ЭГРИ ЙЎЛГА БОШ ҚЎШГАНЛАР ЁХУД БОСҚИНЧИ ГУРУҲНИНГ КИРДИКОРЛАРИ ХУСУСИДА

Ҳаётда ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Бола вояга етар экан, оиладаги носоғлом муҳит, ота-онанинг тарбия масъулиятини ҳис этмаслиги, эътиборсизлик ва лоқайдлик каби иллатлар унинг охир-оқибат жиноят кўчасига киришига сабаб бўлади. Қуйида баён этиладиган воқеа ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Отасининг ичкиликка берилгани туфайли оиласи бу­­зил­гач, Нодир онасининг қа­рамо­ғи­да қолди. У амал-тақал қи­либ, мактабни битиргач, би­рор-бир ўқиш ёки касбнинг этагини ту­тишга, ҳаётда ўз ўрнини то­пиш­га ҳаракат қилмади.

Бунинг устига оилада унга тўғ­ри йўл кўрсатадиган, интилишларини қўллаб-қувватлайдиган, рағбат берадиган одам йўқ, ёлғиз онаси рўз­ғор ташвишидан орт­мас­­­ди. Нодир ана шундай назоратсизлик ва лоқайдлик оқи­батида кўчада ўзи­га ўхшаб бемақсад сандирақлаб юрадиган болалар тў­дасига қў­шилди.

Бу орада Нодир ана шундай безори болаларга қўшилиб, жи­ноий қилмишга қўл урди. Шунинг оқибатида жиноий жавобгарликка ҳам тортилди. Ам­мо у бундан ўзи­га тегишли хулоса чиқармади. «Ўрганган кўн­гил ўр­танса қўймас», деганларидек, яна эски «қадрдон­ла­ри»га қў­ши­либ, жиноят кў­часига кирди.

Хўш, кейинги жиноятларини у қандай содир этди?

У Ўткир Даминов бошчилигида жиноий уюшмага қўшилади ва бир қатор оғир жиноятларни содир этади. Жиноий гуруҳ дастлаб ўу­зор туманида жойлашган «Асрор­бек­ Шаҳзодбек» хусусий  мажмуасига босқинчилик уюштиради.

Тўдабоши Ўткир Боймуродовнинг топшириғига кўра, Но­­дир ва Ботир Маҳмудов ярим тунда хусусий савдо мажмуаси олдида пайдо бў­ли­шади.

Буни қарангки, одамийлик қиёфасини буткул йў­қотган босқинчилар мажмуа қо­ровули Нозим Ҳудойқуловни уриб-дўппослаб, сўнг қўл-оёғини арқон билан боғлаб ташлашади. Кейин эса, савдо мажмуаси эшигини бузиб, ич­­карига киришади ва 31 миллион 020 минг сўмлик мол-мулк­ни ўғирлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади.

Одатда, барчамиз азим шаҳар Тошкентга сайру саёҳатга боришни ният қиламиз. Таассуфки, бу уч ҳамтовоқ чиркин муддаоларини амалга ошириш учун Тошкентга йўл олишади. Босқинчилар пойтахтга етиб келишгач, Зангиота туманидаги «Эшонгузар» маҳалласи ҳудудида жойлашган Бахтиёр Шерматовга қа­рашли «PAY­NET» шохобчасининг эшигини бузиб, компью­тер жамланмалари ҳамда 200 минг сўм нақд пулни талон-торож қилишади.

Шундан сўнг бу қилмишнинг «ҳиди» чиқмаганидан ўз­ларича масрур бўлган жиноий шериклар янги «ўлжалар» ҳа­қида бош қотиришади.

Улар навбатдаги жиноятни амалга оширишда Ғузор туманида яшовчи ака-ука Акбар ва Анвар Мирзаевларни ҳам ўзларига шерик қилиб олишади.

Бу гал жиноий гуруҳ Янгийўл туманига қарашли «Намуна» маҳалласига йўл олади. Олдиндан тузилган жиноий режага кў­ра, босқинчилар ик­ки нафар фарзанди билан яшайдиган Гулноза Ҳазратованинг уйига киришади.

Шундан сўнг бос­қин­чилар Г. Ҳазратовага дўқ-пўписа қилиб, уни ўлдириш йўли билан қўр­қитишади. Шўр­лик аёл азбаройи қўрқиб кетганидан ти­ли калимага айланмайди. Но­расида гўдаклар эса, қўрқувдан дағ-дағ қалтираб, йиғ­лашга тушишади. Босқинчи­лар эса, хонадондан қимматба­ҳо кийим-кечаклар, шу­нинг­дек, 164 минг сўм пулни ўмариб ғойиб бўлишади.

Ҳа, бу ҳаётда ҳар қандай жи­ноий қилмиш, у қай кўринишда бўлмасин, беиз кетмаслиги тайин. Тўғри йўл қо­либ, тубанлик йўлини ихтиёр этган «ҳаммаслаклар»нинг кирдикорлари ҳам ана шундай якун топди.

Хайриятки, шаҳар бедарвоза эмас. Ички ишлар хо­дим­ла­рининг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли орадан кўп ўт­май­ жиноий гуруҳ аъзолари қўл­га олинди. Узоқ давом этган тергов ва суриштирув жараёнида ҳамтовоқларнинг барча жиноий қилмишлари фош бўлди.

Суд жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан узоқ муддатли қамоқ жазосини тайинлаш билан бирга жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни солидар тартибда ундириш тўғрисида ҳукм чиқарди. Яна бир гап. Биз бежизга мақоламиз аввалида жиноий гу­руҳ аъзоси, судланувчи Нодир Боймуродов ҳақида батафсил тўхталмадик. Чунки у биринчи босқич судининг ҳукмидан норози бў­либ, кассация шикояти ёзди. Унинг кассация шикояти Қашқадарё вилояти судида батафсил кў­риб чиқилди. Аммо кассация шикоятида келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади.

Айтиш керакки, нопок қилмиш азалдан ҳеч кимга наф келтирмаган. Шу боис ҳаром бойлик орттириш илинжида ҳаётнинг пучмоқ кўчаларида тентираган кимсалар пайти келиб, албатта, қилмишига яра­ша жазо олади. Шундай экан, фақат ҳалол меҳнат, эзгу ва хайрли амаллар инсон умрини безаш билан бирга, кўн­гил ҳотиржамлиги, оила ободлиги ва фаровонлигини таъминлашини унутмаслик керак. Аслида яшашнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда.

 

 

Ҳамид Бобоқулов,

Қашқадарё вилояти суди судьяси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: