ФИРИБ ТЎРИГА ТУШГАНЛАР

Афсуски, сўнгги пайтларда фирибгарлик жинояти ортиб бормоқда. Унинг кўпроқ аёллар томонидан содир этилаётгани янада ачинарли.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Намуна Мамажонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шулардан биридир.

Бу аёл ўтган йил октябрь ойи­да таниши Лобар Мадиёровага «KAFOLAT KREDIT GROUP» микрокредит ташкилотидан кредит олиб беришни илтимос қилади.

Асосий қарз ва қўшиладиган ҳамма фоизларини ой­ма-ой тўлаб тўлаб боришни ваъда бергач, Лобар опа ўғли ва келинини чақириб, Н. Мамажоновага кўмак беришни тайинлайди. Шундан сўнг Лобар опанинг ўғли Ёқубжон «KAFOLAT KREDIT GROUP» кредит ташкилотига бориб, 512 ва 513-сонли шартномаларга асосан ўзининг номига 11 миллион, рафиқаси Гуллоланинг номига 11 миллион — жами 22 миллион сўм миқдоридаги кредитни Н. Мамажоновага олиб беради. Ўша куни Н. Мамажонова синглиси Дилафрўз Мамажонованинг номига ҳам микрокредит расмийлаштириб олади.

Орадан маълум муддат ўтгач, микрокредит ташкилоти вакиллари Ёқубжон ва Гуллолага қўнғироқ қилиб, микрокредит қарзи ва фоизлари тў­ланмаётгани учун эътироз билдиришади. Қо­лаверса, тўловларни ўз вақтида амалга оширишмаса, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиш хусусида огоҳлантиришади. Табиийки, Ёқубжон ва Гуллола бу гапни Н. Мамажоновага етказишади. Ўз навбатида, Н. Мамажонова эрта-индин қарзини тўлаб қўйишга ваъда беради. Бироқ у ваъдасини бажармайди. Охир-оқи­бат жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этишади.

Миробод туманида истиқомат қилувчи Зулфизар Дўст­назарова ва Рўзигул Сабурова ҳам фирибгарлик йўлини танлашди. Улар молиявий пи­рамида ташкил қил­­ган ҳолда бир неча нафар фуқарони чув туширишди. Аниқроғи, ўтган йили ҳамтавоқлар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, «Telegram» ижтимоий тармоғида «Rich peopele klub» дея номланган гуруҳ очишади. Унда ўзлари очган компанияга пул маблағларини сармоя сифатида киритиш, иштирокчиларга жалб қилган маблағига қараб 50, 100 ва 500 АҚШ доллари миқдорида мукофот берилишини эълон қи­лишади. Шундан сўнг соддадил ҳамюртларимиз уларнинг фириб тўрига илина бошлайди. Жумладан, фирибгарлар М. Исоқованинг 43 371 000 сўм миқдоридаги пул маблағини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишади.

Д. Янабаева ҳам Рўзигул Сабурованинг номига расмийлаштирилган пластик картага беш миллион, Зулфизар Дўстназарованинг пластик картасига бир миллион олти юз минг сўм ўтказиб бериб, чув тушади.

Албатта, ҳар иккала ҳолат бўйича ҳам айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бў­йича Миробод тумани суди Н. Мамажоновани Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, З. Дўстназарова ва Р. Сабуровани 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.

Фирибгарлик орқали ўз­галарни фириб тўрига илинтирган бу кимсалар энди бировнинг ҳақи бошқага буюрмаслигини англаб етган бўлишса, ажаб эмас.

 

Сурайё ХЎЖАМҚУЛОВА,

жиноят ишлари бўйича

Миробод тумани суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: