ЯНГИ ҚОНУНЛАР ФУҚАРОЛАРНИНГ ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ КЕНГАЙТИРМОҚДА

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, кейинги тўрт йилда суд-ҳуқуқ соҳаси изчиллик билан ислоҳ қилинмоқда.

Суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида ўндан ортиқ Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Судлар ихтисослаштирилди, тарихимизда илк маротаба давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари ва ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни амалга оширишни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий судида маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман, шаҳарларда маъмурий судлар ташкил этилди. Бу тизим қисқа муддатларда ўз натижасини бера бошлади.

Суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш иши давом этмоқда. 2017 йилга қадар олтита суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, мана уч йилдирки, бу инстанциялар сони тўрттага келтирилди.

Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йил 19 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштиришлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда  Жиноят, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонунлар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилишни, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилишни назарда тутади.

Ушбу қонунлар билан ишларни кўриб чиқилишида бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилиниб, “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда. Унга кўра халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими:

 биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари);

 апелляция инстанция (вилоят даражасидаги судлар);

 кассация инстанцияси (Олий суд) судлари яратилади.

Суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш мақсадида прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиб, амалда мавжуд бўлган тарафларнинг шикояти ва прокурорнинг протестини кўриб чиқишнинг фарқли нормалари бекор қилинмоқда. Барча инстанция судларига мурожаат қилишда прокурорнинг бошқа тарафлар билан тенг, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга ҳамда унинг протести тарафларнинг шикояти билан бир хил ҳуқуқий мақомга эга эканлиги тўғрисидаги нормалар киритилмоқда.

Амалдаги қонунга кўра апелляция ва кассация инстанцияси судлари бир хил вазифани бажариб биринчи инстанция судларининг қарорларини қайта кўриб чиқадилар. Улар ўртасидаги фарқ фақат бири қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, иккинчиси эса қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни кўришдадир. Бундай амалиёт биронта ривожланган давлатда мавжуд эмас.

Сенат томонидан маъқулланган қонунларга кўра апелляция инстанцияси суди қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, апелляция инстанциясида кўриб чиқилган ишларни эса кассацияда кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.

 Амалдаги барча процессуал кодексларнинг талабига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларгина назорат тартибида кўрилиши мумкин.

Яъни, иш назорат тартибида кўрилишидан олдин албатта апелляция ёки кассация тартибида кўрилган бўлиши шарт, шунингдек амалда ҳам апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилишнинг муддатлари белгиланган. Таклиф этилаётган қонунларда бу муддатлар янада кўпайтирилмоқда.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга қадар узайтирилмоқда.

Бундан ташқари, апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилмоқда. Худди шунингдек, кассация тартибида шикоят бериш муддатлари амалдаги 6 ойдан фарқли равишда 1 йил этиб белгиланмоқда.

Эътиборлиси, тикланиши мумкин бўлган муддатга чегара мавжуд эмас, тарафлар ҳар қанча муддат ўтганидан кейин ҳам ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолмоқда.

Барча процессуал кодексларда суд қарорларини янги очилган ҳолатларга кўра кўриб чиқиш тартиби назарда тутилган. Жиноят процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра фақат прокурор эмас, балки бошқа манфаатдор фуқаролар ҳам Олий судга апелляция тартибида шикоят қилинмаган суд ҳукмларини янгидан очилган ҳолатларга кўра қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу шахснинг қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилган ва судланган ҳолатлар мавжуд деб ҳисобланган ҳолда тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиб, ишнинг қайта кўриб чиқилишини кафолатлайди.

Амалдаги тартибга кўра суд қарорлари устидан берилган шикоятни Олий судда кўрилишига эришиш учун йиллаб вақт керак бўлар эди. Янги ўрнатилаётган тартиб эса биринчи инстанция судида кўрилган ишнинг бир-икки ой ичида апелляция тартибида кўрилишини, кўпи билан уч-тўрт ой ичида иш Олий судда кўрилишига эришиш имконини беради. Бу ўз навбатида қабул қилинган суд қарорларининг қисқа муддатларда ижро этилиб, жабрланувчи, даъвогар ва ишдаги бошқа тарафларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш имконини беради.

Шу ҳам қайд қилиш керакки, амалда мавжуд бўлган шикоятни судлов ҳайъатида кўриб чиқиш масаласини якка судья томонидан ҳал қилиш амалиётига чек қўйилиб, шикоят тўғридан-тўғри кассация инстанцияси судида кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Мазкур ўзгартиришлар фуқароларни ортиқ оворагарчиликларини олдини олади, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга, суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқарор рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

Суд қарорларини қайта кўриш масаласидаги халқаро стандартлар талабларини (Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг
14-моддаси 5-банди)
процессуал қонунчилигига имплементация қилинишига, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқарор рейтингларда (Ҳуқуқ устуворлиги индекси, “Doing business”, Иқтисодий эркинлик индексининг Суд фаолияти самарадорлиги, Глобал рақобатбардошлик индексининг Судлар мустақиллиги индикаторларида) мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: