“ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ЙЎЛИДА ҲАМКОРЛИК” ЛОЙИҲАСИ ФАОЛИЯТИ 2021 ЙИЛ ОХИРИГАЧА УЗАЙТИРИЛДИ

Аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда суд журналистикасида янгича маданиятни шакллантириш сингари масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси фаолиятининг 2021 йилдаги асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган йиғилишда қўшма лойиҳа томонидан 2020 йилда эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, USAIDнинг қўшимча молиявий маблағлари ҳисобига лойиҳа фаолияти 2021 йил охиригача узайтирилгани расман эълон қилинди.

Онлайн-йиғиишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, “Мадад” ННТ, USAID ва БМТ Тараққиёт дастури вақиллари иштирок этишди.

Тадбирда лойиҳанинг келгуси йилга мўлжалланган асосий режалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Асосий йўналишлар сифатида аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимида гендер тенгликни таъминлашга оид тавсиялар ва инновацион усулларни жорий этиш, суд органлари поклиги ва ҳалоллигини кафолатлаш орқали суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судлар фаолияти шаффофлиги даражасини ошириш, электрон судлов тизими ва замонавий интерфаол хизматларни ривожлантиришда кўмаклашиш ҳамда суд журналистикасининг янгича маданиятини шакллантириш кабилар қайд этилди.

2014-2020 йиллар давомида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашди. Рўёбга чиқарилган ташаббусларнинг аксарияти 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва 2030 йилгача БМТ Глобал кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: