ФИРИБ ЧОҲИГА ФИРИБГАРНИНГ ЎЗИ ҚУЛАДИ

Фирибгар кимсалар айрим одамларнинг соддалиги ва ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслигидан фойдаланиб, уларга катта миқдорда моддий ва маънавий зиён келтиради. Ўз навбатида, судлар томонидан фирибгарларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Тойлоқлик Илҳом Самандаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳали ёш бўлишига қа­рамай, бирон-бир фойдали меҳнат билан шуғулланиш ўрнига ўз­галар мулкини фирибгарлик йў­­­ли билан қўлга киритишни мақ­сад қилган.

Ўзи­ни бошқаларга автомобиллар ол­ди-сотдиси билан шуғулланувчи шахс сифатида таништирган И. Самандаров автомашиналарни ижарага олиб, уларни бошқа­ларга ижа­рага берган. Ижара тў­ловини эса, автомашиналарнинг ҳақиқий эгаларига бермасдан, ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

2019 йилнинг июнь ойида у Эрназар Жониқулов «Lacetti» русумли автомашинасини сотмоқчи эканидан хабар топади. У автомашинанинг асл баҳоси 13 минг 500 АҚШ долларига тенг­лиги, бироқ пулини ўттиз ой ичида бўлиб-бў­либ бериш шарти билан 17 минг 500 АҚШ долларига сотиб олишини маълум қилади. Бу таклиф Э. Жониқуловга ҳам маъқул тушади.

«Хамир учидан патир» қа­билида 3 минг АҚШ доллари берган Илҳом автомашинани вақтинчалик Ф. Холмуродовнинг номига расмийлаштириб беришни сў­рай­ди. Э. Жониқулов бу талабни бажаргач, И. Самандаров унга ҳар ойда 500 АҚШ доллари беришни айтади. Аммо бир­оз вақт­дан сўнг у турли баҳоналарни ру­кач қи­либ, ижара пулини Э. Жониқуловга бермайди.

Кейинги гал Илҳом Эрмамат Келдиёровнинг автомашиналарни ижарага бериш билан шуғулланаётганини эшитиб, дарҳол унинг олдига боради ва ундан 2 миллион 500 минг сўмлик ойлик ижара тўлови эвазига «Hundai Porter» русумли автомашинасини ижарага олади.

Роппа-роса бир ойдан сўнг Э. Келдиёровга ойлик ижара пулини олиб келган Илҳом озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шу­­ғулланаёт­ганини билдириб, фаолиятини кенгайтириш учун яна иккита автомашинани ижарага беришни сў­райди.

Унинг гапларига лаққа ишонган Э. Келдиёров ўзига тегишли «KIA BONGO III» русумли автомашинасини ҳар ойда 2 миллион 500 минг сўмдан ижара пули тў­лаш эвазига ишончнома орқали И. Самандаровга бериб юборади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, у «Hundai Porter» русумли автомашинани 9 минг 700 АҚШ долларига баҳолаб, сотиш ҳу­қу­қига эга бўлган ишончнома орқали Илҳомнинг номига расмийлаштириб беради. Илҳом унга олдиндан 3 500 АҚШ доллари бериб, қолган қисмини бир ой муддат ичида тў­лашини айтади.

Шу тариқа учта автомашинани қўл­га киритган Илҳом уларни бош­қа­ларга ижарага бериб, фирибгарлик «фао­лия­ти»ни Тошкент шаҳрига кўчиради. У пой­тахт­да ав­­томаши­налар олди-сотдиси билан шу­ғул­ланувчи Алишер Йўлчиев билан танишади.

Фирибгар унга Самарқанд вилоятида ғишт заводи борлигини ва отасига «Мalibu» ру­сумли автомашина олиб бериш ниятида эканини билдиради.

Бу гапга ишонган А. Йўлчиев Ил­ҳомга 2020 йилда ишлаб чиқарилган қора рангли «Мa­libu — 2» русумли автомашинани кўрсатади. Ўзаро савдода автомашина 43 минг 400 АҚШ долларига баҳоланиб, Илҳом А. Йўлчиевга 5 минг АҚШ доллари беради. Қолган 38 минг 400 АҚШ долларини йигирма тўрт ой давомида бериб боришга ваъда беради.

Орадан кўп вақт ўтмай Илҳом­ Алишерга бўлиб тўлаш шарт билан хотинига «Lacetti» русумли автомашинани олиб бермоқчилигини айтади. А. Йўлчиев келишилган нарх эвазига автомашинани Г. Қосимжонованинг номига расмийлаштириб беради. Ишнинг бу даражада осон кечаётганидан қувонган И. Самандаров А. Йўлчиевга тегишли бўл­ган 22 минг 300 АҚШ долларига баҳоланган яна бир «Lacetti» русумли автомашинани қўл­га киритади. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Таёқнинг икки учи бўлгани ка­би ҳар бир қилмишнинг ҳам якуни бор.

Ниҳоят, ўн тўрт нафар одамни алдаб, чув туширган И. Самандаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Яқинда И. Самандаровга оид жиноят­ иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Унда дастлабки тергов чоғида И. Самандаровнинг қариндошлари томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарнинг учдан икки қис­ми қоплангани аниқланди. Шу боис суд қопланган зарарларни судланувчининг зиммасидан соқит қилди. Бундан таш­қари жабрланувчиларнинг баъзилари даъвосидан воз кечгани ҳам инобатга олинди.

Суд автомашиналарни ўз эгаларига қайтариш ва жабрлананувчиларга етказилган зарарни ундириш шарти билан И. Самандаровга нисбатан етти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси та­йинлади.

Бу дунёда нопок қилмиш ҳеч кимга яхшилик келтирмаган. Ҳалол меҳнат ортидан яшаш ўрнига осон бойиш мақсадида жи­­ноий йўлга қадам босгани И. Самандаровга жу­да қимматга тушди. Бошқача айтганда, у ўзи қазиган чоҳга ўзи тушди. Бу воқеа тафсилоти фирибгарликка мо­йил кимсалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

 

 

Жаҳонгир Арслонов,

Самарқанд вилояти

суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: