ФИРИБГАР МУДДАОСИ: БИРОВНИНГ НОНИНИ «ТУЯ» ҚИЛИШДИР

Халқимизда «Бировни алдама, юрган кўчангнинг боши берк» деган мақол бор. Бу ҳикматнинг ҳаётий ифодасини ўзгаларнинг мулкини ишончини суиистеъмол қилган ҳолда қўлга киритиб, пинагини бузмай юрган, аммо куни келиб, барибир қонун олдида жавоб берган шахснинг аччиқ қисмати мисолида яққол кўриш мумкин.

Албатта, бугунги кунда етарли малакага эга бўлган мутахассислар учун фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни фош қилиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди.

Маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, шу йилнинг биринчи ярмида Андижон вилоятида 566 нафар киши фирибгарлик жиноятини содир этгани учун жавобгарликка тортилган. Бу ўт­ган йилнинг шу даврига нисбатан 152 нафар ёки 36,7 фоизга кўп демакдир.

Кўриниб турибдики, масъул­ идоралар томонидан одамлар ҳар қанча огоҳлантирилаётгани, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётганига қарамай бу турдаги жиноят сони ортиб бормоқда.

Айниқса, кейинги пайтларда кредит олиш, савдо дў­кон­ла­ри­дан муддатли тўловга маиший техника харид қилиш ҳамда тўловни амалга ошириш жараёнларида фирибгарларнинг найрангига чув тушиш ҳоллари кўп кўзга ташланмоқда.

Бунинг асосий омиллари жабрланувчиларнинг ишонувчанлиги, соддадиллиги ва энг асосийси, қонун-қоидаларни яхши бил­­мас­лиги билан боғлиқ. Қуйи­даги мисол ҳам бу фикр­ни тасдиқлайди.

Мактаб ўқитувчиси У. Н. уч йил аввал Андижондаги номдор савдо дўконлар тармоғининг Хўжаобод филиалидан маиший техника буюмлари сотиб олади. Маҳсулот тўловларини ойма-ой ҳисоб-китоб қилиб бориш жараёнида ушбу дўконнинг ходими Х. Н. би­лан танишиб қолади.

Белгиланган жадвалдаги охирги тўлов амалга оширилаётган куни ходим ундан номига маиший техника буюмлари олиб беришини илтимос қилиб, ҳи­соб-китобни шахсан ўзи ойма-ой тўлаб боришга ишонтиради.

Кўнгилчан ўқитувчи дўкон билан қарийб 16 миллион сўмликдан зиёд шартномани имзолаб, ўз номига телевизор, кир ювиш машинаси, газ плитаси, сув иситкич харид қилиб, уларни дўкон ходимининг қў­лига тутқазади. Бироқ аслида ходимнинг нияти бояқиш ўқи­тувчини «чув» тушириш бўл­ган.

Буёғини сўрасангиз, Х. Н. ­дан худди шу тарзда жабр кўрганлар биргина уш­бу муаллим эмас экан. Жумладан, дўконнинг доимий мижозларидан бири бўлган поликлиника ҳамшираси Г. М. унга салкам 10 миллион сўм­лик қурилиш материаллари, яна бир жабр­ланувчи Г. Ш. савдо дў­конидан нақд 29 миллион сўмлик маиший техника олиб берган. Натижада улар ҳам Х. Н. ­нинг ҳийла-найранглари тузоғига тушишган.

Шу тариқа Х. Н. ўзи ишлаётган дўконнинг беш нафар мижози ишончини суиистеъмол қилган бўлса, дўконда ундирувчи вазифасида фаолият кўрсатган яна бир ходим М. А. ҳам ҳамкасбининг «усули»ни қўллаб, савдо тармоғининг доимий харидори М. Т. га 6,5 миллион сўмлик зиён етказган.

Албатта фирибгарларга суд то­монидан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди. Ҳукм ўқилгунга қадар келтирилган зарарлар қопланди.

Бироқ адолат қарор топгунича қанча одамнинг оиласида ҳаловат йўқолганлигини тасаввур қилиб кў­риш қийин эмас.

Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани судида кў­риб чиқилган ҳолат ҳам кўп жиҳатдан юқоридаги манзарага ўхшашиб кетади. Яъни манзил, маҳсулотлар шакл-шамойили, жабрланувчиларнинг касби-кори бошқа, аммо моҳият бир хил.

Тумандаги ишлаб чиқариш корхоналарининг бирида фаолият юритувчи У. Ш. савдо дўкони эгаси бўлмиш Ш. Х. ­нинг ишончига кириб, сотувда бўлган дас­турхон, сочиқ ва косметика маҳсулотларини «бирга ишлайдиган ҳамкасбларимга сотиб, ҳа­қини бир ойда бераман», деб олиб кетади.

Бироқ орадан етти ой ўт­са ҳамки, пулдан дарак бўлавермайди. Бу орада дўкондор қарздорнинг уйига қатнайвериб сарсон бўлади. Охирги марта борганида У.Ш. олинган маҳсулотлар қийматининг учдан бирини қайтариб, қолганини бермаслигини айтади.

Пичоқ суякка етган жабрланувчи шундан сўнггина бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идорага арз қилади.

Маълум бўладики, номи тилга олинган фирибгар аёл бировларни алдаб, чув туширишни аллақачон касби-корига айлантириб олган экан.

Жумладан, у арзон нархда маиший техника буюмлари олиб беришни ваъда қилиб, Ш. С. ­дан 1 миллион 500 минг сўм, Ф. К. дан «Наманган вилоя­тидан маиший тех­ни­ка олиб келиб сотяпман, фойдаланиб қолинг, баҳоси деярли сувтекин», дея музлатгич учун 1 миллион 700 минг сўм, яна бир жабр­ланувчи М. М. ­дан «янги уй сотиб олишга маблағим етмаяпти, турмуш ўртоғим хориждан пул юборади, уч кунда қайтараман», деган ваъда билан 5 минг 600 АҚШ долларини фирибгарлик йў­ли билан қўлга киритган.

Ниҳоят, қилмиши учун жа­зо муқаррарлиги аниқ-равшан бў­л­гач, у жабрланувчилардан олган пулларини қайтариб берган.

Суд жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, У. Ш. га ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилган А. Н. томонидан алданган жабрланувчиларнинг суддаги кўр­сатмаларини эши­тиб, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши: одам ҳам шу даражада ҳам содда ва ишонувчан бўладими?!

Маълум бўлишича судланувчи банк муассасасида ишламаса-да, икки нафар таниши К. М. ҳамда С. А. нинг ишончига кириб, уларнинг номига банкдан кредит расмийлаштиришга кўмаклашишини айтган. Хусусан, «хизмат ҳақи учун 2 миллион сўм олиб қоламан» дея банкларнинг биридан К. М. нинг номига 10 миллион сўм кредит олишга эришган, аммо унга бирор сўм ҳам бермай, пулни шахсий эҳ­тиёж­лари учун ишлатиб юборган.

Судланувчи яна бир жабрланувчи қариндоши С. А. га «инсоф» қилган.

Яъни унинг номига онлайн тарз­да олинган 12 миллион сўм кредитнинг 5 миллион сўмини бериб, қолганини ўз эҳтиёжи учун сарфлаган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: жабрланувчилар ўз­ганинг аралашувисиз ҳам бемалол кредит олиши мумкинлигини наҳотки билишмайди? Одам оғзидаги луқмасини ўз ихтиёри билан олдириб қў­йиши учун қай даражада содда бў­лиши керак?

Афсуски, атрофимиздаги оддий инсонларнинг фирибгарлик қурбонига айланиш ҳоллари кўпаймоқда. Оқи­батда ҳолат юзасидан иш очилиб, суд ҳукми ўқилгунига қадар кечган безовталик ва дилхираликлар жабрланувчининг наинки асабларини қақ­шатишга, ҳатто моддий аҳволига ҳам етарлича салбий таъсир кўрсатиб улгурмоқда.

Шундай экан, бугун ҳар бир фуқаро пешона тери билан топган маблағию мол-мулкини дуч келган одамга ўзининг их­тиёри билан ишониб топширмаслигининг олдини олиш керак. Зеро, одамларни огоҳ­ликка чорлаш, жи­ноят­чиликка қар­ши курашиш нафақат суд-ҳуқуқ идоралари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари, балки ҳар бир юртдошимизнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши шарт.

 

 

Талъатжон Мелибоев,

Андижон вилояти суди раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: