ФУҚАРОЛИК ШАЪНИ: СУД БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ ТИКЛАДИ

Ҳаётда одам баъзан мушкул ва қийин вазиятга тушиб қолиши мумкин. Айтайлик, сиз узоқ йиллар мобайнида у ёки бу соҳада фаолият юритдингиз ва ниҳоят, кексалик нафақасига чиқиш муддати етиб келди. Бироқ меҳнат фаолиятингиз ҳақдаги ҳужжатлар узрли ёхуд узрсиз сабабларга кўра, архив муассасаларига топширилмасдан қолган.

Бунинг оқибатида кўп йиллик меҳнат фаолиятингизга оид маълумотлар изсиз йў­қолган. Бундай ва­зият­да муаммога дуч келган фуқаронинг меҳнат фао­лиятига дахл­дор ҳужжат ва маълумотларни топишга қаратилган елиб-югуришларидан наф чиқмайди. Амалда ўзининг меҳнат фао­лиятига оид далил-дас­такларни тўплашга кўпгина фу­қароларнинг қур­би ҳам етмайди.

Бунинг оқибатида оддий одамнинг кексалик гаштини суриш, роҳат-фароғатда яшашга доир орзуси ора йўлда қолади.

Бироқ қонуннинг йўриғи бошқа: у барча фуқароларнинг юридик ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлашни кўз­лайди. Оддий фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини етарлича муҳофаза қила олмаган бир пайт­­да, унинг яқин мададкорига айланади, ҳуқу­қий ҳи­моя­си ва қонуний манфаатини таъминлайди. Нафақа масаласида фуқаролар йўлида пайдо бўладиган бундай муаммо ишончли ҳуқуқий манба — қонунчилигимизнинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилашга доир тартиб-таомиллари асосида ҳал этилади.

Шу ўринда суд амалиётига эътибор қаратсак, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди жорий йилнинг дастлабки 4 ойида ҳуқуқий аҳамиятга молик фактларни белгилаш юзасидан 96 та ишни кўриб чиқди. Бу жами ишларнинг 13 фоизига тенг.

Юридик фактни белгилашга доир ишларни бевосита одамлар ҳузурида — сайёр тартибда кўриб чиқишнинг аҳа­мияти янада катта. Ўтган йил ва жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида ушбу мазмундаги суд ишларининг 90 фоизи айнан шундай тартибда, карантин қои­даларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилди.

Айтиш керакки, Фуқаролик-процессуал кодексининг 295-моддасида юридик аҳа­миятга молик фактни белгилашнинг аниқ тартиби ўз ифодасини топган.

Унга кў­ра, «Судлар шахснинг қариндошлик алоқалари; шахс бировнинг қарамоғида эканлиги; оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилгани, шу­нинг­дек, туғилган вақти; фар­занд­ликка олиш, никоҳ ва ундан ажратиш ҳамда ўлимни қайд этиш; эр-хотиндан би­ри вафот этгани оқибатида фу­­қаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш ор­ганларида никоҳни рўй­хат­дан ўт­казиш мумкин бўл­май қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақи­қатда никоҳ муносабатларида бўл­гани; шахснинг ҳуқу­қини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари,ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан бериладиган гувоҳномалар бундан мус­тасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг ис­­ми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос кел­маган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишли ёки тегишли эмаслиги; бахтсиз ҳодиса; иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш; меросни қабул қилиш ва унинг очилиш жойи фактларини аниқлаш билан боғлиқ ишларни кўради». Бу борада қабул қилинган суд қарорлари турли оилавий муносабатлар, нафақа тайинлаш, жисмоний ва юридик шахслар билан юзага келадиган турли масалаларни ҳал этиш кафолатини беради.

Аммо юридик фактларнни белгилашнинг бошқача (судсиз) тартиби назарда тутилган ҳолларда унга оид аризалар суд тартибида кўрилмайди. Уш­бу тартибга биноан меҳнат стажини (пенсия, меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва бола туғилиши муносабати би­лан нафақа тайинлаш, иш ҳа­қига фоиз қўшимчаларни қўшиб ҳисоблаш, узоқ йиллик хизмати эвазига бир йўла мукофот пули тўлаш ва ҳо­казолар учун), фуқароларнинг ёшини белгилаш, ҳа­қиқий ҳарбий хизматни ўтаганлик, партизан отрядида бўлганлик, жанг­ларда яраланганлик, олий ўқув юрти, техникум, ўрта мактаб ва бошқа ўқув юртларини битирганлик фактларини белгилаш, пар­тия, касаба уюшмалари ҳужжатлари, паспорт ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ор­ган­лари томонидан бериладиган гувоҳномаларнинг тегишлилиги фактини белгилаш тўғрисидаги аризалар судда кўрилмайди.

Шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ор­ган­лари томонидан бе­ри­ла­ди­ган гувоҳномалар бундан мус­тасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғ­ри­сидаги гувоҳномасидаги фа­милия­си, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда,мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги фактини белгилашга доир аризалар салмоғи ан­ча катта.

Аммо кейинги пайтда бу бо­радаги устунлик фуқароларга пенсия-нафақа тайинлаш би­лан боғлиқ масалаларга ўт­ди десак, янгилишмаймиз. Бунинг асосий сабаби ҳужжатлардаги чалкашлик, ноаниқлик ва мав­ҳумликларга бориб тақалади.

Фактлар пенсия ва нафақа тайинлашга доир ҳужжатлар тегишли маҳкамаларга баъзан хато-қусурларга «бой» ҳолда тақ­дим этилаётганидан далолат беради. Мутасадди идора хо­дими­нинг оддийгина бепарволиги, лоқайд­лиги сабабли турли бюрократик тў­сиқлар, қо­ғоз­боз­ликлар, овора-ю сарсонгарчиликларга дуч келаётган ва бунинг оқибатида муайян вақт­гача нафақа таъминотидан четда қолаётганлар анчагина. Масалан, қўш­кўпирлик Ро­вия­жон Авезова айнан шундай масъулиятсизликнинг жабрини торт­ди.

Тумандаги собиқ «Не­захос» жамоа хўжалиги масъулининг эътиборсизлиги бо­ис фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатда Авезова Ро­вия­жон Норимовна дея қайд этилган исм-шарифи ўз­­бошимчалик билан ўзгартирилган. Унинг 1992-2000 йиллар мобайнида ушбу хўжаликдаги фаолияти Авезова Рая номи остида пенсия таъминоти идорасига тақдим қи­линган. Мазкур маҳкама жамоа хўжалиги мутасаддиси томонидан оддийгина тарзда йўл қўйилган ушбу ха­тони жиддий камчиликка йўй­ди. Р. Авезовани сал бўл­маса, ўзганинг номини ўз­лаш­тир­ган­ликда айблади. Бир неча ойларга чўзилган сарсонгарчилик ниҳоят судда якун топди. Жамоа хўжалигида фуқаронинг номига ёзилган 4375919-рақамли меҳнат дафтарчаси у бир не­ча йиллар давомида ушбу жамоада ишлаганини кўрсатди. Ишкал иш ҳақи ҳужжатларидан чиқди. Фуқаронинг исм-шарифи қў­пол тарзда бузилгани ва Рая Авезова номи остида қайд қи­лингани маълум бўл­ди. Суд тегишли ҳужжат ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини ҳам эътиборга олди. 1967 йил январь ойида туманнинг Ҳадра қишлоғи «Незахос» маҳалласида туғилиб, қарийиб 8 йил мобайнида шу ердаги собиқ жамоа хў­жалигида меҳнат қилган шахснинг исм-шарифи Рая Авезова эмас, балки Ровияжон Норимовна Авезова экани шу аснода маълум бўлди. Бу ҳолат юридик факт­ни белгилаш бў­йича суд томонидан чиқарилган ҳал қи­лув қарорида ўз аксини топди.

Суд муҳокамаси учун тақдим этилган бошқа бир ҳо­латда ҳали 1956 йил атиги 1 ёш­лик чоғидаёқ бевақт оламдан ўтган Нуриддин Дурдиевнинг вафотини белгилаш масаласи кў­риб чиқилди. Шу юзадан унга ука эканлигини даъво қилган Ғайрат Дурдиевнинг аризаси атрофлича ўрганилди. Бу жа­раёнда судга ариза билан мурожаат қилган Ғ. Дурдиев 1968 йил июль ойида туғилгани,отаси Қу­ранбой Дурдиев 1994 йил ноябрь, онаси Ёқутжон Жуманиёзова эса, 2013 йил март ойи­да вафот этгани факти ҳам аниқланди. Ушбу фуқаролар 1 яшарлик чоғида вафот этган гўдакнинг укаси ва ота-онаси экани эътироф қилинди. Аён бўлишича, Нуриддин Дурдиевнинг ўли­ми ўша вақт­да мутасадди маҳкама томонидан тегишли тартибда қайд қи­линмаган. Шовот тумани ФҲДЁ бўлими эса, Дурдиевлар оиласига тўнғич аканинг ўлими бўйича маълумотнома бериш ҳақидаги талабни рад қилган. Даъвогар та­раф­ шундай сўнг бевақт но­буд бўлган бола ҳақи­да маълумот бериши мумкин бўлган ҳужжатни туман Марказий шифохонасининг архив муассассига топширилган жилдлари орасидан излашга ки­ришган. Аксига олиб, бундан ҳам наф чиқмаган. Шифохонанинг бо­ла вафот этган давр­га оид ҳужжатлари архив­га топширилмагани маълум бўл­ган. Ҳай­рият­ки, қидирилаётган маълумот туман Ободонлаштириш бошқармасидан топилган. Мазкур бош­қарма­нинг 2021 йил 13 мартдаги маълумотномасида ёзилишича, 1956 йил 1 январь куни вафот этган Н. Дурдиев Шовот шаҳарчасидаги «Шаҳидлик бо­бо» қабристонига дафн қи­линган. Ўлим фактини судга таклиф қилинган гувоҳ ҳам тасдиқлаган.

Суд ушбу ҳолатларни эътиборда тутиб, фуқаро Дурдиев Нуриддин Куранбаевичнинг 1956 йил 1 январ куни вафот этганини эътироф этди. Шу бўйича қабул қилинган ҳал қи­лув қарорига асосан ўлим факти белгиланди.

Мерос масаласида мазкур оилани қийнаб келаётган муаммо ана шу аснода ечим топди.

Баён этилган ҳо­латлардан ҳам кўринадики, судлар қонун талабидан келиб чиқиб, юридик фактларни белгиламоқда. Бироқ фуқаролик муносабатларига оид ҳужжатларни қо­нун меъёрлари асосида тўғ­­ри, аниқ, лўн­да, тушунарли ва аслида қандай бўлса, шундайлигича ёзиш ҳамда расмийлаштиришга асосан идора ва ташкилотларнинг мутасаддилари масъул эканини доимо назарда тутиш керак. Фуқаролик шаъни ва обрўсини улуғлаш уларнинг биринчи галдаги вазифаси, ҳаё­тий бурчидир.

 

 

Зафар Султонов,

фуқаролик ишлари бўйича

Шовот туманлараро суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: