ЁШЛИК — БЕБОШЛИК ЭМАС

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда нималарга эътибор бериш зарур?

 

Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилади. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш, турли салбий иллатлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга олиб келувчи таҳдид ва омиллардан асраш, тўғри йўл кўрсатиш, эртанги кунимизга бефарқ бўлмаслик муҳим вазифа ҳисобланади.

«Ёшларга оид давлат сиё­сати тўғрисида»ги, «Бо­ла ҳу­қуқ­­ла­рининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Воя­га етма­ган­лар ўр­та­сида назоратсизлик ва ҳуқуқ­бузар­лик­ларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғ­лиғига зарар ет­казувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қи­лин­гани ёш­лар масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан би­ри эканидан далолатдир.

Амалиёт таҳлили ҳуқуқбузарлик ёки жиноятларнинг аксариятини тайин­ бир иш жойига эга бўлмаган ёшлар содир этаётганини кўрсатмоқда. Шу боис Наманган вилояти судлари томонидан маҳалла, таълим масканлари, турли ташкилот ва корхоналарда сайёр судлар ҳамда очиқ мулоқотлар ўтказилиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Шерзод Шокиров, Соҳиб Низомов, Мурод Тоиров ва Мусо Икромов (исм-шарифлар ўзгартирилган) олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзгаларнинг мол-мулкини яширин равишда ўғирлаш билан шуғулланган. Улар кўчада қа­ровсиз қолдирилган автомашиналарнинг баллонларини яширинча ечиб, бозорда сотишни ўзларига касб қилиб олишган.

Суриштирув ва тергов чоғида улар бу жиноятни бир неча марта содир этгани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида уларнинг ҳар бирига қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Суд мажлисида маълум бўлишича, ёшларнинг ўғирлик қилишига ишсизлик асосий сабаб бўлган. Уларнинг баъзилари ҳали ўзини боқишга қур­би етмасдан туриб, уйланган ва рўз­ғор ташвишини тортиш зиммасига тушган.

Афсуски, ота-оналари, маҳалла фаоллари ҳам уларга эътиборсиз муносабатда бўлган.

Бу каби жиноятлар таҳлили жа­мият­да ота-оналарнинг масъулиятини янада ошириш, ёшларнинг оилада ҳу­қуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш долзарб вазифа эканини кўрсатиши баробарида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминловчи қонун талабларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни тақозо қилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, жиноятчиликка қарши курашга масъул бўлган идораларнинг асосий вазифаси жиноятчини топиш ва жазолаш эмас, балки жиноят содир этилишига шароит яратган ҳолатларни аниқлаш, айниқса, тизимли муаммолар билан ишлашдан иборатдир.

 

 

Абдурасул Эранов,

Наманган вилояти суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: