ФИРИБГАРГА АЙЛАНГАН «ФЕРМЕР»

Маълумки, фермерлик — жуда машаққатли меҳнат ва юксак масъулият талаб қиладиган касбдир. Қишнинг қаҳратон совуғи-ю, ёзнинг жазирамасида ҳам ер билан «тиллашиб», хирмонларимизни дон ва пахтага, халқимиз дастурхонини чорвачилик ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлдирувчи айни касб соҳибларидир.

Аммо шоли курмаксиз бўл­маганидек, бу касб эгалари орасида ҳам кун ўтсин, қабилида ишлайдиган ёки фермерликни ерфурушликка айлантириб олаётганлар ҳам йўқ эмас.

Гулистон туманида яшовчи, «Ўз­сув­таъминот» акциядорлик жа­мия­тининг Сирдарё вилояти бош­қар­масида масъул лавозимда ишловчи Азиз Баҳромов (исм-шарифлар ўзгартирилган) туман ҳокимининг 2021 йил 29 майдаги 487-сонли қа­рорига асосан ҳокимлик захирасида бўлган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 20 гектар ерда сунъий балиқ ҳавзаси барпо этиб, балиқчилик фермер хўжалиги ташкил қи­лади. Лекин А. Баҳромовнинг сунъий балиқ ҳавзасини барпо этишга, аниқроғи, тер тў­киб меҳнат қилишга бўйни ёр бермайди. Қолаверса, у ерни сотиб, унинг пулига «Зарбдор» маҳалласи ҳудудида автомашиналарни ювиш шаҳобчасини ташкил қилишни кўзлайди. Ана шундай ғайриқонуний режа-ю­ орзулари билан у 5 ойдан кўпроқ вақтни ўтказиб юборади. 2021 йилнинг ноябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали ерни сотиш ҳаракатига тушади.

Натижада «Телеграм» мессенжери орқали кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи Акром Зоиров билан танишади. Улар учрашишгач, фермер ўз мақсадини баён қилади.

Шундан сўнг «Гулистон маклер хизмати» номли телеграмм гуруҳида туманнинг «Боёвут» сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги 20 гектар ер майдони сотилиши хусусида эъ­лон пайдо бўлади.

Бу эълонни ўқиган Абдулла Суяров 2021 йил 27 ноябрь куни А. Зоировга қўнғироқ қи­лади. Суҳбат асносида Акром ўзини маклер сифатида таништиради.

— Агар нақд пулингиз бўлса, сотилаётган ерни кўрсатишим мумкин, — дейди у.

А. Суяров 2021 йил 3 декабрь куни А. Зоиров билан бирга бориб, ер майдонини кўради.

— Туман ҳокимининг қарори бор. Сизга кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилади, — деб тушунтиради Акром унга.

А. Зоиров ерни 20 000 АҚШ долларига баҳолайди. Бироқ А. Суяров бу жуда қиммат эканини айтиб, нархини бироз арзон қи­лиш­ни сў­райди.

— Майли, минг долларга арзонлаштираман, — дея жавоб беради А. Зоиров.

— Мен маслаҳатлашиб, сўнг жаво­бини айтаман, — дейди А. Суяров.

Аммо ўша куни кечки пайт А. Зои­ров кутилмаганда А. Суяровга қўнғироқ қилиб, шундай дейди: Агар олдиндан ўн беш минг доллар берсангиз, ернинг ҳужжатларини олишингиз мумкин. Қолаверса, ернинг эгаси билан ҳам учраштираман…

Кутилмаган бу қўнғироқ А. Суяровни ўйлантириб қўяди.

— Хўп, розиман. Фақат ўн кун ичида пулни тайёрлайман, кейин хабарлашамиз, — деб айтай вақтни чўзади у.

А. Суяровнинг 10 кун муддат сўраши бежиз эмас эди. Чунки у ерни бундай тарзда сотиш ғайриқонуний эканини яхши биларди. Бинобарин, у бу ҳақда ҳуқуқни муҳо­фаза қи­лувчи идорага ариза билан мурожаат қилади.

Натижада мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади.

2021 йил 4 декабрь куни А. Зоиров А. Суяровни А. Баҳромов билан учраштиради.

— Бу ерни қандай қилиб менга расмийлаштириб бермоқчисиз? — ҳайрон бўлиб сўрайди «харидор» А. Баҳромовдан.

— Аввал ернинг бошланиш қис­ми­га бино қурасиз. Ўша би­нога кадастр ҳужжатини расмийлаштириб, кейин сизнинг номингизга ўтказиб бераман, — дея А. Баҳромов ўзининг хатти-ҳаракати қонуний эканига ишонтиришга уринади.

Шундан сўнг А. Суяров тезкор тадбирда фойдаланиш учун тақдим этилган 15 000 АҚШ долларини фермернинг қўлига тутқазади. А. Баҳромов пулни олаётган чоғда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Сирдарё вилояти бош­қармаси ходимлари томонидан қўл­­га олинади. Сўнгра унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда жиноят ишлари бў­йича Гулистон шаҳар судида уш­бу жиноят­ иши кўриб чиқилди. Суд фирибгар фермерни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, қонуний жа­зо та­йин­лади.

Шу ўринда таассуф билан таъкидлаш лозимки, кескин чоралар кўрилаётганига қарамай, ноқонуний ер олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятлар ҳали-ҳануз барҳам топмаяпти. Бу аҳо­ли ўр­тасида ерга эгалик қи­лишнинг қонуний асосларини тушунтириш ишларини янада кучайтиришни тақозо этади. Ана шунда бу тоифадаги жиноятлар содир этилмайди.

 

Улуғбек ЖУМАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Гулистон шаҳар суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: