ФОЖИАЛИ ЯКУНЛАНГАН НИЗО УЧ НАФАР ФАРЗАНДНИ ЕТИМ ҚОЛДИРДИ

Оила — жамиятнинг муҳим бўғини. У қанчалик тинч ва тотув бўлса, жамият ҳаётида барқарорлик мустаҳкам бўлади. Акс ҳолда эса, оила қўрғони пароканда бўлиб, кўплаб моддий-маънавий муаммолар юзага келади.

Тўрақўрғонлик Дилмурод Сатторов (исм-шарифлар ўз­гартирилган) Дилором Сайдиева билан турмуш қуриб, уч фар­занд­ли бўлишган. Аввалига уларнинг оиласи ҳавас қилгудек эди. Аммо 2008 йилда уларнинг оиласига дарз кетди — эр-хотин ажрашишди. Дилором ота уйига кўчиб кетди. Дилмурод эса, бош­қа аёлга уйланди. Шундан сўнг бола таъминоти, кейинчалик уй-жой низоси бошланди.

Дилором Сайдиева Дилмурод Сатторов билан турмуши даврида биргаликда уй-жой қуришгани сабабли умумий мулкдан ўзининг улушини ажратиб олиш бўйича судга мурожаат қилади. 2018 йилда суд қарори асосида ўз улушига эга бўлади. Суд қароридан сўнг икки йил давомида улар келишиб олишга ҳаракат қи­лишган, аммо…

Ўтган йили 8 июнь куни Дилмуроднинг уйига амакисининг хотини маҳалладоши билан кириб келиб, собиқ хотини Дилором Сайдиевадан ҳовлининг 6 сотих ер майдонини сотиб олганини айтиб, бу жойни бўшатишни талаб қилади. Аммо Дилмурод бу ҳолатга эътибор бермасдан ишлаш учун далага кетади.

Бироқ тушлик учун қайтиб келганида уйдаги анжомларнинг ҳар тарафга сочиб ташланганини кўриб, ғазаб отига минади. Шу пайтда собиқ хотини Д. Сайдиева келиб қолади ва улар ўзаро тортишиб кетади. Жанжал авжига чиққанида Дилмурод Дилоромнинг кўкрак ва қорин бўшлиғига бир неча маротаба пичоқ санчади. Оғир жароҳат туфайли Дилором ҳаётдан кўз юмади.

Суд мажлисида Д. Сатторов ўша куни кучли руҳий ҳаяжонда бўлгани, собиқ турмуш ўр­тоғини ўлдириш нияти бўлмаганини қайта-қайта таъкидласа-да, аммо унинг бу важлари ўз исботини топмади. Чунки у бу ишни қасддан қилинганини гувоҳлар ҳам тасдиқлашди. Қолаверса, судга оид экспертиза хулосасида жи­ноят­ни содир этиш пайтида Д. Сатторовда ҳеч қандай руҳий бузилиш ҳолати аниқланмагани, аксинча, ўз ҳаракатларининг аҳа­мия­тини англаш ва уларни бош­қа­риш қо­билиятига эга бўлгани баён қилинган. Шу каби ҳолатларни синчиклаб ўрганиб чиққан суд Д. Сатторовга 17 йил озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинлади.

Шу тариқа оиланинг пароканда бўлиши фожиали якун топди ва уч фарзанд етим бў­либ қолди. Улар узоқ вақт ота меҳридан ҳам мосуво бў­лишди. Бу эса, улар ҳаётида оғир из қолдириши тайин.

 

Жамшид Маъмуров,

Наманган вилояти суди судьяси,

Икромжон ОрифжОнов,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: