ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАР ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Мамлакатимизда бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, бу соҳа вакилларига янада кўпроқ эркинликлар бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожидаги тўсиқларни бартараф этишга эътибор тобора кучаймоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг 2021 йил 14 сентябрдаги «Шартно­мавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки уш­­бу ҳужжатда белгиланган муҳим вазифалар фуқаролик-ҳуқу­қий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўр­натилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Фармонда шартномавий муносабатларни такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Биринчидан, 2021 йил 1 декабрдан қуйидагиларни бекор қилиш ҳақидаги таклифларга розилик берилди:

– тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;

– давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғ­ри­сида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талаб;

– қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб.

Иккинчидан, жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилди. Шунингдек, икки ой муддатда қарз шартномасини нотариал тасдиқлаганлик ҳамда қарз шартномасидан келиб чиқадиган пул суммасини ундириш бўйича ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган давлат божи миқдорини икки бараварга камайтириш белгилаб қў­йилди.

Маълумки, ҳаётда чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қарз олиш ҳолатлари кўп учрайди. Бироқ нотариуслар қарз шартномаларида қарзни фақат миллий валютада ёзишни сўрашади.

Бу, ўз навбатида, қарзни қайтариш вақтида чет эл валютасининг сўмга нисбатан қиймати ўзгарганлиги сабабли, кўп­лаб низоларга сабаб бўлади.

Натижада судларда пул мажбуриятлари бўйича «неустойка» ва фоизларни ундиришга оид низолар кўпайиб бормоқда.

Шу сабабали қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўза­ро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилиши, қолаверса, ушбу шартномаларни нотариал тасдиқлаганлик ҳамда қарз шартномасидан келиб чиқадиган пул суммасини ундириш бўйича ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган давлат божи миқдорининг икки баравар камайтирилиши бу борадаги низолар нисбатан камайишига хиз­мат қилади.

Учинчидан, 2022 йил 1 январдан суд ҳужжатлари ва бош­қа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни ре­ализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳи­собидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлар ечилган ҳолда топширилади. Бунда мол-мулк­ни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўл­ма­ганда, қарздорликни тў­лаш мажбурияти унинг со­биқ эгаси — қарздор зиммасига юклатилади.

Аукционда сотилган мол-мулк аукцион объектининг кўр­сатилган техник тавсифларига мос келмаса ҳамда мол-мулк аукционда сотилгунга қа­дар учинчи шахсларнинг эгалигига ўтиб кетган бўлса ва бу ҳолат аукцион якунланганидан сўнг аниқланса, аукцион ғолиби мулкни қабул қилиб олмаслик­ка ҳақли. Бундай ҳолатда закалат пули аукцион ғолиби му­рожаат қилган кундан бошлаб, уч иш куни ичида қайтариб берилиши шарт.

Электрон онлайн аукционда мол-мулкларни реализация қилиш билан боғлиқ ҳол­да юзага келадиган бир қатор низолар иқтисодий судлар томонидан кўрилади.

Мисол учун даъвогар — «Grand Osiyo» масъулияти чекланган жамияти Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси, қўшимча жавобгарлар — «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК ва «Agro Invest» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан Мажбурий ижро бюроси Тошкент ту­ман бўлими давлат ижрочиси О. Комиловнинг «Grand Osiyo» масъулияти чекланган жамия­тига тегишли Тошкент вилоя­ти Тошкент тумани Туркистон қишлоғида жойлашган икки қаватли бино-иншоотларини электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисидаги қарорини ҳақи­қий эмас, деб топиш ҳамда ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўл­лаган ҳол­да харидор — «Agro Invest» масъулияти чекланган жамиятидан сотилган мулкларни қайтариб олиб беришни сў­раган.

Аниқланишича, давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 14 февралда гаровдаги мулк­ларни электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш ҳақидаги қарор қабул қилинган. Гаровдаги икки қаватли бино-иншоотлар 2020 йил 12 мартда ўтказилган аукцион савдоларида талабгор бўлмаганлиги учун сотилмаган.

 

Ушбу бино ва иншоотлар 2020 йил 31 мартда ўтказилган такрорий аукционда «Agro Invest» масъу­лия­ти чекланган жамияти томонидан 10 фоиз арзонлаштирилган нархда ­3 022 990 100 сўмга сотиб олинган.

Судда жавобгар, яъни ха­ри­дор «Agro Invest» масъулия­ти чекланган жамияти вакиллари ўтказилган аукцион қои­даларига асосан аванс ва бош­қа тўловлар амалга оширилганини, мол-мулкни инсофли эгалловчи сифатида сотиб олганлигини маълум қилган. Даъво аризаси асоссиз киритилганини билдириб, уни қа­ноатлантиришни рад қилишни сўраган.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 229-моддаси иккинчи қисмига кўра, агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни уш­бу модданинг биринчи қисмида кўр­сатилган асослар бўйича та­лаб қилиб олишга йўл қў­йилмайди.

Шу сабабли биринчи инс­танция судининг 2020 йил 8 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан, даъвогар «Grand Osiyo» масъулияти чекланган жамиятининг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган. Апелляция инс­тан­ция­си судининг 2020 йил 26 ноя­брдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.

Айтиш жоизки, мазкур Фармонга асосан электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилишига оид қоиданинг белгиланиши хусусий мулкни ҳимоя қи­лиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини янада мус­таҳкамлайди.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан:

1) шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тў­лиқ ёки қисман бажаришини қа­бул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарз­да тасдиқлаганда, уш­бу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас, деб топишни талаб қи­лишга, агар бундай талаб ҳа­лоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас;

2) хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади.

Шартноманинг тарафи ва у томонидан жалб қилинган шахс­лар — ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, агентлар ва тарафлар назорати остидаги бошқа шахслар томонидан корруп­ция­га қарши қўшимча шартларга риоя этилмаганда, иккинчи тараф шартномани бир тарафлама тўхтатиб туришга, бекор қилишга ҳам­да зарарни қоплаб беришни талаб қилишга ҳақли бўлади;

3) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тў­ловлари бўйича қарздорлик тў­ланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни ўттиз календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.

Хабарнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь кун ичида тўловчи томонидан ушбу фармойиш устидан судга шикоят қилинган тақдирда, мижознинг ҳисобварағидан пул маблағларини чиқариш ёки чи­қар­маслик суднинг қарорига мувофиқ амалга оширилади;

4) коммунал соҳа, электр энергияси билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўл­ган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шарт­номалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.

Тўртинчидан, намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинди. Қо­нун билан тўғридан-тўғри тарафлар учун мажбурий бўл­ган намунавий шартномалар тасдиқланиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қолаверса, эндиликда шарт­номалар намуналари «yurxizmat.uz» махсус ахборот порталига жойлаштириб борилиши ҳам белгилаб қўйилди.

Бешинчидан, электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотди қи­линганда ва бошқа битимлар тузишда эскроу тизими жорий этилади.

Эскроу хизмати (шартли сақлаш) — бу молиявий битим бўлиб, унда учинчи томон келишувда (операцияда) қатнашувчи икки томон учун зарур бўлган тўлов маблағларини, келишув тўлиқ амалга ошгунига қадар, ўзида сақлаш ва бош­қаришни ўз зиммасига олади.

Бу ўз навбатида, мабағларни шартли сақлаш ҳисоб рақамида ушлаб туриш орқали, келишувни (транзакцияларни) янада хавфсиз бўлишига имкон яратади. Тўлов ишончли компаниянинг назорати остида фақат шартноманинг барча шартлари бажарилганда очиладиган хавф­сиз ҳисоб рақамида сақланади.

Эскроунинг асосий мақсади — товар олувчига товарнинг етиб келишини, товар сотувчига маблағлар келиб тушишини таъминлашдан иборат.

Эскроунинг ўрни битимни амалга оширишдаги воситачи сифатида намоён бўлади. Келишув бўйича барча мажбуриятлар амалга ошириб бў­лингач, эскроу хизматини амалга оширувчи пул маблағларини товар етказиб берувчи ҳисобига кўчиради.

Шу нуқтаи назардан, айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжат хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлашга, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилгандир. Янада муҳими, буларнинг барчаси ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

 

 

Қосим Авезов,

Тошкент вилояти судининг иқтисодий

ишлар бўйича судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: