ФИРИБГАР ОДАМ ТАНЛАМАЙДИ

Фирибгар одам танламайди. У бегона, таниш-билиш ёки қўни-қўшними, юзхотир қилиб ўтирмайди. Агар улардан ниманидир ундириш имкони туғилса, бас, тап тортмай чув туширади.

Бу ҳаётий ҳақиқатни қўшкўпирлик Саломат Бибиражабова (исм-шарифлар ўзгартирилган) жуда кеч англаб етди. Гап шундаки, С. Бибиражабова ҳам худди бошқа оналар сингари фарзандларининг дўстлари, синфдош ва ошна-оғайниларини жуда қадрлар, ўз фарзандидек кўрарди. Бироқ ўғли Қадамбой Дурдиевнинг дўсти Толибжон Полвонниёзов аёлнинг бу меҳрини суиистеъмол қилди.

Ўшанда 2019 йилнинг октябрь ойи эди. Т. Полвонниёзов С. Бибиражабованинг уйига келиб, автомашиналарни ювиш шохобчаси очиш ниятида эканини айтади.

— Жуда яхши ўйлабсан, болам. Ишинг­га ривож берсин, — дейди хонадон соҳибаси.

— Раҳмат, холажон. Шу масалада менга ёрдамингиз керак, — дейди Толибжон ўзини муҳтожлардек тутиб.

Шундан сўнг у иш бошлаш учун маблағи етмаётгани, шунинг учун «Халқ банки»нинг Қўшкўпир тумани филиалидан номига кредит олиб беришини илтимос қилади. У соддадил аёлни ишонтириш мақсадида уч ой ичида кредит қарзини тўлиқ узишини айтади. Аёл ўз фарзандидек бўлиб қолган Толибжоннинг кўнглидан ўтолмай розилик беради. Натижада Т. Полвонниёзов унинг фуқаролик паспортини олиб кетиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради. С. Бибиражабова эса, 2021 йил 14 октябрь куни банкка бориб, 8-сонли кредит шартномасини имзолаб беради, холос.

Шундан сўнг ушбу шартномага асосан банк филиали томонидан 3 йил муддатга йиллик 36 фоиз устама тў­лаш шарти билан 15 000 000 сўм миқдорида кредит ажратилади. Лекин Толибжон ушбу маблағни ўзининг номига якка тартибдаги тадбиркор сифатида очилган ҳисоб рақамига ўтказиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Автомобиллар ювиш шохобчасини ишга тушириш ва кредит тўловларини қайтаришни эса, умуман хаёлига келтирмайди.

Буни қарангки, фирибгар кимса бу қилмиши билан чекланиб қолмайди.

Аксинча, орадан 6 ой ўтиб, у Қадамбойнинг ўзини аврашга тушди.

Аниқроғи, у дўстини ҳам қуюқ ваъдалар билан «сийлаб», 2020 йил 20 ва 21 апрель кунлари унинг «Marvarid Мuhammad lyuks» хусусий корхонасига «Агробанк»нинг Қўшкўпир тумани филиалидан 496 ҳамда 611-сонли «Тадбиркорлик субъектларига онлайн кредит ажратиш бўйича оммавий оферта шартномаси»га мувофиқ, 1 йил муддатга йиллик 28 фоиз устама тўлаш шарти билан 101 000 000 сўм миқдорида кредит ажратилишига эришди. Қарабсизки, бу маблағни ҳам фирибгар ўзининг эҳтиёжига сарфлади.

Аммо фирибгарнинг ҳакалак отган нафси бу билан ҳам қониқмади. Шунинг учун у кейинги гал яна бир тадбиркор таниши — «Turizm drive» масъу­лияти чекланган жамияти раҳбари Уллибой Худойбердиевни чув туширди.

Аниқроқ айтганда, фирибгарнинг алдовига лаққа ишонган У. Худойбердиев 2020 йил 22 апрелда «Агробанк»нинг Қўшкўпир тумани филиали билан 634-сонли «Тадбиркорлик субъектларига онлайн-кредит ажратиш бўйича оммавий оферта шартномаси»ни имзолади. Пировардида «Turizm drive» масъулияти чекланган жамиятига 1 йил муддатга йиллик 28 фоиз устама тўлаш шарти билан 50 500 000 сўм кредит маблағи ажратилди. Бироқ айни маблағни ҳам ҳамёнига урган Толибжон қайта қорасини кўрсатмади.

Хуллас, Қ. Дурдиевнинг ишончидан ғараз мақсади йўлида фойдаланган Толибжон кейинги гал уни «Халқ банки»нинг Қўшкўпир тумани филиалига бошлаб борди. Фирибгар дўстининг қўйнини яна пуч ёнғоққа тўлдириб, 2020 йил 5 майдаги 45-сонли кредит шартномасига биноан 3 йил муддатга йиллик 15 фоиз устама тўлаш шарти билан 16 500 000 сўм, 2020 йил 16 июндаги 583-сонли режали тўлов кобрендинг картасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ, 12 ой муддатга фоизсиз қайтариш шарти билан 15 000 000 сўм миқдорида кредит ажратилишига муваффақ бўлди.

Фирибгар бу маблағларнинг биринчисини «Қўшкўпир парранда» масъулияти чекланган жамияти ҳи­соб рақамига ўтказиб нақдлаштирган бўлса, қолганига таниши О. Бобожоновга тегишли савдо дўконидан шахсий эҳтиёжлари учун маиший техника харид қилди.

Т. Полвонниёзовнинг фириб тузоғига Б. Сапарбоев ҳам илинди.

Фирибгарнинг ёлғон ваъдаларига ишонган Б. Сапарбоев «Халқ банки»нинг Қўш­кўпир тумани филиалига боради ва унга 2020 йил 13 июлдаги 741-сонли истеъмол кредити шартномасига асосан 3 йил муддатга йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан ажратилган 10 000 000 сўм кредит маблағини олиб беради.

Умуман олганда, барча жабрланувчилар олинган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш муддати ўтиб кетгач, банк филиаллари томонидан огоҳлантириш хати берилгандагина алданганларини англаб етишди. Шундан сўнг улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишди. Оқибатда Толибжон Полвонниёзовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бў­­йича Қўшкўпир тумани суди уни Жи­ноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида етказилган зарарларнинг қопланмаган қисмини ундириш ҳам белгиланди.

Суд жараёнида «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деган халқ нақли яна бир карра ўз исботини топди. Чунки судланувчи муқаддам ҳам фирибгарликка қўл уриб, жиноят ишлари бўйича Шовот тумани судининг 2021 йил 26 мартда ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Хоразм вилояти судининг 2021 йил 9 августдаги ажримига мувофиқ, биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Ам­мо Т. Полвонниёзов бундан тегишли хулоса чиқармаган ва яна ўзгаларни чув туширишда давом этган. Суд ҳукм чиқаришда ана шу аҳлоқ тузатиш иши жазосининг ўталмаган қисмини ҳам инобатга олди.

Бу воқеани баён этишдан кўзланган мақсад шуки, фирибгарлик жиноятининг содир этилишида жабрланувчиларнинг ҳам айби йўқ эмаслигини таъкидлашдир. Чунки номлари қайд этилган жабрланувчилар ҳаётга очиқ кўз билан қараб, фирибгарнинг алдовига учишмаганда, табиийки, бу қилмишлар рўй бермас, жиноятчи ғараз мақсадига етолмасди. Демак, бу ҳолат жиноятчиликка қар­ши курашишда жамоатчиликнинг ўр­ни нечоғлик муҳим эканини яққол кўрсатади.

Айтмоқчимизки, тинч-тотув, хотиржам ва осуда ҳаётни таъминлаш аввало ҳар биримизнинг фаол саъй-ҳаракатимиз, ҳаётга зийрак ва ҳушёр қарашимиз, турли хил иллатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишимизга боғлиқ. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

 

 

Акбар АМИНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшкўпир тумани суди раиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: