ЭЗГУЛИК ИФОДАСИ ЁКИ ИСБОТИНИ ТОПМАГАН АЙБЛОВЛАР

Ҳаётда одам асоссиз, ноҳақ жазога тортилса, умрининг бир неча йилини тутқунликда ўтказса, унинг чеккан алам ва изтиробини тасаввур қилиш жуда қийин. «Танаси бошқа дард билмас» деб бекорга айтишмайди. Буни адолатсизлик ва ноҳақликка учраган, туҳматнинг аччик таъмини татиб кўрган кишигина тушунади.

Зомин тумани давлат со­лиқ инспекцияси «Жисмоний шахсларни солиққа тортиш бўлими» декларация шуъбаси бошлиғи лавозимида иш­­­лаган Абдужалил Юсупов тазйиқ остида берилган кўр­сатмалар, шубҳа-гумон ва туҳматдан иборат асоссиз да­лиллар билан қамоққа олинган. Биринчи босқич судининг 2010 йил 8 октябрдаги ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» банди ва 25, 210-моддаси 3-қисми «б» бандида на­зарда тутилган жиноятларни содир этганликда айб­ланиб, уч йил солиқ идоралари ҳамда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан ва ўн йил-у олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Айблов хулосасида ёзилишича, А. Юсупов мансабдор шахс бўла туриб, Х. Маматовнинг «Дамас» русумли автомашинасида махсус рухсатномасиз ва патент тўловини тўламасдан ноқонуний равишда йўловчи ташиш билан шуғулланаётганини билган ҳолда унга фаолиятини давом эттиришига шароит яратиб берган. Бунинг эвазига Х. Маматовнинг автомашинасидан бир неча марта бепул фойдаланиб, ундан пора тариқасида 150 минг сўм ва 2 400 сўм­лик саккиз дона қовун олган.

Бундан ташқари А. Юсупов Зомин тумани марказидаги бозорда савдо фаолиятини амалга ошириш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан гуруч сотаётган Б. Сиддиқовдан 8 минг 750 сўмлик уч ярим килограмм гуруч, ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланган А. Абдуллаевдан йўл варақасини қайтариб бериш эвазига 40 минг, сомсачи Р. Ботировдан 150 минг пора олганликда ва «Зомин — Ғолиб» йўналиши бў­­йича йўловчи ташийдиган автомашина ҳайдовчиларидан маълум миқдорда ойлик «йиғим» пулини пора тариқасида олишга суиқасд қилганликда айбланган.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди кассация инстанциясининг 2016 йил 3 мартдаги ажримига кўра, биринчи босқич­ судининг А. Юсуповга нис­батан чиқарилган ҳукми ўзгартирилган ва унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси саккиз йил муддатга белгиланган.

Олий Мажлис Сенатининг 2012 йил 5 декабрь ва 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актларига асосан А. Юсуповга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган муддати учдан бир қисмига қисқартирилган ҳамда у Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия тўғрисидаги қарори 3-бандига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисмидан озод қилинган.

Орадан бир неча йил ўтган бўлса-да, адолат ва ҳақиқат юзага чиқишига қатъий ишонган А. Юсупов Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида ши­коят­ ёзди. Ўз навбатида, судлов ҳайъатининг 2020 йил 19 июндаги ажрими билан А. Юсуповга нисбатан чиқарилган кассация инстанциясининг ажрими бекор қилинди ва жиноят иши янгидан кўриш учун юборилди.

Кассация инстанцияси очиқ суд мажлисида А. Юсупов шикоятидаги важларни қувватлаб, жиноят иши ўзига нисбатан қасддан туҳмат йўли билан уюштирилгани, иш бўйича жабр­ланувчи деб эътироф этилган шахслардан моддий манфаатдор бўлмагани, улардан пул ёки бошқа нарсаларни талаб қилмагани, гувоҳ ва жабрланувчилар тазйиқ туфайли кўр­сатма беришгани, тергов ва судда улар билан юзлаштирилмагани, айбловда қайд этилган жиноятларни содир этмагани сабабли суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳук­ми чиқаришни сўради.

Суд муҳокамасида гувоҳ ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари ҳақи­қатни тўлиқ ойдинлаштирди.

Аниқланган ҳолатларга кўра, А. Юсуповнинг зиммасига қў­йилган айбловлар фақатгина дастлабки тергов даврида жабрланувчиларнинг А. Юсуповга пора бергани ва бу ҳолатни тасдиқлаш ҳақидаги кўр­сат­маларига асосланган. Бу Бош прокуратура, Олий суд, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигининг 2014 йил 23 июндаги «Порахўр­лик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят иш­­ларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича» Қўшма кўр­сатмаси талабларига зиддир.

Аслида амалдаги қонун талабига асосан аризачиларнинг кўрсатмаларидан ташқари бош­қа объектив далиллар аниқланмаганда жиноят иши қўзғатилиши, шахс қамоққа олиниши, жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим эди. Бинобарин, шахсга айб эълон қилишга фақат объектив далиллар маж­муи­гина асос бўлади.

Бунда пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалари билан чегараланиб қолмасдан, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда поч­та-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши сингари аниқ мезонлар билан асослантирилиши лозим бўлади.

Бироқ жиноят иши ҳужжатларида жабрланувчи ва гувоҳларнинг А. Юсуповга пора берганлик ҳақидаги кўрсатмаларидан ташқари Қўшма кўр­сат­мада белгиланган шахсга нисбатан айб эълон қилишга асос бўлган объектив далиллар мажмуини ташкил этувчи бирон-бир аниқ мезон мавжуд эмас. А. Юсупов ўз хизмат мав­қеидан фойдаланган ҳолда пора олиш ёки пора олишга суиқасд қи­лиш жиноятларини содир этганини тасдиқлайдиган ишонч­га сазовор ва мақбул далиллар тўпланмаган.

Биринчи босқич суди А. Юсуповнинг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда таъмагирлик йўли билан такроран пора олиш ва пора олишга суиқасд қилганини ўзида акс эттирувчи рад этиб бўл­май­ди­ган далилларсиз, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширмаган ҳамда ишда юзага келган масалани ҳал қилишда айбланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқламаган. Жабрланувчи ва гувоҳ­лар­нинг пора бергани ҳақидаги кўр­сатмалари асосидагина А. Юсу­повга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.

Шу сабабли кассация судлов ҳайъати биринчи босқич судининг 2010 йил 8 октябрдаги ҳукмини бекор қил­ди ва жиноят таркиби бўлмагани сабабли А. Юсупов оқланди.

Оқлов — эзгулик ифодаси, кўнгил хотиржамлиги, дил равшанлиги.

Абдужалил Юсупов адолат қарор топиши, ҳақиқат юз кўрсатиши йўлида қийинчиликлардан чўчимади, метин иродасини намоён қилди. Одил судлов туфайли ҳамкасблари, ўзи истиқомат қилаётган маҳалла аҳли, айниқса, оиласи, фарзандлари ва яқинлари олдида юзи ёруғ бўлди. Энди у буни умр бўйи унутмайди.

 

 

Низомиддин ЭРНАЗАРОВ,

Анвар ҲОМИДОВ,

Жиззах вилояти суди судьялари

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: