ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ – ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИДАН БИРИ

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Шу маънода, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар 2021 йилда ҳам давом эттирилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу ҳақда фикр юритганда, ху­сусан, барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳ­тиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги — «Темир дафтар» тизими жорий этилганини қайд этиш лозим. Қисқа муддатда ушбу тизим орқали 527 минг нафар фу­қаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юрт­ларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинди.

2021 йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилмоқда. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 бараварга кўпайтирилиб, 2 минг­тага етказилади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳи­мояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.

Ўтган йили Касаба уюшмалари Федерацияси бошчилигида мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимликлар томонидан жойларда уйма-уй юриб, 6 миллион нафардан ор­тиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилди.

Шу асосда «Аёллар дафтари» шакллантирилмоқда.

Бу, ўз навбатида, хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар амалий ечимини топишида муҳим ўрин тутмоқда. Бу ишларга маҳаллаларда янги ташкил этилган «Аёллар маслаҳат кенгашлари» ҳам яқиндан кўмак бермоқда. Зеро, мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллион нафардан зиёд хотин-қизларга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим.

Келгусида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўр­ни ва нуфузини ошириш ҳам­да уларга янги имко­ният­лар яратиш бўйича нав­батдаги қадам сифатида Президентимиз янги ташаббусни илгари сурди. Яъни ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор хотин-қизлардан иборат Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклиф қилинди.

Хотин-қизлар кенгашларининг жойлардаги фаолия­тига ҳокимларнинг ушбу масалалар бўйича маслаҳатчилари раҳбарлик қилади. Шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва ҳудудий жам­ғармаларни янги ташкил этиладиган кенгашлар их­тиё­рига ўтказиб бериш мақсадга мувофиқ экани айтилди.

Шу билан бирга, Мурожаатномада аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши қайд этилди.

Энг муҳими, Олий Мажлис палаталари ва ҳукумат хотин-қизларнинг жамият ҳам­да давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқиши зарурлиги белгиланди.

Шу асосда ижтимоий аҳ­воли ва турмуш шароитлари оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга манзилли тарзда кўмаклашиш тизими жорий қи­линади.

Бу ҳақда сўз борганда, 2021 йил 8 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қа­рори қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Қарорга мувофиқ, хотин-қизлар муаммоларини «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни иж­ти­моий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Эндиликда ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай тарзида «Аёллар дафтари»га:

30 ёшдан ошган, ижтимоий ҳи­моя­га муҳтож ишсиз, яъни бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўл­ган, даромад манбаига эга бўл­маган, шу жумладан, меҳнат қи­лиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар;

боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар, боқувчиси бўл­маган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтожлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;

меҳнатга қобилиятсиз, ўзгалар парваришига муҳтожлар, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган, яъни меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшайдиган, уй-жойини таъминлаш имконияти бўлмаган хотин-қизлар;

нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила-аъзоларининг номида турар-жой бўлмаган хотин-қизлар, маъмурий бинолар, ертўлалар, истиқомат қилиш мақсадларига мўл­жал­лан­маган бошқа биноларда ёлғиз ёки оила-аъзолари билан биргаликда яшаётган, шунинг­дек, доимий яшаш учун тура-жойи бўлмаган ҳолда, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар;

қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд бўлган ёлғиз аёллар;

тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар, яъни ўзи ва биргаликда яшовчи оила-аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли даромад манбаига эга бўлмаганлар;

ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар, хусусан, ҳуқуқий маслаҳат олиш истагида бўлган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида мурожаат қилганлар;

психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар, айнан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар киритилади.

«Халқ банки»нинг туман, шаҳар филиаллари орқали тадбиркорликни йўлга қў­йиш ва ривожлантириш учун кредит олиш истагида бўлган хотин-қизларга тижорат банкларга ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бизнес лойиҳаларини ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тузиш ўргатилади. Уларга  кредит олишга кўмаклашилади.

Кредит ажратилгандан сўнг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш хизматлари кўрсатилади. Кредитлар «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

Бундай кредитлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорида, олти ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Бундан ташқари Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жам­ғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача бўлган миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари тасдиқланган рўйхат асосида фуқаролар йиғинлари томонидан турар-жой учун ижара конпенсациясини тўлаб бериш бўйича талабномалар секторлар раҳбарларига ҳамда туман, шаҳар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига тақдим этилади.

Секторлар раҳбарлари ҳам­да туман, шаҳар оилани қўл­лаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хулосаси асосида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга турар-жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилади.

Шу билан бирга, ҳуқуқий ёр­дам олишга муҳтож хотин-қизларга сайёр қабуллар орқали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди. Унга кў­ра, прокуратура органлари ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга амалий ёр­дам кўрсатади.

Бу борада прокуратура, ич­ки ишлар ва адлия органларига кўмаклашиш орқали хотин-қизларга амалий ҳуқу­қий ёрдам кўрсатиш мақсадида, Олий суд раҳбарияти ташаббусига асосан судлар томонидан ўтказилаётган очиқ мулоқот ҳамда сайёр қабуллар давомида «Аёллар дафтари»га киритилган ва ҳуқу­қий ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид муаммоларини ўрганиш бўйича манзилли режалар ишлаб чиқилиб, барча туман ва шаҳарларда учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, Хоразм вилояти ҳамда Урганч туманлараро маъмурий судлари судьялари томонидан жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судьялар билан ҳамкорликда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёр­дам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида Урганч шаҳрида, Урганч ва Гурлан туманларида сайёр қабуллар ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Бу каби чора-тадбирлар хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш орқали ислоҳотларни янги сифат бос­қичига олиб чиқишга мўлжалланган.

 

 

Умиджон Расулбердиев,

Хоразм вилояти маъмурий

судининг раиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: