ХУФИЁНА КЕЛИШУВ ЁКИ ЁПИҚЛИК ҚОЗОН ЁПИҚЛИГИЧА ҚОЛМАДИ

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Бедил номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мардонқул Турсунқулов ва «Самарқанд Графит Алмаз» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Ноила Шарипова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ширкат ҳудудидаги Н. сонли уйнинг биринчи қаватида жойлашган уч хонали турар жой кўп йиллар муқаддам собиқ Темирйўл тумани ҳокимининг қарори билан маҳаллага маъмурий бино сифатида ажратиб берилгани ва ҳокимнинг ушбу қарори кадастр хизмати идорасида давлат рўйхатидан ўтмаганидан хабар топгач, уни сотиб, мўмай даромад олишни режалаштиришади.

Ғараз ниятда хуфиёна тил бириктирган икки мансабдор маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик бўйича ўринбосари вазифасида ишловчи Эътиборхон Кенжаевани жиноий шерик сифатида танлашади.

Улар ўзаро жиноий тил бириктириб, турар жой аслида Э. Кенжаеванинг ота-онаси Ш. Кенжаев ва О. Кенжаевага тегишли экани, 2000 йилдан бўён ундан маҳалла фуқаролар йиғини би­носи сифатида фойдаланилиб келинаётгани ҳақида сохта далолатнома тузишади. Унга маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг думалоқ муҳри босилиб, гувоҳ сифатида қўш­ни хонадонларда яшовчи Х. Ҳамидов, О. Норқурбонов ва З. Жабборованинг имзоларини сохталаштиришади. Сўнг­ра ушбу қалбаки далолатномани фуқаролик ишлари бў­йича судга тақдим этишади. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси Ш. Кенжаев ва О. Кенжаеванинг умумий мулки экани тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори чиқарилгач, у ҳадя шартномаси орқали О. Бобоқуловнинг номига расмийлаштирилади.

Шундан сўнг Н. Шарипова таниши Ф. Искандаровга хонадонни сотиб олишни таклиф қилади. Табиийки, Ф. Искандаров хонадоннинг ҳужжатларини сўрайди. Н. Шарипова унга ҳужжатлар ва хонадонни кўрсатади. «Маҳалла фуқаролар йиғини бу ерда вақтинча ижарада турибди, янги бино қуриб бўлингач, кўчиб кетади», дейди у.

Ф. Искандаров хонадонни сотиб олишга рози бўлгач, Н. Шарипова уни маҳалла фуқа­ролар йиғини раиси М. Турсун­қулов билан учраштиради. М. Турсунқулов хонадон нархини 390 миллион сўмга баҳолайди. Аммо Ф. Искандаровдан 350 миллион сўм бе­риш ниятида эканини эшитгач, дарҳол рози бўлади ва закалат сифатида минг АҚШ долларини олади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, М. Турсунқулов Ф. Искандаровдан хонадоннинг солиқ ва коммунал тўловлардан 3-4 йиллик қарзи борлиги, уларни тўлаш учун келишилган пулдан яна уч минг доллар беришни сўрайди. Бу орада Н. Шарипова ҳам уй ҳужжатларини тайёрлаш учун Ф. Искандаровнинг икки минг саккиз юз АҚШ долларини қўлга киритади. Аммо орадан тўққиз ой ўтса-да, фирибгарлар унга турли хил баҳоналарни рўкач қилиб, хонадонни расмийлаштириб беришни ортга суришади. Шу боис Ф. Искандаров улардан берган маблағини қайтаришни талаб қи­лади. Узоқ тортишувдан сўнг фирибгарлар унга 3 минг 500 АҚШ долларини қайтариб беришади.

Фириб йўлига кирган бу кимсалар бу билан чекланмасдан «OLX.uz» сайтига хонадон сотилиши ҳақида эълон беришади. Уни ўқиган Бурҳон Тоғаев хонадонни сотиб олиш мақсадида Э. Кенжаевага учрашади. Янги харидор билан бу гал савдо 26 минг АҚШ долларига «пишади». Б. Тоғаев ўша вақтнинг ўзида Н. Шариповага 3 минг АҚШ доллари беради. Орадан кўп вақт ўтмай у Н. Шариповага яна 23 минг АҚШ доллари беради ва ундан хонадонни сотгани тўғрисида тилхат ёз­дириб олади.

Ана шундан сўнг Б. Тоғаевнинг сарсон-саргардонлиги бошланади.

Фирибгарлар дастлаб уни «хонадонни бугун бўшатамиз, эртага бўшатамиз» дея алдашган бўлса, кейинчалик Б. Тоғаевнинг ўғли Сарварнинг но­мига ол­ди-сотди шартномаси орқали расмийлаштириб беришади. Аслида бу нав­батдаги ҳийла эди. Чунки олди-сотди шартномаси қо­ғозда қо­либ кетади, хонадон бўшатиб берилмайди. Шундан сўнг тоқати тоқ бўл­ган Б. Тоғаев ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Ушбу шикоят асосида фирибгарларга нисбатан жи­ноят­ иши қўзғатилади.

Судда гувоҳ сифатида кўр­сатма берган А. Жавлоновнинг фикрлари ҳақиқатни тў­лиқ ойдинлаштирди. А. Жавлоновнинг суддаги кўрсатмасига қараганда, у 1999-2001 йилларда ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаган. 1999 йилда маҳалла фуқаролар йиғинининг маъмурий биноси йўқ­ли­ги сабабли собиқ Темир­йўл тумани ҳокими номига ариза билан мурожаат қи­лишган. Шундан сўнг ҳоки­мият­га тегишли бўлган биринчи қаватдаги бўш турган уч хонали хонадон туман ҳо­кимининг қарори билан маҳалла фуқаролар йиғинига маъмурий бино сифатида ажратиб берилган. Бундан кў­ринадики, хонадон бирор-бир кишига тегишли эмас.

Биринчи босқич суди М. Турсунқулов, Н. Шаропова ва Э. Кенжаевага жиноий қилмишлари учун қонуний ва адолатли жазо тайинлади.

Шунингдек, ҳар учала судланувчи Жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш муайян ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Яқинда Самарқанд вилояти суди жиноят ишлари бў­йи­ча судлов ҳайъатининг апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида М. Турсунқулов, Н. Шарипова ва Э. Кенжаеванинг апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич судида Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддаси талабига асосан иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиб, қонуний тўхтамга ке­лингани учун апелляция шикоятини қаноатлантирмаслик ҳақида ажрим чиқарди.

Шу ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди — қинғир ниятдаги мансабдор шахсларнинг хуфиёна келишуви қонуний жазоланди.

 

 

Жамшид БОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтачи тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: