ЎЗГАНИНГ ҲАҚИГА ХИЁНАТ ЁХУД ОДАМ САВДОСИ ОҚИБАТИ

Бош қомусимиз — мамлакатимиз Конституциясининг 13-моддасига кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Мазкур конституциявий тамойил амалдаги қонунларимизда ҳам ўзининг теран ифодасини топган.

Хусусан, қонунларимизда инсон шаъни ва қадр-қимматига қарши содир этилган жиноятлар учун тегишли жавобгарлик белгиланган. Масалан, Жиноят кодексининг 135-140-моддаларини ўз ичига олган «Шахс­нинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар» дея номланган VI-боби ҳам бу фикримизни яқ­­қол тасдиқлайди.

Энг асосийси, судлар томонидан бундай оғир қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирсак, Самарқанд туманида яшаган Нодир Маърупов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2011 йил март ойининг бошларида Балиқчи туманида яшайдиган ҳамтовоғи Х. Солиев (у жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани су­дининг 2014 йил 11 ноябрдаги ҳук­ми билан қонуний жазога тортилган) билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда одам савдоси жиноятини содир этишади.

Гап шундаки, аввалига Х. Солиев Балиқчи туманида яшовчи таниши Д. Розиқовни, 2011 йил апрель ойининг ўрталарида А. Назаров, А. Умматов ва О. Зокировни алдаб, хорижий давлатга олиб боради. Мақсад — улардан арзон иш­чи кучи сифатида фойдаланиш эди.

— Ҳар ойда катта миқдорда иш ҳа­қи оласизлар. Турар жой ва озиқ-овқат текин, — дея у ёлғон ваъда беради.

Аммо Х. Солиев хорижий давлатга етиб келгач, тўрттала йигитнинг ҳам фуқаролик паспортини олиб қўя­ди ҳамда уларни оғир шароитда яшаш ва ишлашга мажбур қилади. Бунинг устига у Д. Розиқовнинг 2 706 200 сўм, А. Назаровнинг 7 000 000 сўм, О. Зокировнинг 7 171 430 сўм миқдоридаги иш ҳа­қини бермай ўзининг шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборади. Устига-устак, уларнинг фуқаролик пас­пор­т­и­ни ҳам қай­­тариб бермайди. Ке­йинчалик эса, Н. Маърупов жабр­ланув­чиларни қўй­нини пуч ёнғоққа тўлдириб, бошқа манзилга бошлаб боради. Аммо у ҳам худди ҳамтовоғи Х. Солиев сингари жабрланувчиларни ишлатиб, иш ҳа­қини бермайди.

Бундан ташқари Н. Маърупов ҳамтовоғи Х. Солиев билан яна жиноий тил бириктириб, 2011 йил июль ойи­га қадар Балиқчи туманида яшовчи У. Кенжаев, Б. Пўлатов, У. Назаров, М. Тешабоев, А. Комилов, Б. Комилов, И. Солиев, Х. Тўраев, М. Жўраев, М. Абдумуталов, М. Расулов, Э. Мамараҳимов, М. Болтабоев, Ф. Исмонов, Х. Кенжаев, А. Розиқовдан ҳам арзон ишчи кучи сифатида фойдаланади. Яъни уларни ҳам қоп-қоп ваъдалар бериб, алдаган кўйи хорижга олиб боради. Сўнгра уларнинг фуқаролик паспортини олиб қўйиб, оғир ишларни бажаришга мажбур қилади. Қолаверса, уларнинг 63 миллион 283 минг сўмлик иш ҳақини ўзининг ҳамёнига уради. Н. Маърупов жиноий шериги Х. Солиевнинг укаси И. Солиевни ҳам аяб ўтирмайди.

— Мен сизларни сотиб олганман, — дейди Н. Маърупов. — Шунинг учун ишлашга мажбурсизлар…

Охир-оқибат жабрланувчилар оғир қийинчилик ва машаққатларни бошдан кечириб, яхши инсонларнинг кў­маги билан ўз уйларига қайтишга муваффақ бўлишади. Шундан сўнг улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага му­рожаат қилишади. Би­нобарин, уш­бу ҳолат бўйича ўша пайтдаёқ жиноят иши қўзғатилади. Лекин Н. Маърупов хориждан қайтмагани боис унга нисбатан қидирув эълон қилинади. Бундан 5 йил муқаддам — 2017 йил 15 сентябрда унга нисбатан қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Жорий йилнинг 13 январь куни у қа­моққа олинди.

Яқинда Н. Маъруповга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судида кўриб чиқилди. Суд Н. Маъруповни Жиноят ко­дексининг 135-моддаси 2-қисми “б”, “д”, “е”, “и” бандлари билан айбдор деб топди ва қонуний жазо тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида Нодир Маъруповдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳар бир иш бўйича адолатни юзага чиқариш инсонпарварлик сиёсатига асосланган жамиятнинг ягона талабидир.

Кези келганда яна бир ҳолатни эътироф этиш жоиз. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси туфайли мамлакатимизнинг бар­ча ҳудудларида саноат, хизмат кўрсатиш ва аграр соҳаларда янгидан-янги лойиҳалар амалга жорий этилмоқда. Қолаверса, ҳар бир оилага қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер майдони ажратиб берилмоқда. Натижада минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг доимий бандлиги таъминланмоқда. Энг қувонарлиси, бу эзгу саъй-ҳаракатлар юртдошларимизнинг хорижга иш из­лаб кетишига барҳам бериб, одам савдосидек аянчли жиноятларнинг олдини олмоқда.

 

 

Фурқатжон СОБИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Балиқчи тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: