ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ: ТАҲЛИЛ, САРҲИСОБ, САМАРА

Мамлакатимизда сўнгги беш йилда суд-ҳуқуқ соҳасида дунё ҳамжамияти тан олаётган тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Айниқса, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф қилишга қаратилган кўплаб норматив ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Шу асосда, жумладан, Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Олий судга бирлаштирилди. Судьялар олий кенгаши, маъмурий судлар, Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.

Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш инс­титути такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.

Ўтган тўрт ярим йилда 3 минг 266 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 16 минг 545 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 31 минг 111 на­фар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган айбловлар бекор қилинди.

2020 йилда судланган шахс­ларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йў­лига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилган.

Биргина жорий йилнинг ўт­ган даврида, мамлакатда судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида, 496 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳук­ми чиқарилди.

2021 йил январь ойида процессуал кодексларга ўзгартиришлар киритиш бўйича қабул қилинган 5 та қонунга асосан суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизими такомиллаштирилди.

«Бир суд — бир инстанция» тамойили самараси

Айтиш керакки, 2017 йилга­ қадар олтита суд инстанциясида суд қа­рорлари қай­та кў­риб чиқилган. Ўтган тўрт йилдан буён бу инстанциялар со­ни учтага келтирилди.

Суд тизимига «бир суд — бир инстанция» тамойили жорий қилинди. Унга кўра:

биринчидан, халқаро стандартларга мос равишда уч бос­қичли суд тизими яратилди:

биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича — вилоят судлари);

апелляция инстанция (ви­лоят­ даражасидаги судлар);

кассация инстанцияси (Олий суд);

иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳам­да рақобатга оид ишларни кў­риш бўйича судлов таркиби тузилди. Бундан мақсад инвесторлар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришдан иборатдир.

Жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбе­кис­тон Республикаси Олий су­ди фаолиятида туб бурилиш ясалганини қайд этиш лозим. Бу билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришишида кенг имкониятлар яратилгани айниқса, муҳимдир.

Илгари Олий судга назорат тартибида келиб тушган шикоятлар судьялар томонидан ўрганилиб, асос мавжуд эмас, деб ҳисобланган ҳолларда шу ҳақда ёзма жавоб хати йўллаш билан кифояланилар эди.

Бугунги кунда эса, суд тизимида жорий этилган «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида, Олий суднинг назорат инстанцияси ту­гатилиб, ишларни кассация тартибида кўриш ваколати жорий этилди. Шу билан бирга ҳар бир кассация шикояти судлов ҳайъатлари томонидан суд мажлисида кў­рилиб, қарор қабул қилиниши тартиби жорий этилди.

Албатта, бунинг натижасида, Олий суд судьяларининг иш ҳажми юкламаси аввалгига қараганда бир неча баробар ортди. Буни кўрилган ишларнинг статистик кўрсаткичлари ҳам тасдиқлаб турибди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида республика судлари томонидан жами 62 минг 859 та жиноят, 213 минг 627 та маъмурий ҳуқуқбузарлик, 234 минг 490 та фуқаролик, 12 минг 482 та маъмурий ва 83 минг 257 та иқтисодий ишлар кўрилган.

Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан жами 6 минг 122 та иш кўрилган.

Ушбу даврда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган ва ҳал қилинган ишлар сони ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 29,3 фоизга кўпайган.

Ишларни кўриш натижалари бўйича 438 нафар шахс оқ­ланиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 20,6 фоизга ошган, Шунингдек, 5 минг 585 та ҳолатда тарафлар ярашувига эришилган (бу кўрсаткич 58 фоизга ошган). Яна 4 минг 503 нафар шахсга нисбатан асоссиз қўйилган айблов ўзгартирилган (80 фоиз), 2 минг 354 нафар шахс суд залидан озод қилинган (62 фоиз), 3 минг 617 нафар шахс­га нисбатан жазо енгилроғига алмаштирилган (12 фоиз), 11 минг 56 нафар шахс эса, шартли озод қилинган (7 фоиз).

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида кўриб чиқилган ишлар ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 111 минг 692 тага ёки 91 фоизга кўпайган. Бунда даъволи ишларнинг 75 фоизи бўйича талабларни қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

Маъмурий судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 856 тага ёки 7,4 фоизга ошган. Судларда кўрилган оммавий низоларнинг қарийб 52 фоизи қаноатлантирилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган жами ишлар ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 61 фоизга ошган. Ушбу даврда 1,5 триллион сўмлик 25 минг 333 та иш тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.

Судлар фаолиятида «бир суд — бир инстанция» тамойили жорий этилиши натижасида Олий судда 83,1 фоиз якуний қарорлар қабул қилинишига эришилди. Натижада кўплаб ишларнинг судларда якуний ечим топмасдан, қайта-қайта кўрилишига, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳо­латларига, айниқса, юртдошларимизнинг йиллар давомида овора ва сарсон бўлиб, судма-суд юришига барҳам берилди.

Судлар фаолиятига жорий этилган ахборот-коммуникация технологиялари

Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида жадал иш­лар олиб борилмоқда. Хусусан, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали соҳани очиқлиги, шаф­фофлиги ва тезкорлигини таъ­минлаш мақсадида қабул қилинган Президентимизнинг 2017 йил 30 августдаги ва 2020 йил 3 сентябрдаги қа­рорларида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш натижасида Олий суднинг Интерактив хизматлар портали — «my.sud.uz» сайти жорий қилинди.

Порталда фуқаролар ва тадбиркорлар учун қуйидаги хизматлардан бевосита, яъ­ни суд биносига ташриф буюрмасдан, масофадан туриб онлайн тарзда фойдаланиш имконияти яратилган:

– судларга барча суд йўналишлари бўйича электрон шаклда мурожаат қилиш. Бу тизим орқали ҳозиргача судларга жами 523 минг 642 та мурожаат электрон шаклда юборилган;

– фуқаролик ва иқтисодий судлар бўйича давлат божи ставкасини ҳисоблаш электрон калькулятори;

– суд харажатларини онлайн равишда тўлаш имконини берувчи электрон тўлов тизими. Мисол учун бу тизим орқали айни вақтга қадар 16,1 миллиард сўмлик 13 613 та тўлов амалга оширилган;

– қонуний кучга кирган суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш.

Хусусан, жами 1 миллион 637 минг 733 та суд қарори Олий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинган;

– суд мажлисларининг онлайн жадвали;

– Олий суд раҳбариятининг қабулига электрон шакл­да рўй­хатдан ўтиш;

– дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисида масофадан туриб, иштирок этиш имконини берувчи мобил видеоконференцалоқа тизими. Ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда 2021 йилнинг ўтган олти ойида 710 та суд мажлиси ўтказилган;

– инсон омилисиз суд чақирув қоғозини масофадан туриб онлайн олиш ва бошқа шунга ўхшаш интерактив онлайн хизматлар йўлга қўйилган.

Айни пайтда Олий суд ахборот тизимини 28 та давлат органи ахборот тизимларига интеграция қи­лиш орқали маълумотлар алмашинувини 100 фоиз рақамли шаклга ўтказишни назарда тутувчи «Йўл харитаси», 2020-2023 йил­ларда суд ҳокимия­ти ор­ганлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланган. Ушбу ҳужжатларни амалиётга жорий этиш устида изчил иш олиб борилмоқда.

Маъмурий судларнинг жорий йил 6 ойидаги фаолиятига назар

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини оши­риш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармонига асосан 2017 йил 1 июндан бошлаб маъмурий судлар ташкил этилгани суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли ислоҳотлар йў­налишида том маънода муҳим қадамлардан би­ри бўлди.

Маъмурий судлар фуқаролар ва юридик шахсларга давлат ор­ганлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини амалда тўлиқ рўёбга чиқаришида муҳим роль ўйнайди. Бу, ўз навбатида, Ўзбе­кис­тонда ҳуқу­қий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда беқиёс аҳа­мият касб этади.

2018 йилнинг 1 апрелидан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс кучга кирди. Натижада юқорида қайд этилган конс­титуциявий принципнинг амалга оширилиши процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан таъминланди.

Маълумки, ҳеч бир янги ташкил этилган институт бирданига, ўз-ўзидан мукаммал даражада шаклланиб қолмайди. Буларнинг барчаси ойлар ва йиллар давомида орттирилган тажриба натижасида амалга оширилган, босқичма-босқич қўйилган қадамлардан иборат тадрижий ислоҳотлар натижасидир.

Шуни очиқ айтиш керакки, дастлабки уч йилдан ортиқ вақт маъмурий судлар учун муайян тажриба орттириш даври бўлди. Мазкур судлар томонидан бир вақтнинг ўзи­да кўрилаётган турли тоифадаги, яъни оммавий-ҳуқу­қий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар бир-бирига тескари ва битта суд томонидан кўрилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақидаги тўхтамга келинди.

Натижада Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати маъмурий судлардан — жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.

Шунингдек, айнан шу Фармонга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа маъмурий органлар мансабдор шахс­ларининг суд фаолиятига аралашувига ва таъсир ўтказилишига қатъий чек қўйиш мақсадида — туман-шаҳарларда фаолият юритган маъмурий судлар қисқартирилиб, вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди.

Маъмурий суд тизими ян­ги ва нисбатан ёш соҳа. Лекин ўтган тўрт йиллик фао­лия­ти давомида юридик ва жисмоний шахсларнинг маъмурий органлар ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний қарорлари ва ҳаракатларидан ҳимоя қилувчи таъсирчан механизмга айланиб улгурганлигини қуйидаги рақамлар яққол тасдиқлайди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида маъмурий судлар томонидан оммавий низоларга оид 7 минг 973 та иш кўрилди. Бу ўтган йилга нисбатан 16 фоиз кўпдир.

Энг асосийси, кўрилган ишларнинг 4 минг 117 таси ёки 52 фоизи қаноатлантирилди. Натижада кўплаб фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маъмурий судларнинг 2021 йилдан бошлаб «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида фаолият олиб бориши натижасида фуқароларнинг йиллар давомида судма-суд юриб, сарсон-саргардон бўлишига чек қўйилди. Ҳозирги кунда 94 фоиз низолар юзасидан узоғи билан 6 ой ичида якуний қарор қабул қилишга эришилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юр­тимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қо­нуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.

 

 

Робахон Маҳмудова,

Олий суд раисининг

биринчи ўринбосари

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: