ФИРИБГАРЛИК ОҚИБАТИ

Мубораклик Шодигул Назарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) нафақа ёшига етган, фарзандларини уйли-жойли қилиб, невараларини суядиган вақтида жиноят содир этиб, эл-юрт олдида юзи шувут бўлди.

Ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилиб, шу режа асосида иш юритиб келган Ш. Назарова 2021 йил 1 февраль куни Косон тумани, “Ёшлик” маҳалласида жойлашган савдо дўконига бориб, сотувчига ўғли заводда, турмуш ўртоғи нуфузли компанияда ишлашини маълум қилиб, унинг ишончини қозонган. Сўнгра у “Атлант 2808” русумли музлатгични тўрт миллион икки юз минг сўмга савдолашиб, шундан бир миллион сўмни бериб, қолганини уч-тўрт кун ичида тўлаб беришини айтиб, музлатгични олиб кетган. Бироқ, орадан анча вақт ўтса-да, келишилган пулни бермаган.

Ш. Назарова жиноий ҳаракатларини яна давом эттириб, 2021 йилнинг март ойида Косон туманида яшовчи Маҳфират Тожиеванинг ишончига кириб, унинг ўн уч миллион беш юз минг сўмлик тилла тақинчоқларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Афсуски, Ш. Назарова бу билан ҳам чекланмаган. У эски таниши Норхол Шукурованинг тикувчилик цехида кўрпа-тўшак тайёрлаётганидан хабар топади. Шундан сўнг Н. Шукурованинг ишончига кириб, унга қизи тўй қилаётгани, шу боис унга кўрпа-тўшаклар кераклигини билдирган.

Соддадил тикувчи унинг ёлғон гапларига учиб, уч ярим миллион сўмлик кўрпа-тўшак ҳамда бир миллион олти юз минг сўмлик матоларни Ш. Назаровага берган. Фирибгар эса осон қўлга киритилган буюмларни бошқаларга сотиб, пулини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади”, деган ҳикматли нақл бор. Шодигул Назарованинг фирибгарлиги ҳам шундай якун топди. Жабрланувчиларнинг аризасига асосан унга нисбатан жиноят иши очилди. Дастлабки тергов чоғида ва суд тергови давомида Ш. Назарованинг жиноий қилмишлари ўз исботини топди. Суд амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмига асосан Ш. Назаровага уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шу тариқа ёшларга ўрнак бўлиш ёшидаги жиноятчи умрининг маълум қисмини қамоқда ўтайдиган бўлди.

 

 

Алишер ҚАҲҲОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Муборак тумани суди раиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: