ФЕРМЕРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТИ СУДДА КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Маълумки, Бош қомусимизнинг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади» дея қайд этилган.

Эътироф этиш керакки мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, айни пайт­да ушбу конституциявий қои­да ҳар бир суд мажлисида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Мисол учун Ўзбекистон туманидаги «Муҳаммадкамолхон Гулҳаёхон Одилбек» фермер хўжалиги раҳбари Муяссархон Ус­монова ҳам ўзининг бузилган ҳуқу­қини суд орқали тикланишига муваффақ бўлди.

Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? Фермер хўжалиги раҳбари нега судга мурожаат қилди?

Гап шундаки, 2019 йил 30 январда Ўзбекистон тумани ҳокимининг 344/87-сонли қарор билан «А. Ниёзов» муқобил машина-трактор парки ҳудудидаги, ҳокимлик захирасида турган 94,4 гектар ер майдони фермер хўжалигига ажратиб берилган.

Натижада Муяссархон опа астойдил ишга киришади. Яъ­ни ернинг «тилини топиб», ундан шартномавий режада белгиланган ҳосилни ола бошлайди.

2020 йил 24 февралда эса, фермернинг розилиги асосида туман ҳо­кимининг 389-сонли қарори билан хўжаликнинг 18,4 гектар ери туман захирасига қайтарилади. Пировардида фермернинг ихтиёрида 75,9 гектар ер майдони қолди. Аммо…

Аммо орадан 2 йил ўтиб, 2021 йил 30 мартда туман ҳо­кимининг 217-сонли қарори қабул қилиниб, хўжаликнинг 75,9 гектар ери ҳам туман захирасига қайтариб олинади. Бу табиийки, М. Усмонованинг ғайрат-шижоатини сўндирди-қўйди. Шу боис Муяссар опа туман ҳо­ки­мининг ушбу қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сў­раб, Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилади.

Суд жараёнида аён бўлдики, юқоридаги қарорнинг қа­бул қилинишида фермернинг розилиги олинмаган, ҳатто унга бу ҳақида хабар ҳам берилмаган. Ваҳоланки, «Фермер хўжаликлари тўғ­рисида»ги қонуннинг 13-моддасида ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўз­гарти­рилиши ёки бекор қи­ли­ниши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 12-моддасида «Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бош­қариш органининг қо­нун­чиликка мувофиқ бўлмаган ҳам­да фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қў­риқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақи­қий эмас, деб топилиши мумкин» дея қайд этилган. Ана шу асосларга таянган суд даъвони қаноатлантириб, Ўзбекис­тон тумани ҳокимининг 2021 йил 30 мартдаги 217-сонли қарорини ҳақи­қий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Бағдод туманининг Матқулобод қишлоғида яшовчи Мўминжон Тошқўзиев ҳам қонун кўмагига таяниб, ўз муаммосига ечим топди. Аниқланишича, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳам­да ўзбошимчалик билан қу­рилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бў­йича бир марталик умумдавлат акция­сини ўт­казиш тўғ­рисида»ги Фармонига биноан, 2019 йил 7 майда Бағдод туман ҳокимининг 2688-сонли қарори қа­бул қилиниб, М. Тошқўзиевнинг ўзи истиқомат қилаётган ҳовли-жойи ва бино-иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Ўша пайтда ҳовли-жойга нисбатан кадастр ҳужжатларини тайёрлашда унинг қўшнилари К. Арақулов ва А. Қурбоновлар эътирозлари йўқлигини билдирган ҳолда кадастр йиғма жилдини ўз имзолари билан тасдиқлашган. Бироқ 2021 йил 26 февралда имзоланган туман ҳокимининг 175-сонли қарорига мувофиқ, юқоридаги 2688-сонли қа­рор бекор қилинган.

Гап шундаки, Бағдод тумани ҳокимининг 2021 йил 26 февралдаги 175-сонли қа­рори туман прокуратурасининг 2021 йил 18 февралдаги протестига асосан қабул қилинган. Лекин ушбу қарорни қа­бул қилиш чоғида манфаатдор шахс саналган Мўминжон Тошқўзиевга прокурор про­тес­ти танишиб чиқиш учун тақдим қилинмаган. Қолаверса, М. Тошқўзиевга туман ҳо­кимининг 2019 йил 7 майдаги 2688-сонли қарори ва прокурор протести бўйича ўз фикрини билдириш имко­ния­ти берилмаган. Протестни муҳокама ва қарорни бекор қилиш юзасидан тегишли тартибда мажлис ўтказилмаган. Бундай ҳолда туман ҳокимининг 2019 йил 7 майдаги 2688-сонли қарори қо­нунга зид равишда бекор қи­линиб, М. Тошқўзиевнинг ҳу­қуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган.

«Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида»ги ко­декс­нинг 4-моддасига мувофиқ, ҳар бир манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли. Шу боис М. Тошқўзиев ишончли вакили Д. Мўминов билан бирга Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, Бағдод туман ҳокимининг 2021 йил 26 февралдаги 175-сонли қарорини ҳа­қи­­қий эмас, деб топишни сўради.

«Маъмурий тартиб-та­мо­йил­лар тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига кўра, маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомиллар принципларига мувофиқ бўлиши керак. Маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.

Бинобарин, суд М. Тошқўзиевнинг аризасини қаноатлантириб, туман ҳокимининг тилга олинган қа­рорини ҳақиқий эмас, деб топди.

Шу ўринда таассуф билан қайд этиш жоизки, қонун талабига тўлиқ риоя этмай қа­рор қабул қилиш каби ҳолатлар кундалик ҳаётимизда ҳа­ли-ҳануз учраб турибди. Шунинг учун Фарғона туманлараро маъмурий суди томонидан ўтказилаётган сайёр суд мажлисларида ҳамда прокуратура, жиноят, фуқаролик иш­лари бўйича судлар ва туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, уларнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил тушунчалар бериб борилмоқда. Зеро, қо­нун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт ҳам бардавом бўлади.

 

 

Солижон ҚУРБОНОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: