ФОЖИАГА САБАБ БЎЛГАН ҒАЗАБ БИР ОДАМНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Жаҳл ва ғазабни жиловлай олмаслик, ичкиликбозлик ва лоқайдлик кишини ҳеч қачон яхшиликка етакламайди. Қуйида баён этилаётган жиноят тафсилоти ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Ўтган йилнинг 5 июнь куни ургутлик Соли Мажидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) маҳалла марказидаги ошхонада спиртли ичимлик ичаётганда ёнига таниши Умрзоқ Хўжаназаров келади. Улар улфатчиликни давом эттиришади. Ошхонадан чиқиб кетаётганида У. Хўжаназаров С. Мажидовдан бир шиша ароқ олиб беришни сўрайди. С. Мажидов бунинг имкони йўқлигини айтгач, Умр­зоқ уни ҳақорат қилади.

Бундан қаттиқ жаҳли чиққан Соли Умр­зоқнинг юзига мушт туширади.

Кутилмаган зарбдан ерга йиқилган Умрзоқни Со­ли аёвсиз тепкилайди.

Бундан ҳам кўнгли тўлмаган С. Мажидов ошхона яқинида жойлашган хўжалик моллари сотиладиган дўконга кириб, узун мих олиб чиқади ва уни ҳу­шини йў­қотган У. Хўжаназаровнинг танасига кетма-кет санчади. Оғир жароҳат олган У. Хўжаназаров ҳаётдан бевақт кўз юмади.

Яқинда С. Мажидовнинг жи­ноий­ ҳаракатлари суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд жамоат тартибини қўпол равишда бузганган ҳолда У. Хўжаназаровни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган С. Мажидовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л”, “ж”­ бандларига асосан айбдор деб топди ва унга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини та­йин­лади.

Спиртли ичимлик туфайли келиб чиққан жанжал ана шундай фожиали якун топди. Агар С. Мажидов У. Хўжаназаровни кечириб, ғазаб ва қаҳрини ичига ютганида воқеа ривожи бош­қача кечган бўлар эди. Қолаверса, икки маротаба оила қуриб, ажрашган, бирор тайинли ишнинг бошини тутмаган, спиртли ичимлик ичишга муккасидан кетган У. Хўжаназаровни ҳам оқлаб бўлмайди. Мудҳиш қотиллик содир этилаётганда С. Мажидов ва У. Хўжаназаровни ажратиб қў­йиш ўрнига лоқайд томошабин бўлиб турган ошхона ва дўкон эгалари, шу атрофдаги бошқа одамларнинг ҳаракати ҳам эъ­тирозга лойиқ.

Умуман, ҳар қандай вазиятда оғир-босиқ, мулоҳазали, тоқатли бўлиш, ақл билан иш тутиш, спирт­ли ичимлик ичишга ружу қўймаслик бу каби аянчли фожиаларнинг олдини олиши шуб­­ҳасиз. Шу маънода соғлом турмуш маданиятини шакллантириш ва тарғиб этиш ҳамиша кун тартибидаги долзарб вазифа бўлиб қолаверади.

 

Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Ургут тумани суди раиси,

Абдуҳамид ЭГАМБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: