ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Мамлакатимизда инсон қад­рини улуғлаш, аҳолининг барча қатламлари манфаатини самарали ҳимоя қилиш, айниқса, ишсиз, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш қаратилган тизимли мулоқот механизмлари йўлга қўйилди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартда қабул қилинган “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбир­лари тўғрисида”ги қарорида ижтимоий аҳволи ва турмуш шарои­­ти оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳат бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ишларини мазкур қарорда белгиланган тартибда амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Ушбу қарорга кўра, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизларга “маҳаллабай” сайёр қабуллар орқали ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Ана шундай ҳафталик сайёр қабуллар Навоий шаҳридаги “Жанубий”, “Бунёдкор” “Чинор”, “Ёшлик”, “Фаровон”, “Меъмор” “Ватан”, ”Чинор” ва “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамда Навбаҳор туманидаги “Ўзбекистон” ва “Ғужбоғтепа” МФЙда бўлиб ўтди. “Аёллар дафтари”га киритилган 106 нафар хотин-қизларнинг мурожаатлари тингланди.

Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И. Касимов томонидан Нав­баҳор туманидаги “Ўзбекистон” ва “Ғужбоғтепа” МФЙда ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 15 нафар хотин-қизларнинг мурожаати ўрганилди.

Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Г. Худойбердиева, И. Шоймардонова, Н. Расулов, Б. Шерматов ва Ф. Хамидов томонидан Навоий шаҳридаги “Матонат”, “Жанубий”, “Чинор”, “Ватан”, “Фаровон”, “Ёшлик”, “Ҳумо” ва “Меъмор” маҳалла фуқаролар йиғинларида 91 нафар хотин-қизларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга тегиш­ли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Мазкур мурожаатларнинг 25 тадан ортиғи суд-ҳуқуқ масалалари тегишли, қолган қисми эса ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалаларни ташкил қилади. Хусусан, алимент ундириш, мол-мулкни бўлиш, никоҳдан ажратиш, оилавий ва уй-жой муаммоларига доир.

Суд-ҳуқуқ масаласига алоқадор иккита мурожаат бўйича тегишли ҳужжатлар тўп­ланиб, фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро (туман) судига тақдим қилиниши лозимлиги тушунтирилди.

— Авваллари судьялар билан бундай учрашувлар деярли бўлмасди. Бўлса ҳам расмиятчиликдан нарига ўтилмас эди. Бугунги учрашувда мен кўп йиллардан буён ҳал этилмаган муаммоларимга судьялар билан мулоқотдан сўнг ечим топдим. Шу каби учрашувларни тез-тез ўтказиб туришса яхши бўларди, — дей­ди Навбаҳор туманидаги “Ғужбоғтепа” маҳалласида яшовчи фуқаро Муқаддас Суюнова.

Навоий вилоятида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилаётган “маҳаллабай” сайёр қабуллар давом этмоқда.

 

 

Гулнафис ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Навоий вилоят суди судьяси

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: