ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ ИНСТИТУТ: МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

2017 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонига асосан 2017 йил 1 июндан бошлаб мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилгани суд-ҳуқуқ тизимида том маънода муҳим қадамлардан бири бўлди.

Маъмурий судлар фуқаролар ва юридик шахслар давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини амалда тўлиқ рўёбга чиқаришида муҳим ўрин тутади. Бу, ўз нав­батида, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда беқиёс аҳа­мият касб этади.

2018 йилнинг 1 апрелидан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс кучга кирди. Натижада юқо­рида қайд этилган конституциявий принципнинг амалга оширилиши процессуал-ҳу­қуқий жиҳатдан таъминланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда «маъмурий судлов» тушунчаси илк маротаба «туман (ша­ҳар) судининг маъмурий иш­лар бўйича судьяси» сифатида 1994 йил 22 сентябр­да қабул қи­линган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўз аксини топган. Бироқ амалда 2017 йил­га қадар бундай судья­лик штатининг ўзи мавжуд бўлмаган.

Шунгача қонунларимизда маъмурий судлов сифатида фақатгина маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш­ларни кўриб чиқиш белгиланган ҳам­да бундай тоифадаги ишлар жиноят, фуқаролик ва ҳўжалик судлари томонидан кўриб чиқилган.

«Маъмурий судлов» («маъмурий суд ишларини юритиш») тушунчасини англаш учун дастлаб «оммавий ҳу­қуқий муносабат», «оммавий ҳуқуқий низо» ва «маъмурий низо» ту­шунчала­рининг мазмун-моҳиятини билиб олиш зарур.

Хусусан, оммавий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган ижтимоий муносабатлар «оммавий ҳуқуқий муносабат»лар дея таърифланади.

Оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг асосий хусусияти унда иштирок этувчи томонларнинг бири, албатта, давлат ҳокимияти субъекти ҳисобланади.

Ҳозирги кунда оммавий ҳу­­қуқий муносабатларда жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, давлат органлари ва ҳокимият ваколатларига эга бўл­­­­ган турли субъектлар учрайди. Жумладан, айрим давлат вазифалари нодавлат ташкилотларига (фуқаролик жа­мия­ти институтларига) ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг бир томонида иштирок этувчи ҳокимият ваколатига эга бўлган субъектлар доирасининг кенгайишига олиб келади.

Масалан, қонунчиликка биноан фуқаролар ўзини ўзи бошқа­риш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳу­қуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсиз­лиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин.

Мазкур ҳолатда маъмурий судда оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир низо кўриб чиқилаётганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­­гани ҳокимият ваколатига эга бўл­ган субъект сифатида намоён бўлади.

2018 йил 25 январда қабул қилинган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига биноан маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳу­қуқлари, эркинликлари ва қо­ну­ний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъму­рий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.

Фуқаролар ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ёки уш­бу соҳадаги низода иккинчи томон сифатида давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бош­қа­риш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари намоён бўлади.

Бундан ташқари маъмурий суд иш­­ларини юритишда қайд этилган шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳа­ракат­сиз­лиги) билан бир қа­торда, идоравий-меъёрий-ҳу­қуқий ҳужжатларга ҳам предмет сифатида қаралади.

Маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида аниқлаштирилиши лозим бўлган тушунчалардан яна бири «маъ­­мурий орган»тушунчасидир.

«Маъмурий орган» тушунчаси 2018 йил 8 январда қабул қи­линган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қо­нунда ўз аксини топган.

Ушбу қонуннинг 4-моддасига биноан маъмурий-ҳу­қу­қий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви ор­ганлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бош­қа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлар ҳисобланади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида давлат бош­қаруви органлари, маъ­мурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар маъмурий орган сифатида белгиланган.

 

2003 йил 9 декабрдаги «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармонига биноан вазирликлар, давлат қўмиталари, қў­ми­та­лар, агент­ликлар, шунингдек, улар ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари республика давлат бош­қаруви органларидир.

Қонунчиликка биноан Вазирлар Маҳ­камаси давлат бошқаруви органларидан таш­қари хўжалик бош­қаруви органларига ҳам раҳбарлик қилади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хў­жалик бошқаруви органи «маъмурий орган» таркибига кирадими?

2003 йил 22 декабрдаги «Хўжалик бошқарув органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармонига биноан таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўл­ган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бош­қарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан, давлат акция­дорлик компаниялари, шу­нинг­дек, муассис корхоналар томонидан улар фаолиятига кўмаклашиш учун муассис корхоналарнинг акциялари пакетларини бошқариш ҳуқу­қисиз айрим умумий вазифаларни уларга топшириш йў­ли билан ихтиёрийлик асосида ташкил қилинадиган уюшмалар хў­жалик бош­қаруви органлари ҳисобланади.

Ушбу Фармонга биноан давлат бош­қаруви, шу жумладан, тақсимлаш вазифалари, уларнинг таркибига кирувчи корхоналар фаолиятига маъмурий аралашув хўжалик бош­қаруви органларининг ваколатига кирмайди.

Ана шу асосларга кўра, хўжалик бошқаруви органлари «маъмурий орган» таркибига кирмайди ва улар то­монидан амалга ошириладиган фао­лият қонун ҳужжатларига биноан «маъмурий ҳуқу­қий фаолият» ҳисобланмайди.

Маъмурий суд ишларини юритиш жа­раёнида аниқлаштирилиши лозим бўлган тушунчалардан яна бири «маъ­мурий акт» тушунчасидир.

Маъмурий орган ҳужжати қу­йи­даги бешта белгилар мавжуд бўлсагина, маъ­мурий акт, яъни муайян ҳуқуқий оқибат туғдирувчи ҳужжат ҳисобланади.

 

  1. Маъмурий акт — маъмурий орган томонидан қабул қилинади.

 

  1. Маъмурий акт — ҳо­ки­мият­ ваколати асосида қабул қилинади.

 

  1. Маъмурий акт — оммавий-ҳуқу­қий муносабат, янада аниқроқ айтганда, маъмурий-ҳуқу­қий муносабат ҳосиласи сифатида ҳуқуқий оқи­бат келтириб чиқаради.

 

Ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши тартибга солиш (регулатив) сифатида ҳам тавсифланади. Бу эса, ўз нав­батида, маъмурий актни маъмурий хатти-ҳаракат (реал акт)дан фарқ­лайдиган муҳим белгидир.

 

  1. Маъмурий акт — ташқи субъектларга йўналтирилган бўлиши, яъни маъмурий ор­ганнинг ички идоравий муносабатларига эмас, балки таш­қи субъектларга йўналтирилган муносабатларига нисбатан қабул қилиниши назарда тутилади.

 

  1. Маъмурий акт — аниқ (индивидуал) хусусиятга эга бў­либ, айрим жисмоний ёки юридик шахслар ёхуд муайян хусусий белгиларига кў­ра, ажратиладиган шахслар гуруҳига қа­ратилгани билан ажралиб туради («Маъ­му­рий тартиб-таомиллар тўғ­рисида»ги қо­нун­нинг 4-моддаси).

 

Маъмурий ишларни янада такомиллаштириш мақсадида қу­йидаги атамаларни бел­ги­лаш таклиф этилади: «маъмурий даъво», «маъмурий даъвогар», «маъмурий жавобгар».

Маъмурий даъво маъмурий даъвогарнинг маъмурий жавобгарга нисбатан маъмурий судга берилган мурожаати ҳисобланади.

Маъмурий даъвогар ҳуқуқ­лари, эркинликлари ёки қо­нуний манфаатлари маъмурий жавобгар томонидан бу­зилган жисмоний ёки юридик шахслардир.

Маъмурий жавобгар давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳамда белгиланган тартибда ваколат берилган ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидир.

Таъкидлаш ўринлики, ҳо­зирда маъмурий иш қўзғатишнинг асосий йўналишларига аниқлик киритиш ва уларни янада кенгайтиришга ҳаётий эҳ­тиёж­ бор.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, маъмурий суд иши юри­тиш тизимига оид амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш келгусида маъмурий судларнинг фаолия­тини мустаҳкамлаш, одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳисса қўшади.

 

 

Суҳроб Йўлдошев,

Тошкент туманлараро

маъмурий суди раиси

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: