«ЁНҒОҚ»НИ СУРИЯДАН ИЗЛАГАН ШОВВОЗ

Афанди бир куни болалар билан ҳазиллашмоқчи бўлиб, “Ҳу-у анави муюлишда бир киши текин ёнғоқ тарқатаяпти”, дебди. Болалар “гурр” этиб ўша ёққа чопиб кетишибди. Шунда Афанди ўзига ўзи: “Наҳотки, шундай бўлса… Нақ текин ёнғоқдан қуруқ қолиб кетмай”, деб ўзи ҳам уларнинг ортидан югуриб кетган экан. Бу латифани кўпчилигимиз ўқиганмиз, эшитганмиз. Лекин ҳар сафар одамларнинг нақадар содда ва ишонувчанлигидан мийиғида кулиб қўя қоламиз.  

Аммо Элмурод (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шу соддалиги туфайли ёшгина умрини хазон қилишига оз қолди. Бир қарашда 26 ёшни қаршилаган Элмурод бинойидек ўғил, ака ва умр йўлдошидек кўринарди.

Уйим, жойим дейдиган йигит оиласига фойдаси тегиши учун меҳнатдан қочмади. Ҳали у иш, ҳали бу ишнинг бошини тутишга ҳаракат қилди. Ҳатто бир неча йил Туркиянинг Истанбул шаҳридаги тамаддихоналардан бирида ошпазлик ҳам қилди. Туркиядан қайтиб келгач, пойтахтимиздаги Сирғали туманида жойлашган автомашина бозорида автомобиллар аксессуарлари савдоси билан шуғулланиб келди. Савдогарликнинг уддасидан чиқиб келган қаҳрамонимиз бўш вақт топилиши билан ижтимоий тармоқ “янгилик”лари билан танишишни яхши кўрарди.

Айниқса, “Youtube” орқали турли хил диний мазмундаги маърузаларни тинглашга одатланган эди.

Бир куни Элмурод “Абу Салоҳ” исмли шахснинг Суриядаги мусулмонларга “кофирлар” томонидан ўтказилаётган зулм­га қарши мусулмонларни “жиҳод” амалларини бажаришга чорловчи маърузасидан таъсирланиб, ушбу видеонинг изоҳ бўлимида шу жиҳодчилар сафига қўшилиш истагини билдиради. Бунга жавобан унга номаълум шахслар “Телеграм” мессенжеридаги аллақандай “муҳожир” номли “канал”га мурожаат қилишни тушунтиришади. Сўраб-суриштирувлардан кейин унга Сурия давлатига етиб келиши учун етарлича маблағи бўлса, уни ўзлари кутиб олишлари ва Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” номли террорчилик ташкилоти сафига қўшилишини маълум қилишган. Унинг бор хаёли кетиш харажатлари учун керак бўладиган 700-800 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ишлаб топиш билан банд бўлади.

Кўп ўтмай, 2019 йил октябрь ойида “Сирғали деҳқон бозори”нинг рўпарасида жойлашган авиакассадан “Чимкент — Истанбул” йўналиши бўйича қатновчи самолётга авиачипта сотиб олади. Бироқ кетишига икки кун қолганда онаси ва оила аъзолари унинг Сурияга кетишига қаршилик билдиргани боис олинган авиачиптани қайтариб топширади. 2020 йил март ойи аввалида яна эски истагини рўёбга чиқариш мақсадида Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрига йўл олди. Аммо Қозоғистон Республикасига чиқиб кетаётганида, “Ғишт-кўприк” чегара ўтказиш масканида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара назорати ходимлари томонидан тўхтатиб қолинади.

Табиийки, Элмуроднинг онаси Зеби опа анчадан буён ўғлининг хатти-ҳаракатлари, юриш-туриши, мақсадидан норози эди. Ахир, қайси она фарзандининг ўзига ўзи чоҳ қазишига чидаб жимгина қараб тура олади?

Она ўз зурриётини ҳар қандай суиқасдлару талвасалардан ҳимоя қилишга ҳамиша тайёр туради. Бунда она учун ҳар қандай усул ва услуб ўзини оқлайди.

Зеби опа ҳам ҳар қанча илтимос қилмасин, тушунтирмасин ўғлини танлаган йўлидан қайтара олмаётгани, камига ўзи билан ҳатто ўзганинг оқу қораси, келини ва набирасини олиб кетишга ҳаракат қилаётганини билдириб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга арз-додини маълум қилади. Натижада Ўзбекис­тондан йўл олаётган яна бир “бўлажак террорчи” ҳамюртимизнинг йўли тўсилди.

Тергов жараёнида аввалига Элмурод ўзини гўёки Қозоғистон Республикасига ул-бул рўзғор буюмлари харид қилиш учун боргандек кўрсатиб, айбини тан олгиси келмади. Лекин мутахассислар томонидан унинг мобиль телефони кўздан кечирилганида Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган “Ўзбекистон ислом ҳаракати”, “Имом Бухорий катибаси”, “Ироқ ва Шом ислом давлати” ҳамда “Тав­ҳид ва жиҳод катибаси” террорчилик ташкилотига тегишли бўлган аудио ва видео ёзувлар, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террорчилик ташкилотининг рамзи, байроғи, “Ўзбекистон ислом ҳаракати”нинг “Жундуллоҳ” студияси рамзи, экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ва рамзий белгиларини ўзида акс эттирган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган маълумотлар топилгач, у ўз айбини тан олди ва чин дилдан бу қилмишидан пушаймон эканлигини маълум қилди.

Элмурод қонунда белгиланган жазосини олди. Бундан буён у ҳаётини бир маром, изга солиш учун ҳали кўп ва хўп ўқиши, ўрганиши, фикрлаши керак бўлади.

Болага тўғри мақсад қўйишни, ҳар қандай гап, ахборотга ишониб кетавермасликни ўргатмас эканмиз, келажакда Элмурод ва у сингари содда, гўл йигит-қизларимизнинг ҳолига маймун йиғлаб қолиши ҳеч гап эмас.

 Бир ўйлаб кўринг-а, дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб, миллионлаб одамларнинг тинчини бузаётган ва ҳатто бевақт ўлимига сабаб бўлаётган касаллик, коронавирусга қарши эмловчи воситани ўйлаб топишга ҳаракат бўлаётган айни бир вақтда онги шунчалик заҳарланган айрим содда, ишонувчан одамлар Сурия сингари давлатларга бориб, ўз ихтиёри билан яшашдек ҳуқуқ ва бахтидан маҳрум бўлишга, шаҳид бўлишга ҳам тайёр.

 Балиқчининг чувалчангига “учиб”, қармоққа илинган балиқни кўз олдингизга келтиринг. У ўзи яшашга ўрганган дунёси, сув ичидан чиқаётиб, қармоқдан қочишга уринади, типирчилайди. Жон-жаҳди билан сувга қайтиб тушишга ҳаракат қилади. Ҳатто балиқчалик яшаш учун курашишга интилмаган ҳамюртларимизнинг учраётгани сизу бизнинг бефарқлигимиз маҳсули эмасмикан? Нега биз уларнинг тарбиясини телеканаллардаги сериаллар, ижтимоий тармоқдаги “ютубчи”лар эътиборига ҳавола қилиб қўйдик?     

 Фикримизни бир нақл билан якунласак: “Сен ўзингни ўзинг бошқармас экансан, сени ўзгалар бошқараверади”. Дар­ҳақиқат, шундай.

 

Зафар БОБОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Олмазор туман суди раиси,

Саодат СОДИҚОВА,

«Adolat» мухбири

 

(“Adolat” газетаси,

 2020 йил 11 декабрь)

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: