«ХОЛИС ХИЗМАТ» АСЛИДА ЖИНОИЙ ҚИЛМИШ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Фириб ва пора амаллари кейинги пайтларда автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиш билан боғлиқ жараёнларга ҳам аралашгани хусусидаги гаплар баъзилар ўйлаганидек асоссиз бўлиб чиқмади. Урганчлик Мақсуд Холбоев ўйлаб топган фириб «ўйини» буни яққол тасдиқлади.

Ҳалол меҳнатга бўйни дов бермаган М. Холбоев текин даромад топишни кўзлади. Бироқ «кўза кунда эмас, кунида синди».

…Бу жиноий қилмиш 2021 йилнинг октябрь ойида рўй берди.

Ножўя ҳаракат аксарият ҳолларда ғаразли амалларга нисбатан кўнгилда уйғонган мойилликка бориб тақалади.

Боқимандаликка ўрган­ган Мақсуднинг кўнглида ҳам ғаразли қилмишларга нисбатан мойиллик ниш отди. Бундай табиатли кишиларнинг феъли урганчлик Жавлон Ражабовга ҳам кундай равшан эди. Яқиндагина орттирган «дўс­ти»нинг «холис хизмат» бобидаги ус­та­монлиги-ю, уддабурорлигига қойил қолган Ж. Ражабов кунларнинг бирида Мақсудга кўнглини ёз­ди.

Ҳайдовчиликка ўқигани, бироқ зеҳни панд бериб, имтиҳондан «йиқилгани»ни маълум қилиб, қайта имтиҳондан ўтишга кўмак сўради.

Мақсуд ҳам дангалига кўчди. «Холис хизмат» учун «дўсти»дан пул ундиришга кўнгли чопмаслиги, лекин бу нозик иш «ишончли таниш»ларининг «оғзини мойламай» туриб, амалга ошмаслигини тушунтирди. Ж. Ражабов танишининг бу илмоқли сўз­лари мағзини шу заҳотиёқ чақди. «Дўсти»дан ҳайдовчлик гувоҳномасининг нархини сўради.

М. Холбоев имтиҳон «қиймати»ни 200 АҚШ доллари қилиб белгилади. Ж. Ражабов ўйлаб ўтирмай унинг таклифига рози бўлди. У ушбу пулни ўтган йилнинг 28 октябрь куни «ҳожатбарор» қў­лига тутқазди.

Бироқ М. Холбоев бу пулни ҳазм қи­лиш нариёқда турсин, ҳатто чўнтагига жойлашга ҳам улгуролмади. У Ж. Ражабовдан фирибгарлик йўли билан пул олаётганда қўлга тушди.

Тергов органи унинг фирибгарлик ва пора беришга қаратилган бу қилмишини Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан малакалади.

Мазкур жиноий иш юзасидан ўтказилган суд мажлисида М. Холбоевнинг фирибгарлик, алдаш, ишончни суиис­теъмол қилиш йўли билан ўзига дахли бўлмаган мулкни эгаллаб олишга қаратилган ҳаракати Жиноят кодексининг шахсни мансаб эгасига пора беришга қизиқтириш ва бу ишда далолатчилик қилишга қаратилган 28,211-моддаси 1-қисми билан тўғри малакалангани қайд қилинди. Бироқ унинг фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол этиш йўли билан ўзига тегишли бўлмаган мулкни эгаллаб олгани, жиноий қилмиш охиригача амалга оширилгани, яъни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида баён этилган ҳолат юз бергани хусусида илгари сурилган даъво ўз тасдиғини топмади. Бу эса, кодекснинг ана шу моддаси бўйича қўйилган айбни унинг зиммасидан соқит этишни тақозо қилди. Зеро, ҳар ким ўз қилмиши доирасидаги хатти-ҳаракатлар учунгина жавоб бериши зарур.

Бунда Олий суд Пленумининг «Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори алоҳида аҳа­мият касб этади. Ушбу қарорда қайд этилганидек, агар айбдор пора берувчидан мансабдор шахсга бериш учун деб пул ёки бошқа бойликларни олса ва уни тегишли шахсга беришни хоҳламасдан, ўзлаштириб юборса, қилмиш фирибгарлик деб баҳоланиши лозим. Муайян бойликни қўлга киритиш мақсадида пора берувчи улар томонидан пора беришга оғдирилган тақдирда айбдорнинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга қизиқтирувчи тариқасида қўшимча тавсифланиши керак. Пора берувчининг ҳаракати бундай ҳолларда пора беришга суиқасд ҳисобланади. Бу ўринда пора берилиши мўлжалланган муайян мансабдор шахснинг номи айтилган-айтилмагани аҳамиятга эга бўлмайди.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори ҳам бу борада муҳим қўлланма ҳисобланади. Қарорда қайд қилинишича, мулк­ни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имко­ния­тига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади.

Жиноят кодексининг 25-моддасида масаланинг бу жиҳати янада тушунарли тарзда изоҳланган. Унга кўра, шахснинг қасддан қилинадиган жи­ноят­ни содир этиш ёки яшириш учун шарт-шароит яратувчи қилмиши ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, содир этилиши бошлангунга қадар тўхтатилган бўлса, бундай қилмиш жиноятга тайёргарлик кўриш деб топилади. Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳо­латларга кўра, охирига етказилмаган бўл­са, жиноят содир этишга суиқасд ҳисобланади. Жиноятга тайёргарлик кўрганлик ва уни содир этишга суиқасд қилганлик учун жавобгарлик ушбу кодекс Махсус қисмининг тамом бўлган жиноят учун жавобгарликни белгиловчи моддасига мувофиқ ҳал қилинади.

Қайд этилганлардан ҳам кўринадики, судга айбланувчи тариқасида жалб қилинган М. Холбоев пора беришга қаратилган ҳаракатни содир этмаган.

Аниқроғи, кўнгли бундай қилмишга қўл уришни эмас, балки фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган пулни ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлига харжлашни тусаган, аммо бунга муваффақ бўлмаган. Бу эса, Жиноят кодексининг мулкни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш ва пора бериш баҳонасида ўзганинг пулини ўз­лаштиришга суиқасд тарзидаги ҳолат содир бўлганидан далолат беради. Суд М. Холбоевнинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг ушбу турдаги қилмишларни ифодаловчи 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-модданинг 1-қисми бўйича малакалади.

Судланувчининг айбига тўлиқ иқ­рорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жиноят на­тижасида моддий зарар етказилмагани, оилавий ва моддий аҳволи, муқаддам судланмагани ва бошқа омиллар инобатга олинди. Суд айб­ланувчини жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш имкони мавжуд, деган хулосага келди. Шу боис М. Холбоевга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси ва энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдоридаги жарима тайинлади.

Мамлакатимизда инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик тамойилларига қатъий амал қилинмоқда. Бунинг натижасида билиб-билмай жиноятга қўл урган, тўғри йўлдан адашган кўплаб инсонлар жамиятдан ажралмаган ҳолда жазонинг муқаррарлигини анг­лаб етмоқда.

Бундай эзгулик М. Холбоев сингари кишилар учун сабоқ чиқариш ва ҳаётда тўғри йўлни топиб олиш учун катта имкониятдир. Ундан оқилона фойдаланиш эса, ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

 

 

Бунёд Ёқубов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: