ЎЙИНДАН ЧИҚҚАН ЎТ ҚЎШНИЛАР ОРАСИГА НИФОҚ СОЛДИ

Инсоф-диёнатли одам ўзганинг ҳақига ҳеч қачон хиёнат қилмайди, бировга зиён-заҳмат етказмайди. Башарти, ўз қилмиши, эҳтиётсизлиги оқибатида ўзгаларга зиён етса, минг узр-ла мадад ва ёрдамга отланади, йўқотишнинг ўрнини қоплаш, дардига малҳам бўлишга интилади.

Эл-юрт ҳам шундай фа­зилатли одамларни қадрлайди.

Ҳазорасп туманидаги Янгибозор қишлоғининг «Алоқали кўл» маҳалласида яшовчи Ёр­қиной Отаназарова ва Нигора Тўраева (исм-шарифлар ўзгартирилди) инсонийликнинг ушбу фарзини адо этишга ожизлик қилишди.

Ўзгага етказилган зарарни қоплаш, шу аснода айбини оқ­лашга кўпам шошилишмади.

Уларнинг қилмишидан қўш­ниси Отабек Маткаримовнинг хонадони кўрган зиённи хаспўшлашнинг иложи йўқ. Инсофли одам ўз айби туфайли келиб чиққан зиённи зудлик билан бартараф этади. Молини гаровга қўйиб бўлса-да, қарзини узади. Афсуски, Ё. Отаназарова ва Н. Тўраева нақд 4 миллион 360 минг сўмлик зиённи ўз вақтида қопламади. Бу зарарнинг етказилишига назоратсиз қолдирилган болакайларнинг ўйинқароқлиги сабаб бўлди.

Уларнинг фарзандлари С. Ибодуллаев ва С. Жуманазаров оловнинг кучини оддий гугурт кў­ма­гида синаб кўришга уринишди. Ҳали 10 ёшга ҳам тўлмаган болалар оловнинг тилсиз ёв эканини қаёқдан ҳам билишсин? Ўша куни О. Маткаримовга қарашли ҳали қу­риб битказилмаган бинода болакайлар уйларидан яширинча олиб чиқилган гугурт­нинг кучини синаб кўр­моқчи бўлишди. Нозиккина гугурт чўпига қамалган олов бир пасда даҳшатли офатга айланди. Хайриятки, болакайларга зиён етмади. Бироқ яқиндагина хоналарга ўрнатилган янги дераза ва эшиклар бир неча сониядаёқ ёниб кулга айланди. Бундан келиб чиққан зиён миқдори 4,6 миллион сўмни ташкил этди. Иморат эгаси ушбу зиённи бо­лаларнинг ота-онаси қоплашини кўп кутди. Лекин улар бунга шошилишмади. Бир неча ойларга чў­зилган сабр онлари ниҳоят поёнига етди. Масала туман ҳо­кимлиги қо­шидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия эътиборига ҳавола этилди. Шунда янги қу­рилган иморатда содир бўлган нохуш ҳо­дисанинг барча тафсилоти янада ойдинлашди. Маълум бў­лишича, машъум ёнғин чиндан ҳам, қа­ровсиз ва назоратсиз қолдирилган болаларнинг қилмиши туфайли содир бўл­ган. Бу ҳол туман ёнғин хавфсизлиги идорасининг хулосасида ҳам ўз ифодасини топган. Айб ўз болаларини қа­ровсиз ва назоратсиз қолдирган ота-оналар зиммасига тушди. Шу юзадан чиқарилган қа­рорга мувофиқ Ё. Отаназарова ва Н. Тўраевага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий жарима жазоси тайинланган. Ам­мо бундан бирон-бир натижа чиқмади. Жаримага тортилганлар қўш­ни хонадонга етказилган зарарни қоплаш нарёқда турсин, ҳатто ваколатли комиссия қарорини ҳам бажаришмади.

Шу боис ушбу масала судда кўриб чиқилди. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди О. Маткаримовга етказилган зарарни тўлиқ эътироф этди.

Бу даъво зарарнинг тўловига розилик билдирган жавобгар ота-оналар тарафидан ҳам тан олинди. Бироқ даъвогарнинг 2,5 миллион сўмлик маънавий зарарни ҳам қоплаш ҳақи­даги талаби жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Низо Олий суд Пленумининг «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонун­ларни қўл­лашнинг айрим масалалари тўғ­рисида» 2000 йил 28 апрелдаги қарори талаблари асосида ечим топди. Унга кўра, жавобгарлиги эътироф қи­линган Ё. Отаназарова ва Н. Тўраеванинг зиммасига 4 миллион 630 минг сўмлик моддий ва 500 минг сўмлик маънавий зиённи ўзаро тенг улушда қоплаш, давлат божи ҳам­да суд харажатларини ҳам улар ҳисобидан ундириш мажбурияти юклатилди.

 

 

Анвар Раҳимов,

Хоразм вилояти суди судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: