ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 11-мақсади «Халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини такомиллаштириш», деб номланган.

Ушбу мақсадни тўлиқ амалга ошириш учун халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиё­тини кенгайтириш; давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатиш, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланган.

 

Шунингдек, «Давлат халқ­қа хизмат кўрсатиши шарт» ғоя­сини татбиқ этишни назарда тутувчи «Халқпарвар давлат» миллий дастурини ишлаб чиқиш ва изчил амалга оширилишини таъминлаш кўз­да тутилмоқда.

 

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишга нисбатан эътибор кундан-кун ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, барча давлат бошқаруви ор­ганлари, жумладан, суд ор­ганларига ҳам жиддий масъулият юклайди.

 

Айни соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг асосий мақсадларидан бири — аҳоли билан тўғридан-тўғ­ри мулоқотни ташкил этишдир. Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам­да қонуний манфаатларини тўлиқ ва ишончли ҳи­­­­моя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларни ҳал этиш соҳасида янги давр бошланди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳи­моя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм ҳақиқатан ҳам, қисқа фурсат ичида ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

 

Сўнгги йилларда аҳоли би­лан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш­лаш самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада сифат жи­ҳати­дан ян­ги ва самарали тизимни йўлга қў­­­­йиш борасида кенг қамровли иш­лар амалга оширилди.

 

Президентимиз раҳбарлигида 2021 йил 23 июлда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мут­лоқо янгича ташкил қилиш чо­ра-тадбирлари юза­сидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бунга ёрқин ми­сол бўлади.

 

Таъкидлаш ўринлики, Олий суд томонидан мазкур йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат­ла­рини кўриб чиқиш бў­йича ягона ҳу­қуқий тизим яратилди. Шу тизим асосида уш­бу соҳага тааллуқли ҳуқуқий база такомиллаштириб борилмоқда.

 

Жумладан, Олий суд Раёсатининг 2021 йил 9 ноябрда қа­бул қи­линган қарори билан «Ўз­бекистон Республикаси Олий суди ва қу­йи судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кў­риб чиқиш тартиби тўғри­си­да»ги­ Йў­риқнома янги таҳрирда тасдиқланди. Йўриқномада суд тизимида фуқаролардан келиб тушган умумий мазмундаги мурожаатлар билан ишлаш тартиби белгиланган.

 

Маълумки, судларга икки хил тоифада, яъни процессуал ва умумий мазмундаги ши­коят аризаси билан мурожаат қилинади:

 

– умумий мазмундаги мурожаатлар — хат, ариза, таклиф ва шикоят;

 

– процессуал мазмундаги мурожаатлар — муайян низо ёки суд қарори билан боғлиқ бўлган ариза, даъво ариза, илтимоснома, апелляция ё кассация тартибидаги шикоятлар.

 

Барча фуқаролар, фуқаролиги бўл­маган шахслар ва чет эл фуқаролари бу­зилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шакл­да мурожаат қилиш ҳу­қуқига эга.

 

Умумий мазмундаги мурожаатлар, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғ­рисида»ги қонунда бел­ги­лан­ган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан бошлиб 15 кун ичида, қў­шимча ўр­ганиш ва (ёки) текшириш, қў­шимча ҳужжатларни сў­раб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

 

Агар ариза ва шикоят муддати узайтирилганда, бу ҳақ­да мурожаат қилувчига хабар берилади.

 

Фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳуқуқ­бузарлик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича процессуал мазмунда берилган шикоятлар процессуал қонун­чиликда белгиланган муддатларда кў­риб чиқилади.

 

Кейинги вақтда суд ор­ган­ла­рига мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ортмоқда. Жумладан, 2021 йилда жа­ми 159 минг 258 та мурожаат йўлланган. Шундан:

 

Олий судга — 54 минг 397 та;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали — 84 минг 49 та;

 

вилоят ва унга тенглаштирилган судларга — 17 минг 826 та;

 

маъмурий судларга — 2 минг 623 та;

 

ҳарбий судларга — 363 та мурожаат келиб тушган.

 

Олий судга келган 54 минг 397 та му­рожаатнинг 26 минг 671 таси ёки 49 фои­зи умумий мазмундадир. Қолган 27 минг 726 таси ёки 51 фоизи эса, касса­ция тартибидаги шикоятларни ташкил қилган.

 

2021 йил давомида умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар 2020 йилга нисбатан 28,6 фоизга, кассация тартибидаги мурожаатлар 25 фоизга кўпайган. Мурожаатларнинг кўпайишига:

 

биринчидан, Олий суд раҳбарияти томонидан 2021 йил мобайнида Қорақалпо­ғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида икки мартадан оммавий сайёр қабуллар ташкил этилгани;

 

иккинчидан, сайёр қабулдаги мурожаатлар Олий судда кирим қилингач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали ҳам юборилгани;

 

учинчидан, айрим фуқароларнинг мурожаатларни йўл­лаш соҳасида етарли даражада ҳуқуқий билимга эга эмаслиги;

 

тўртинчидан, мурожаатлар тааллуқлиги бўйича берилмасдан Олий судга юборилиши;

 

бешинчидан, аҳоли томонидан суд тизимига ишонч ортиб бораётгани сабаб бўл­моқда.

 

2021 йил мобайнида Олий суд 2 минг 418 та мурожаатни таал­луқ­лилиги бў­йи­ча кў­риб чиқиш учун бошқа идораларга юборган. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳук­ми, ажрими устидан кассация тартибида ши­коят­ қи­лишга маҳкум, унинг ҳи­моя­чиси ва қонуний вакили, жабр­ланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи ва апелляция инс­тан­цияси суди ҳук­ми, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қис­ми устидан шикоят беришга ҳақ­ли, деб кўрсатилган.

 

Лекин иш бўйича шикоят беришга ваколати бўлмаган фуқаролар — судланувчи, маҳкум, даъвогар ёки жавобгарнинг қариндошлари мурожаатни юқори идораларга юбормоқда.

 

Олий судга 2021 йил мобайнида ана шундай давлат идораларидан 6 минг 744 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 597 таси бошқа идораларга, 1 минг 84 таси қу­­йи судларга юборилган. Яна 3 минг 498 та­си бўйича судга мурожаат қи­лиш талаби тушунтирилган.

 

Мурожаат қи­лиш бўйича қонун талабига риоя этмаслик ёки тартибни билмаслик, биринчидан, суд тизимига алоқаси бўлмаган идораларга қўшимча иш, иккинчидан, суд қа­рорлари устидан шикоят бериш муддатининг ўтиб кетишига сабаб бўлади. Натижада муддатни тиклаш ҳақида ариза бериш талаб этилиб, фуқароларнинг яна ортиқча овора бўлиш ҳолатлари келиб чиқади.

 

Бундан ташқари 2021 йилда шикоятга суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар илова қи­линмагани сабабли Олий суд томонидан 3 минг 498 та мурожаат кўрилмасдан қайтарилган.

 

Яна бир муҳим натижа: 2021 йил 16 сентябрда қабул қилинган «Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал кодекс, Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги кодексга ўз­гарти­риш­лар киритилиб, иш бў­йича ваколатли шахслар ва тарафларнинг шикоятга суд қа­рорларини илова қилиш талаби бекор қилинди. Бу орқали фуқароларнинг шикоят беришида енгиллик ва қулайлик яратилди.

 

Шунингдек, Олий суд раҳба­рия­­ти томонидан жисмоний ва юридик шахс вакилларини қабул қи­лиш жараёни ҳам кенг йўлга қў­йилмоқда. Жумладан, 2021 йилда 18 минг 658 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабул қилинди.

 

Кейинги йилларда аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини судлар фао­лиятида кенг жорий этиш ишлари ҳам изчил амалга оширил­моқ­да. Фуқароларнинг Олий судга­ мурожаат қилиши учун қулай усулда кенг имкониятлар яратилмоқда.

 

Бугунги кунда Олий суднинг электрон почтаси — info@supcourt.uz, веб-сайти — www.sud/my.sud.uz, интерактив хизматлар орқали Олий суд раиси қабулига рўйхатдан ўтиш учун qabul.sud.uz ва «@SUDUZ­BOT» Telegram-бот ишга туширилган. Telegram-бот орқали фуқаролик, иқтисодий, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича фуқаролар мурожаат қилиш ва қисқа вақт ичида жавоб олиш имконига эга.

 

Мухтасар қилиб айтганда, Олий суд ва қуйи судларда аҳоли билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ҳар тарафлама тўлиқ, холисона ҳамда қонуний кўриб чиқилиши самарали йўлга қўйилган. Зеро, қо­нун устуворлигини таъминлаш, адолатли қарор қабул қилиш ва ҳақи­қатни қарор топтириш, яъ­ни судларни том маънодаги адолат қўрғонига айлантириш орқали хал­қимизни рози қи­лиш айнан шу муҳим омилларга бевосита боғлиқдир.

 

 

Бахтиёр Иброҳимов,

Садриддин Хидиров,

Олий суд масъул ходимлари

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: