ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ҚОНУН СУД ҲОКИМИЯТИ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ГАРОВИ ҲИСОБЛАНАДИ

Маълумки, шу йил 28 июль куни «Судлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва кучга кирди. Қонуннинг 98-моддаси билан амалдаги, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотган деб топилди.

Айтиш керакки, янги қо­нуннинг 4-моддаси билан судларга юклатилган вазифалар доираси кенгайтирилди. Эндиликда суднинг асосий вазифаларига фуқароларнинг Конс­титуция ва бошқа қонунлар, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халкаро ҳужжатларда кафолатланган ҳу­қуқ­лари ҳамда эркинликлари билан бирга давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахс­лар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш киритилди.

Ҳеч кимга сир эмас, суд ҳо­кимиятининг мустақиллиги, одил судлов суд қарор­лар­нинг ижроси билан таъминланади. Шу муносабат билан қонуннинг 10-моддасида қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахс­лар, фукаролар учун мажбурийлиги ҳамда ¤збекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт экани, суд ҳужжатини ижро этмаслик конунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Суд ишларини юритишнинг ошкоралиги — одил судловни амалга ошириш принципларидан бири. Қонуннинг 12-моддасида суд мажлиси залида ҳо­зир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкинлиги ҳа­қидаги қоида киритилган. Бу суд ишлари ошкора юритилишини кафолатловчи норма ҳисобланади.

Қонуннинг 15-моддаси «Одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёр­дам» деб номланган бўлиб, қо­нунга киритилган янги ноормалардан биридир. Унга кўра, одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳу­қуқи кафолатланади. Гумон килинувчи, айбланувчи, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланади.

Қонунда белгиланган ҳолларда давлат бепул малакали юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

Суд қарорлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ҳозирги кун­­га қадар фақатгина процессуал кодексларда назарда тутилган бўлса, тарафлар, конунда назарда тутилган ҳолларда эса, бошка шахс­лар ҳам суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят­ қи­лиш ҳуқу­қига эга экани ян­ги қонуннинг 17-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонунда Олий суд Пленуми, Раёсати, вилоят судлари Раё­сати таркиби, уларнинг ваколат ва вазифалари янги қои­далар билан бирга белгиланди.

Қонуннинг 8-боби «Судьяларнинг мақоми, уларнинг ҳу­қуқ ва мажбуриятлари» деб номланган. Бу бобнинг 58-моддасида судьяларга малака даражалари берилиши, судьяларга малака даражаларини белгилаш ва бериш тартиби ушбу қонун билан тасдиқланадиган Низомда аниқланиши қайд этилган.

Қонуннинг 60-моддасида илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахсларнинг қасамёд қилишининг янги тартиби мустаҳкамланган. Яъни судья­лар Олий суд Пленуми мажлисида касамёд килсалар, Қоракалпоғистон Республикаси судларининг судьялари тегишинча Қорақалпоғис­тон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раёсати мажлисида қасамёд қилади.

Қонуннинг 62-моддасида судьяларнинг мажбурияти доираси кенгайтирилган ҳол­да келтирилган бўлиб, унга кўра, судья:

Конституция ва конунларга оғишмай риоя этиши;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ҳамда мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши;

ўз ваколатларини амалга ошириш, шунингдек, хизматдан ташқари муносабатларда Судьялар одоб-ахлоқ кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини тушириши ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши;

коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга каршилик кўрсатиши ҳамда бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Судьялар олий кенгашига хабар қилиши;

суд процесси иштирокчиларини ҳурмат қилиши;

ўз малакасини судьялик ваколатларини бажариш учун зарур бўлган даражада сақлаб туриши;

манфаатлар тўқнашуви юза­га келган тақдирда ўзини-ўзи рад қилиши ва суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиши шарт ҳисобланади.

Янги таҳрирда қабул қи­линган «Судлар тўғрисида»ги қонундаги бу каби қоидалар судьяларнинг нафақат одил судловни амалга оширишига, балки ўзининг профессионал вазифасини ҳа­лол ва пок равишда бажаришига, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ­лари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини фақат қонун талаблари асосида ҳимоя қилиниши ҳамда бу шахсларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қи­лади.

 

 

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: