ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИГА МАЪМУРИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Олий судига маъмурий ишлар бўйича апелляция тартибида шикоят қилиш тартиби

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 201-моддасига мувофиқ, Олий суднинг Маъмурий ишлари бўйича судлов ҳайъати – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, шунингдек, Олий суднинг биринчи инстанцияда кўриб  қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқади.

Мазкур кодекснинг 203-моддасига кўра, апелляция шикояти Олий суднинг Маъмурий ишлари бўйича судлов ҳайъати номига ёзилиб, ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида қарор чиқарган судга топширилади.

Ушбу муддат ўтказиб юборилган бўлса, МСИЮтКнинг 203-моддасига  асосан, апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб, муддатни тиклаш ҳақида биринчи инстанция судига илтимоснома билан мурожаат қилиши лозим.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судга маъмурий ишлар бўйича кассация тартибида шикоя т қилиш тартиби

МСИЮтКнинг 226-моддасига кўра, кассация шикояти бевосита Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Ушбу кодекснинг 227-моддасига асосан, кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин. Кассация шикояти бериш муддати ўтказиб юборилган бўлса, шикоят бераётган шахснинг илтимосномасига кўра, кассация инстанция судининг судьяси томонидан, агар илтимоснома кассация шикояти бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин. Ўтказиб юборилган кассация шикояти бериш муддатини тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Мазкур кодекснинг 248-1-моддасига  мувофиқ, МСИЮтКнинг 224-моддасида кўрсатилган шахслар ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли.

Ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест киритиш ҳақидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддатида, ушбу муддат тугаган тақдирда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида берилиши мумкин.

Ушбу кўрсатилган муддатлар ўтгандан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди.

 

Апелляция ва кассация шикояти бериш ҳуқуқига эга шахслар

МСИЮтКнинг 224-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилинган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил апелляция шикояти, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ишлари бўйича кассация шикояти бериши мумкин, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

 

МСИЮтКнинг 206 ва 230-моддаларига мувофиқ, шикоятга:

давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция (кассация) шикояти ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

апелляция (кассация) шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, вакилнинг имзолашга доир ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома) илова қилиниши керак. Ишончномада вакилнинг апелляция ёки кассация шикоятини имзолаш ваколати махсус кўрсатилган бўлиши лозим.

 

Апелляция ёки кассация шикоят бераётган тараф

“Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкалари З-бандига асосан, суд қарори билан ундириш белгиланган, агар қарорда кўрсатилмаган бўлса, даъво ариза берилганда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган давлат божи ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи (мазкур қонуннинг 8-моддасида кўрсатилган давлат божи тўлашдан озод қилинган шахслардан ташқари) ҳамда БҲМнинг 8% миқдорида почта харажати тўлайди (ҳозирда 245 000*8%=19 600 сўм).

Олий суднинг давлат божи тўланадиган ҳисоб рақами:

 401 410 860 926 277 342 211 5011 (маъмурий ишлари бўйича)

 Почта харажати тўланадиган ҳисоб рақами:

 401 410 860 262 777 033 210 011 001

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: