ЯНГИ ҚОНУН: ЕР УЧАСТКАСИНИ НОҚОНУНИЙ ОЛИБ ҚЎЙГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ

Сўнгги йилларда жойларда маҳаллий давлат органлари томонидан ер участкаларини давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартибига риоя этилмаслиги оқибатида мулк дахлсизлигига путур етказиш ҳолатлари кузатилган.

Ўтган даврда биргина адлия идоралари 1 минг 244 ҳо­­латда кўчмас мулк объект­лари баҳоланмаган ҳолда бузиб ташланганини аниқлаган.

Шундан 430 та кўчмас мулк объекти тегишли компенсация берилмасдан бузилган бўлса, 846 ҳолатда кўчмас мулк объектлари уларнинг мулкдорларини хабардор этмасдан бу­зиб ташланган. Шунингдек, 1 минг 388 ҳо­лат­да мулкдорларни хабардор қи­лиш муддатига риоя этилмаган.

Бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳудудларнинг архитектура қиёфасини ўзгартиришга қаратилган давлат дастурларини амалга оширишда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини қонунга зид равишда олиб қўйиш ҳолатларининг олдини олишга катта эътибор берилмоқда.

Масалан, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Грузия каби бир қатор мамлакатлар қонунчилигида ер участкаларини олиб қў­йиш ёки олиб қўйилган ер участкаларига нисбатан компенсация турларини келишмаслик ёхуд уларни ўз вақтида бермаслик оқибатида мулк­дорга зарар етказганлик учун мансабдор шахсларнинг қилмишини оғирлик даражасига қараб жавобгарликка тортишга оид қоидалар мавжуд.

Бу ҳақда фикр юритганда Президентимизнинг 2019 йил 3 августда «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­ла­рининг мулк ҳу­қу­қи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бў­йича қў­шимча чора-тадбирлар тўғри­си­да»ги Фармойиши қабул қи­линганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ушбу ҳужжатда, жумладан, ер участкалари ноқонуний олиб қўйилгани ва шу муносабат билан мулкдорларга зарар етказилгани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган қо­нун лойиҳасини ишлаб чиқиш на­зарда тутилганди.

Шунга мувофиқ, парламент маъқуллаган «Ер участкала­ри­ни ноқонуний олиб қўй­ганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни куни кеча давлатимиз раҳбари имзолади.

Айтиш керакки, ушбу янги қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ко­декс­ларга муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 200-2-модда билан тўлдирилиб, унда ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарлик олиб қўйилаётган ер участкасидаги бинолар, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-да­рахт­лар ёхуд уларнинг қисм­ларини, мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати, шунингдек, унинг мулкдорига бундай олиб қў­йиш муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлашга, уларга кўп бўлмаган миқдорда зарар етказилишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Бу эса, амалдаги маъмурий жазо миқдоридан бир неча бараварга оғирроқдир.

Жиноят кодекси ер участкасини ноконуний олиб қўйиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи тўртта қисмдан иборат янги 229-5-модда билан тўлдирилди.

Эътибор беринг: эндиликда агар айбдор ер участкасини ноқонуний олиб қўйганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу ҳаракатни яна такрор содир этса, у мулкдорга зарар етказмаган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.

Ушбу модданинг кейинги қисмларида эса, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатлар кўрсатилган.

Масалан, иккинчи қисмга мувофиқ ер участкасининг ноқонуний олиб қўйилиши олиб қўйилаётган ер участкасидаги биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисм­ларини, мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати, шунингдек, унинг мулкдорига бундай олиб қў­йиш муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, қатор муқобил жазолар ёки ҳатто муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундай қилмишни содир этганлик учун етказилган зарар анча миқдорда бўлиб, яъни БҲМнинг 100-300 бараваригача бўлган суммани ташкил этса, у ҳолда айбдор маъмурий жазога тортилган ёки тортилмаганидан қатъи назар, жиноий жавобгарликка тортилади.

Мазкур модданинг учинчи қисмида шундай ҳаракатлар туфайли кўп миқдорда зарар етказилган бўлса, айбдор муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиши билан боғлиқ жазолар назарда тутилган. Яъни бу ҳолда уч йилдан беш йилгача, тўр­тинчи қисмга кўра, кўпчилик учун хавфли бўлган усулда ёки жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчага му­вофиқ, ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш билан боғлиқ жиноят бўйича дастлабки тергов прокуратура органлари томонидан олиб борилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, юртимизда 2019 йилда «Қишлоқ хўжалигига мўл­жал­ланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғ­рисида»ги қонун қабул қилинган. Унда хусусийлаштирилган ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун национализация қилиш мумкин бўл­ган ҳолатлар чеклаб қўйилган.

Бундан ташқари 2020 йил декабрь ойида «Мулкдорлар ҳу­қуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қа­бул қилинди. Унга кўра, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қў­йиш ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилди.

Бунда ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қа­рорлар қабул қилишга фақат олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк мулкдорлари билан очиқ муҳокама ўт­казилганидан, фойда ва харажатлар баҳоланганидан, шунингдек, тегишинча, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жам­ғарма билан мажбурий равишда келишилганидан кейин йўл қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қў­йиш­нинг шартлари қонунчилигимизда аниқ белгиланган. Эндиги масала фақат интизомда, яъни ушбу шартларга оғишмай риоя этишдадир.

Шу сабабли янги қонун ер участкаларини қонунга зид равишда олиб қўйишда айбдор шахсларнинг жавобгарлик доирасини аниқ белгилаш, бундай қилмишлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалда таъминлашга қаратилгани диққатга лойиқ.

Ушбу янги қонун ер участкасини ноқонуний олиб қўй­ганлик ҳамда бунинг оқибатида мулкдорга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳу­қуқи кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

 

Аваз ЎРИНБОЕВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: