ФОШ ЭТИЛГАН ҚИНҒИРЛИК

Ҳаётда қонун талабларига қатъий амал қилган киши асло ютқазмайди. Аксинча, нафс йўриғига юриб, ноқонуний ишларга қўл урадиган кимсалар қилмиши учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлади. Буни қуйидаги мисол ҳам тасдиқлайди.

Касби туманидаги «Пахтакор-мотор» масъулияти чекланган жамияти ММТП корхонасида бош ҳи­собчи лавозимида ишлаган Баҳодир Ражабов (исм-шарифлар ўзгартирилган) қин­ғирлик йўли билан мўмай даромад топмоқчи бўл­ди. У корхона ҳисобидаги қурилиши тугаллан­ма­ган 60 ўринли шифохона биносини корхонанинг со­лиқ идорасидан кўп миқдордаги қарздорлик ҳолати­ни баҳона қилиб, қалбаки ҳужжатлар асосида «Сардор-бизнес чорва» масъулияти чекланган жамиятига 89 миллион 28 минг 529 сўм­га сотиб юбориб, пулни ўз эҳтиёжларига сарф­ла­ган. Шу тариқа масъулияти чекланган жамиятининг кўп миқдордаги мулки растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Ваҳоланки, «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонун талабларига кўра, бу турдаги жамият фаолияти қонуний мувофиқлаштирилган бўлиши, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уни ўтказишдан камида­ 30 кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иш­тирокчисини хабардор қилиши зарур эди. Бироқ Б. Ражабов жамият иш­тирокчиларининг амалда ўтказилмаган умумий йиғилиши қарори ва имзоларни сох­талаш­тириб, мансаб сох­такорлиги жиноятини содир этган.

Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, нопок кимсанинг ҳам қил­миши фош бўлди. Б. Ражабов дастлабки суриштирув жараёнида турли-туман баҳоналар билан қилган жиноятини хаспўшлашга уринди.

Суд ушбу жиноят ишини атрофлича муҳокама этиб, судланувчи Б. Ражабовга нисабатан қо­ну­ний жазо тайинлаш билан бирга судланувчидан 89 миллион 28 минг 529 сўм маблағни «Пахтакор-мотор» масъулияти чекланган жамияти ММТП фойдасига ундириш ҳақида ҳукм чиқарди.

Қинғирлик ҳеч қачон бировга фойда келтирмаган. Б. Ражабов ҳам энди бу ҳаётий ҳақиқатни тушуниб етган бўлса, ажаб эмас.

 

 

Ҳамид Бобоқулов,

Қашқадарё вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: