ЯНГИЛИК САМАРАСИ ЁХУД КОРПОРАТИВ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ АФЗАЛ ЖИҲАТЛАРИ

Янги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексда ўз ифодасини топган ҳуқуқий меъёрлар одил судлов сифатини янада ошириш, иқтисодий низоларни адолатли ва қонуний ҳал этиш, умуман айтганда, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Кодексда корпоратив низоларнини кўриб чиқиш ва ҳал этишнинг ҳам аниқ меъёрлари белгиланган. Кодекснинг 25-моддасига асосан иқтисодиёт соҳасида юридик шахс ма­қомини олган ва олмаган ҳол­да тадбиркорлик фаолиятини жамоавий ҳамда якка тартибда амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек, корпоратив низоларни кўришда тараф сифатида қатнашаётганлар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳу­қу­қий муносабатларга тааллуқли ишлар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Корпоратив низоларга тааллуқли суд ишлари даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, масаланинг белгиланган хусусиятлари инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилади. Корпоратив низолар сирасига қонунда ифодасини топган бошқа низолар ҳам киритилиши мумкин.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, умумий қоидага мувофиқ маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаблар иқтисодий судлар томонидан кў­риб чиқилмайди.

Аммо Иқтисодий-процессуал кодекснинг 25-моддаси би­ринчи қисми 5-бандида на­зарда тутилган ишлар бў­йича иштирокчилар (акциядорлар) — жисмоний шахсларнинг маънавий зарарни ундириш ҳақи­даги талаблари иқтисодий судга тегишлидир. Шу боис бундай шакл­даги зарарни ундириш тўғ­рисидаги даъво аризаси ёки талабни қабул қи­лишни рад этишга йўл қўйилмайди. Мазкур моддада қайд этилган қоидалар келишув битими тузиладиган ҳо­латларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Келишув битими қо­нун ҳужжатларига хилоф бўл­маса, шунингдек, бошқа шахс­ларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, у суд томонидан тасдиқланиши мумкин. Шу ўринда фикримизни Урганч туманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирадиган бўлсак, «Қўриқтом» масъу­­лияти чекланган жа­мия­ти таъсисчиси С. Абдуллаев судга даъво аризаси киритиб, ушбу корхона таъсисчиси А. Раҳимовни таъсисчилар рўйхатидан чиқаришни сўраган.

Аниқланишича, корхона 2007 йил 16 февралда Тошкент шаҳри, Миробод тумани «Ягона дарча» марказида рўй­хатга олинган. Уни таъсис этиш пайтида С. Абдуллаевнинг устав фондидаги улуши 62 фоиз, А. Раҳимовники 38 фоизни ташкил этган.

Амалдаги «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъу­лиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунга кўра, таъсисчининг даъво аризасида ифодасини топган ҳолатлар тарафларнинг ўзаро келишуви асосида ечим топмаган тақдирда суд орқали ҳал этилади. Ушбу қонун талабларига биноан жамият иштирокчилари унинг фаолиятига таъсис ҳужжатлари ва амалдаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган тартиб, миқдор, усул ва муддатларда ҳисса қў­ши­ши, таъсис ҳужжатларида белгиланган ва ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил муддат мобайнида унинг устав фонди (устав капитали)идаги ҳиссасини тўлиқ шаклллантиришлари зарур. Бундан ташқари жа­ми улушлари жамият устав фондининг (устав капитал) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) би­лан ташкилотнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чи­­қа­рили­шини талаб қи­лишга ҳақли. Бу талаб аввало таъсисчиларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилиши лозим.

Маълум бўлишича, А. Раҳимов айни масалага бағишланган йиғилишда иштирок этмаган. Қолаверса, унинг хатти-ҳаракати оқибатида корхона фаолиятини қийинлаштирадиган ҳолат ҳам рўй бермаган.

Унинг корхона умумий йиғилишда иштирок этмагани таъсисчилар таркибидан чиқариш учун ҳу­қуқий асос бў­лолмайди. Шу боис суд А. Раҳимовни жамият таъсисчилари рўй­­­­хатида қолдириш зарур, деган тўхтамга келди ва даъвогарнинг талабини рад этиш ҳақида қа­рор чиқарди.

Суд харажатлари ва давлат божи С. Абдуллаев томонидан қопланди.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Урганч тумани ҳокимининг 2012 йил 20 мартдаги қарорига мувофиқ «Соҳил» масъулияти чекланган жамияти 10 нафар таъсисчининг улуши асосида давлат рўйхатига олинган. Кейинчалик таъсисчилар ўр­тасида улушларни аниқлаш бўйича низо келиб чиққан ва корхонанинг 7 нафар таъсисчиси турли сабабларга кў­ра, мулкдорлар сафидан чи­қиб кетган. Шундан сўнг ушбу ни­зо фуқаролик ишлари бў­йича биринчи босқич судида ҳам­­да апелляция инстанциясида кў­риб чиқилган. Аммо суд ҳужжатларининг белгиланган тартибда ижрога қа­ратил­ма­гани, таъсис ҳужжатлари дав­лат рўйхатидан ўтказилмагани яна бир низога сабаб бўлган. Шу сабабли кор­хона маъмурияти суд қарорини ижро этиш ва таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида иқтисодий судга даъво аризаси киритган.

Судда аниқланишича, туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспек­ция­си 2018 йил 1 февралда таъсисчилар умумий йи­ғи­лиши қарори тақдим қи­лин­ган тақдирда корхонани давлат рўй­хатидан ўтказиш мумкинлигини билдирган бўл­са-да, амалда суд қа­рори ва ажрими ижроси таъминланмаган.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 73-моддасига мувофиқ фуқаролик ишлари бў­­­­­йича суд ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суд ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир. Бинобарин, фуқаролик ишлари бўйича суд қа­рори ҳамда апелляция инс­танция­сининг ажрими ҳамон ўз кучида ва у сўзсиз ижро қи­линмоғи шарт.

Ана шу қонуний асосларга таянган суд корхонанинг таъсис ҳужжатларини рўйхатга олиш бўйича мансабдор шахс тарафидан йўл қўйилган ҳаракатсизликни ноқонуний деб топди ва муқаддам чиқарилган суд қарори ҳам­да ажри­ми­ ижросини таъминлаш мажбуриятини юклади.

Таъкидлаш жоизки, ке­йин­ги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида судларда низоли масала­лар­ни тоифа ва туркумларга аж­ратиш, тарафларга маъ­қул бўлган усулларни қўл­­лаш ор­қа­ли кўриб чиқиш амалиёти йўл­­га қўйилди. Бу вақт ва бош­қа ресурсларни тежаш баробарида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиб, одил судловнинг самарадорлигини оширмоқда. Корпоратив низоларга оид янгича тартиб-таомиллар ҳам ана шу мақсадга хизмат қилаётгани айни ҳақи­қат.

 

 

Нилуфар АЛЛАБЕРГАНОВА,

Урганч туманлараро

иқтисодий суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: