ХУСУСИЙ МУЛКНИНГ ИШОНЧЛИ ВА КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯСИ ТАДБИРКОРЛИК ТАРАҚҚИЁТИ ГАРОВИДИР

Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси Конституциямизнинг 53-моддасида белгиланган. Унга кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкдан маҳрум этилиши мумкин.

Мулк ҳуқуқи — шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўз­лаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқу­қини, ким томонидан бўл­масин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қи­лиш ҳуқуқи­дан иборат. Мулк ҳуқуқи муддатсиз.

Айтиш керакки, хусусий мулкнинг давлат томонидан қонунлар билан кафолатланган ҳу­қуқий ҳимоясини таъминламасдан туриб, кичик бизнес ва ои­лавий тадбиркорликни ри­вожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш қийин кечиши жаҳон амалиётидан ях­ши маълум.

Ҳалол меҳнат билан эришилган мулк эгаси ўз мулкининг ҳақиқий соҳиби бўлиши, яъни хусусий мулк дахлсиз бўлиши керак. Бу инсон ҳу­қуқ ва манфаатлари ҳи­моя­си­нинг узвий бир қисмидир.

Қонуний йўл, ҳалол меҳнат билан топилган хусусий мулк дахлсизлиги ва унинг кафолатли ҳимояси жа­мия­тимиз­даги ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила манфаати учун хизмат қилиши шубҳасиз. Қолаверса, бундай дахлсизлик ва кафолатли ҳимоя жамият фаровонлиги ҳамда давлат иқтисодиёти реал сектори барқарорлашувини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.

Жумладан, 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳи­моя қилишга ва ишбилармонлик му­ҳи­тини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғ­ри­сида»ги Пре­­зидент Фармони хусусий мулкни ҳуқу­қий ҳимоя қи­лишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган.

Хусусан, Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланди.

Шу билан бирга кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашни таъминлаш ҳам­да етказилган зарарларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳу­қуқ­лари ва қо­нуний манфаатларини ҳи­моя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳу­зурида давлат ва жамият эҳ­тиёж­лари учун ер участ­ка­ларининг олиб қўйилиши муносабати би­­­­лан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этилди.

Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини мазкур жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартиби жорий этилди.

Президентимизнинг 2018­ йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармонида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг қатъий­ тартиблари белгиланди.

Фармонга мувофиқ:

– давлат ва жамоат эҳ­тиёжлари учун ер участ­ка­ларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қи­лишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилади;

– ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулк­дорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади;

– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қи­линиши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳи­собидан қопланади, кейинчалик эса, айб­дор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2019 йил 3 августдаги «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўз­сиз таъминлаш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойиши бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир. Мазкур ҳужжатда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ер участкаларини олиб қўйиш ҳам­да кўчмас мулк объект­ларини бузиш ишларини амалга ошириш босқичлари белгиланган.

Бунда, хусусан, етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қа­дар олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморат ва иншоотларни бузиб ташлашга йўл қў­йилмаслиги кўзда тутилган. Ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги ва шу муносабат билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 августдаги «Хусусий мулкни ҳи­моя қилиш ва мулкдорлар ҳу­қуқ­ла­рининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қи­лиш тизимини тубдан такомиллаштириш бў­йича қў­шимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъект­ларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги Фармонига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўл­ган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бў­йича ваколатлар тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилди.

Яна бир муҳим янгиланиш 2020 йил 23 декабрда қабул қилинган «Мулкдорлар ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбе­кис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шим­чалар киритиш тўғ­ри­си­да»ги қонунда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга оид нормалар ўз аксини топди.

Мазкур қонун билан «Маҳаллий давлат ҳоки­мия­ти тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳи­моя қи­лиш ва мулкдорлар ҳуқуқ­ларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар ва Ер кодексига ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шу­нинг­дек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатини халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш, корхоналарни (ташкилотларни) давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўз­гартиришлар киритилди.

Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 20 августда мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда «Агар биз иқ­тисо­диё­ти­мизни, ижтимоий соҳани янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур», — дея таъкидлаганини алоҳида эъ­тироф этиш зарур.

Бинобарин, мустақиллик шарофати билан эришилган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳи­моя қилишнинг конституциявий кафолатларини кучайтириш, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш чораларини изчил давом эттириш бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида муҳим аҳамиятга эга.

 

 

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: