ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ XV ЙИҒИЛИШИ

30 октябрь куни Олий суд раиси К. Комилов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Қозоғистон Республикаси раислигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ўн бешинчи йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари, кузатувчи мамлакатлар – Афғонистон Ислом Республикаси, Беларусь Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Монголия Олий судлари раислари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби В. Норов ва ЕХҲТнинг одам савдоси билан кураш бўйича махсус вакили ва координатори В. Ричи қатнашди.

Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, дўстлик ва яқин қўшничилик, ўзаро англашув ва ишонч, ШҲТ Хартияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига мувофиқ минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётганини таъкидлади.

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги биргаликдаги фаолиятни янада такомиллаштириш, адолат, қонунийлик ва ҳуқуқ тартиботини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш учун муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда.

ШҲТ ташкил этилганидан буён унга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш, юқори даражадаги ишонч ва биргаликда қарорлар қабул қилиш руҳи шаклланди.

Коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши курашда ташкилотга аъзо давлатларнинг бирдамлиги ва ўзаро қўллаб-қувватлашининг юқори даражаси «Шанхай руҳи» намоён бўлишининг ёрқин намунасидир.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар Шанхай ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатларнинг миллий суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, фуқаро ва тадбиркорлар ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари , эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали самарали химоя қилишни таъминлашга қаратилганини таъкидладилар.

Иштирокчилар судларнинг конституциявий қадриятларни тарғиб қилиш, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, шунингдек, COVID-19 пандемияси даврида ҳуқуқий муносабатларни ҳал қилишдаги ролини янада ошириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

Шунингдек, судлар фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ва глобал пандемия ҳамда иқтисодий инқироз даврида одил судловни амалга ошириш, суд тизимининг бу шароитда фаолият юритишига мослашиши, COVID-19 нинг олдини олиш ва назорат қилишдаги ўрни билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш жараёнида инсоннинг мажбуриятларига эътибор қаратиш муҳимлиги масаласи ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди.

Тадбир иштирокчилари миллий суд тизимларини ривожлантиришнинг янги босқичлари ва одил судловни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар таъсири, шу жумладан, одил судловга нисбатан жанжал кўтаришни судга босим кўрсатиш сифатида кўриб чиқдилар. Шу билан бирга, томонларнинг эътибори судлар ва жамият ўртасидаги мулоқотга брифинглар ва ижтимоий тармоқларда тушунтиришлар орқали йўналтирилган.

Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги тижорат низоларини ҳал этиш механизмини такомиллаштириш, суд тизимида коррупцияга қарши курашиш ва судларда коррупция хавфининг олдини олишга эътибор қаратдилар.

Тадбирда замонавий судлов тизимини рақамлаштиришнинг вазифа, тамойил ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, жиноят қонунчилигини инсонпарварлаштириш бўйича чора-тадбирлар ва уни қўллаш амалиёти ҳам муҳокама қилинди.

Иштирокчилар миграция муносабатлари жараёнидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва ШҲТга аъзо давлатлар судлари томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш амалиёти масалаларига ҳам тўхталиб ўтдилар.

Қайд этилдики, кейинги йилларда ШҲТ минтақасида суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш, шунингдек, суд тизимининг ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Муҳокамалар чоғида, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо  давлатларнинг суд тизимларини ривожлантиришнинг ҳозирги босқичда ушбу йиғилишнинг мақсад ва вазифаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон томони иштирокчиларни мамлакат суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг истиқболларидан бири, яъни дастлабки тинглов билан таништирди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди вакиллари мамлакатимизда маъмурий суд ишларини юритишнинг хозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, Ўзбекистон инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини кучайтириш орқали инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича маъруза тақдим этди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн бешинчи йиғилиши тўлиқ ўзаро англашув руҳи ва дўстона муҳитда ўтди.

Йиғилиш якуни бўйича қўшма баёнот қабул қилинди. Унга мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлариннг Олий судлари ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик, барқарорлик, хайрихоҳлик, халқларимиз тинчлиги ва фаровонлигини сақлашга янада кўпроқ ҳисса қўшиш ниятидалар.

Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатларнинг Олий судлари ШҲТ Хартияси, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва ШҲТ доирасида қабул қилинган бошқа халқаро шартномалар қоидаларини инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатларни янада кучайтириш ниятидалар.

Қайд этилганидек, одил судлов самарадорлигини таъминлайдиган омиллардан бири бу – судлар ва судьяларнинг маъсулияти ва мустақиллигини ошириш, шунингдек, суд тизими ҳамда суд ҳамжамияти профессионал ташкилотларнинг ролини кучайтиришдир.

Қабул қилинган баёнотда COVID-19 пандемияси шароитида судлар судга ташриф буюрувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, хавфсизлигини таъминлаган, шунингдек, ваколатли давлат идоралари томонидан жорий этилган ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиологик тамойилларга риоя этган ҳолда суд ҳимоясини амалга оширишнинг мақбул йўлини топиши шартлиги қайд этилган. Шунингдек, томонлар COVID-19 пандемия шароитида ва кўп томонлама ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдиришди.

Саккиз мамлакат Олий судлари қонунчилик ва суд амалиётида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини химоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, суд процессининг барча босқичларида тортишув тамойилини қўллашни янада кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратишди.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг жиноятларни тергов қилиш ваколатларини аниқ чегаралаш билан бирга жиноят  процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини такомиллаштиришни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Яна қайд этилдики, бугунги кунда иқтисодий одил судловни модернизация қилиш, тижорат низоларини ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш, инвесторларнинг суд ҳимояси кафолатларини кучайтириш, айниқса, глобал иқтисодий инқироз шароитида биринчи даражадаги вазифалар ҳисобланади.

ШҲТга аъзо давлатларнинг Олий судлари келгусида ҳам судларнинг мустақил ва самарали фаолиятига таъсир кўрсатадиган суд тизимидаги коррупцияни бартараф этиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини таъкидлашди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар таъсири кучайиб бораётган бугунги кунда судларнинг мустақиллигини мустахкамлаш мақсадида судлар тўғрисида маълумот олиш, уларнинг фаолиятини холис ёритиш, янги ахборот манбаларидан фойдаланиш, тушунтириш ишлари ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали судлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали алоқаларни ўрнатиш зарур. Энг асосий вазифа одил судловга нисбатан ноқонуний босим, жамоатчилик фикрини чалғитиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда суд хокимиятини обрўсизлантириш орқали суд ва судьяларга босим ўтказишдан ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда суд амалиётидаги муаммоларни муҳокама қиларкан, учрашув иштирокчилари ушбу соҳада, бола ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган одил судлов модели амалиётини ҳисобга олган ҳолда ўзаро тажриба алмашиш зарурлигини таъкидладилар.

Дунё ва минтақада миграция жараёни фаоллашаётгани ноқонуний миграция жараёнида инсон ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлашда суд хокимиятининг ролини янада оширишга эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатларининг Олий судлари судьяларнинг  ўзларини қизиқтирган соҳалардаги малакасини ошириш мақсадида илғор суд амалиёти ва миллий қонунчилик тўғрисида ўзаро тезкор маълумот алмашишни давом эттириш, шунингдек, қўшма конференция ва семинарларни ўтказиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида экани таъкидланди.

Имзоланган якуний баёнотга мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг навбатдаги йиғилиши 2021 йилда Қирғизистон Республикасида ўтказилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: