«ЁШУЛЛИ»НИНГ ПУЧ ВАЪДАСИ

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 242-моддасига кўра, савдо-сотиқ муносабатлари бўйича юзага келган қарздорликни адо этиш муддатлари шу юзасидан тузилган битимда кўрсатилмаган бўлса, олувчи тараф ўзига тегишли ҳақни исталган пайтда талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Қонуннинг бу талаби чинакам адолат ва одиллик намунаси саналади. Лекин одамнинг оласи ичида. Шартномада ифо­дасини топган бундай ҳо­латларни бартараф этишга масъулиятсизлик билан қараётганлар ҳам бор. Бурчга нисбатан бундай беписанд­лик Гурлан туманидаги «Дониёрбек» хусусий фирмаси ва «Пах­та тозалаш» акциядорлик жамияти ўртасида юз берди. 2020 йилнинг 3 январда ҳар иккала юридик шахс ўртасида тузилган 1/9 ҳамда 1/12-сонли олди-сотди шарт­но­ма­ларига мувофиқ харидор — «Гурлан пахта тозалаш» корхонаси 20 миллион сўм­лик идора моллари ва 90 миллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотини харид қи­лиш ва унинг тўловини 15 кун муддат ичида амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Ҳар икки ҳужжатда ўз ифодасини топган мажбуриятлар сотувчи тарафидан ўз вақтида бажарилади. Ўтган йилнинг 28 январидан 30 майигача ўтган вақт мобайнида 1/9-сонли шартномага биноан 10,2 миллион сўмлик идора ёзув-чизув анжомлари, 1/12-сонли битимга асосан эса, 57,5 миллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари акциядорлик жа­мия­тига етказиб берилади.

Қонун шартномавий ҳужжатда ифодасини топган ҳажм­даги пулни эмас, балки амалда харид қилинган ва етказиб берилган маҳсулотлар қийматига тенг миқдордаги тўловни тўлашни тақозо этишини тарафлар яхши билишади.

Аммо харид ҳажми бир жойга борганида харидор тўнини тескари кийиб олади.

Натижада 39,5 миллион сўм­лик хариднинг ҳақи орадаги битим ва амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда тўлаб берилмайди. Сотувчи ҳам қараб турмади. Ўзи томонидан етказиб берилган маҳсулотларнинг ҳажми ва қийматига тенг миқдордаги тўловни ортиқча сансоларликларсиз адо этишни жамият­ раҳбарларидан бир неча марта сўради. Афсуски, харидни амалга оширган тараф сотувчининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди.

Орадан бир йилдан ҳам кўпроқ вақт ўтса-да, тўлов насиялигича қолди.

«Ёшулли»нинг охири йўқ ваъдаларидан охир-оқибатда «Дониёрбек» корхонаси раҳбари Д. Бобожоновнинг ҳам сабр косаси тўл­ди. Қарзнинг муроса-ю мадора йўли билан ундиришга ишончи сўнгач, масалани қонун ҳукмига ҳавола этишга қарор қилди. Бир йилдан ортиқ вақт мобайнида асоссиз пайсалга солиб келинаётган 39,5 миллион сўм миқдордаги асосий қарз ва шарт­номанинг тегишли бандида тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун кўзда тутилган 20 миллион сўмлик пеняни ундириб беришни сў­раб, судга мурожаат қилди.

Суд ишни кўриш асносида асосий қарзни ундиришга монелик қилувчи ҳолатларни аниқламади. Бироқ пеня ундириш масаласи жиддий муҳокама-тортишувларга сабаб бўлди. Чунки қарийб 20 миллион сўм миқдоридаги пеня тўлови даъвогар тараф бир йилдан кўпроқ вақт ўтишига қарамасдан ушбу қарздорликни бартараф этишни сў­раб судга мурожаат қилмагани оқибатида юзага келгани маълум бўлди. Суд даъвогарнинг бу талабини узрли ҳолат сифатида эътироф этолмади.

Айнан шундай зиддиятли ҳолат ўтган йили «Қўшкўпир махсус сув пудрат» ва «Қўш­кўпир бозор чорваси» масъулияти чекланган жамияти ўр­тасида ҳам рўй берди. «Мах­сус сув пудрат» корхонаси «Бозор чорваси» масъу­лия­ти чекланган жамия­тининг 30 минг бош товуқ ва 100 бош қо­рамолга мўлжалланган фермахона мажмуасини барпо этиш борасидаги буюртмасини тўла-тўкис бажарди. Қисқа фурсат ичида 510,1 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Бу қурилиш ишлари 2020 йил 15 октябрь куни ҳар икки корхона ўртасида имзоланган 1/10-сонли пудрат шартномаси асосида бажарилди. Гал тў­ловга келгач, шу пайтга қадар пудратчининг атрофида парвона янглиғ айланган буюртмачи ҳеч кутилмаганда кўздан ғойиб бўлди. 510 миллион сўмлик пудрат ишлари тўлови ора йўлда қолди. Шартномавий мажбурият бажарилмади.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 638-моддасида қайд этилишича, агар пудрат шартномасида бажарилган ишга ёки унинг айрим бос­қичларига олдиндан ҳақ тў­лаш назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда ёхуд буюртмачининг розилиги билан муддатидан олдин бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаши шарт. «Махсус сув пудрат» корхонаси ва «Бозор чорваси» масъулияти чекланган жамияти ўртаси­даги моддий ва молиявий муносабатлар айнан шундай тарзда намоён бўлмоғи зарур эди. Афсуски, буюртмачи тараф бунга амал қилмади.

Судда қарзини ойлар мобайнида ундира олмай келаётган тадбиркорлик субъектларининг қонуний талаблари қаноатлантирилди.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, «Гурлан пахта тозалаш» акциядорлик жамияти зиммасига «Дониёрбек» хусусий фирмасига тегишли 39 миллион 458 минг сўмлик асосий қарзни тўлаш мажбурия­ти юклатилди. Даъвогарга 3,6 миллион сўмлик пеня ҳам ундириб бериладиган бўлди.

Судда даъво талабидаги ҳолатлар ўз тасдиғини тўлиқ топгани боис «Қўшкўпир махсус сув пудрат» корхонасининг талаби ҳам қаноатлантирилди.

«Қўшкўпир бозор чорваси» масъулияти чекланган жамияти ўз пудратчиси олдидаги қарзини тўлиқ узиш мажбуриятини зиммасига олди.

Адолат ва одиллик мезонлари ана шу тариқа намоён бўлди. Лекин масаланинг бош­қа бир жиҳати ҳам бор ва айни шу дастак баён этилган ҳолатларга сабаб бўл­га­нини алоҳида эслатмоқ жоиз. Гап шундаки, юртимизда тобора шаклланиб бораётган бозор муносабатлари жараёнида шу каби айрим нохушликлар бўй кўрсатаяпти.

Ўз манфаатини ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларидан устун қўйган ҳолда ўз шеригини чув туширишга уринаётганлар ҳам учраб турибди. Суд жараёнларида қонун ва инсонийликка зид бундай қинғирликларга муросасизлик билан чек қўйилмоқда. Аммо бундай низо ва зиддиятларни судгача ҳам бемалол ҳал этиш мумкин. Бунинг учун қонун талаби, одамийлик таомилларига суянишнинг ўзи кифоя. Ўзгаларга алданиб қолмасликнинг ишонч­ли йўли зийраклик, ҳушёрлик ва огоҳликда. Уни қўлдан бой бермаслик даркор. Зеро, қонун талаби, инсонийлик таомилларига таяниб фаолият юритганлар ҳеч қачон кам бўлмайди.

 

 

Баҳром Ҳайитбоев,

Шовот туманлараро

иқтисодий суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: