил 22 октябрда 0542822-рақамли гувоҳнома билан давлат рўйхатидан ўтказилганди. Аммо 2008 йилда 292 метр квадратдан иборат ушбу уй-жой на шаҳар, на вилоят ҳокими қарорисиз бузиб ташланган.

Натижада уй-жойнинг қиймати ҳам тўлаб берилмаган, унга мутаносиб равишда ер майдони ҳам ажратилмаган. Фақатгина Фарғона шаҳар ҳокимлигининг шаҳарсозлик қурилиши кенгашининг 2009 йил 5 июндаги йиғилиш баёнига асосан, Усмон Юсупов ва Қори Ниёзий кўчалари кесишмасидаги бузилган турар ҳам­да нотурар бино-иншоотлар эгаларига ер майдонлари ажратилиши белгиланган, холос. Шунга биноан, Зулфия Собировага ҳам 48 метр квадрат ер ажратилиши қайд этилган.

Ҳатто 2012 йил 12 сентябр­да Фар­ғона ви­лоят­ «Ермулккадастр» давлат корхонасининг Фарғона шаҳар филиали томонидан юқоридаги йи­ғи­лиш баёни асосида ҳужжатларни расмийлаштириш юза­сидан шаҳар ҳокимлигига 1688-сонли алоқа хати ҳам юборилган. Бироқ ҳар иккала ҳужжат ижроси таъминланмаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган ўн икки йил мобайнида З. Собирова турли идораларга қай­та-қайта мурожаат қилмасин, барибир муаммо ҳал бўлмаган. Хусусан, у Фарғона шаҳар адлия бўлимига мурожаат қи­либ, шу хусусда амалий ёр­дам сўради.

Шундан сўнг шаҳар адлия бўлими томонидан З. Собированинг манфаатини кўз­лаб, Фарғона шаҳар маъмурий судига шикоят ариза киритилди. Фарғона шаҳар адлия бўлимининг аризасида Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участ­калари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом» (мазкур қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноя­брдаги «Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мулк ҳуқуқ­лари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участ­каларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, 2020 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган) нинг бир неча бандлари бузилгани қайд этилиб, шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатсизлигини қо­нунга хилоф деб топиш ҳамда ҳокимлик зиммасига бузилган ҳов­ли-жой эвазига ер майдони ажратиб бериш мажбуриятини юклаш сўралган.

Дарҳақиқат, юқорида қайд этилган Низомнинг 8-бандига биноан, ер участкаларининг давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулки бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, кўрсатиб ўтилган фуқароларга ер участкасини олиб қўйиш ер участ­касини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участ­касини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш шарти билан амалга оширилади.

Бундан ташқари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги кодекснинг 27-моддасида суд давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ор­ганларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш ор­ганларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши, 189-моддасида эса, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқ­лари ва қо­нун билан қў­риқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарор ёки унинг айрим қисмларини ҳа­қи­қий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қо­нунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда, суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қо­нунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларини юклаши белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиб, ҳокимлик зиммасига З. Собировага бузилган ҳовли-жойининг ер майдонига тенг қийматдаги — 292 метр квадратдан иборат ер майдонини ажратиш мажбурия­тини юклаш тўғ­рисида қарор қабул қилди.

Шу тариқа суд қарори билан фуқарони йиллар мобайнида қийнаб келган муаммо ечим топди. Энди эса, Фарғона шаҳар ҳо­кимлиги суд қарори ижросини таъминласа бўл­ди. Зеро, Бош Қомусимизнинг 114-моддасида таъкидланганидек, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахс­лар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

 

Солижон ҚУРБОНОВ,

Фарғона шаҳар

маъмурий судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: