ФЕРМЕРГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР СУД ТАРТИБИДА УНДИРИЛДИ

Мамлакатимизда иқтисодий суд ишларини юритишнинг асосий вазифаларидан бири — иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Бугунги кунда бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерларнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатиш учун ҳар томонлама имконият­ яратиш, муаммоларини жойида бартараф этиш давлат органлари, жамоат ташкилотлари фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бирига айланди.

Шу билан бирга, даъво иш­­­ларини кўриш жараёнида айрим давлат органларининг ўз ишига совуққонлик билан қа­раши оқибатида фермер хўжали­гининг оғир меҳнат эвазига етиштирилган мўл ҳосили нобуд бўлишига йўл қўйилаётгани ҳам кузатилмоқда. Бунда миллионлаб зарар етказилган ҳолатлар ҳам аниқланиб, сарф-харажатлар, бой берилган фойда айбдор ташкилотлардан сўзсиз ундириб берилмоқда.

Хусусан, Ғузор тумани фермер, деҳ­қон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг даъвоси бўйича даъвогар «Замин барака» кўп тармоқли фермер хўжалиги ҳам­да жавобгар «Қашқадарё ҳу­дудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ўртасида ет­казилган зарарни ундириш билан боғлиқ низо юзасидан ҳам суд тақдим этилган далилларни, гувоҳларнинг кўрсатмаларини ҳам­­­­­­­да мутахассислар хулосасини ўрганиб чиқиб, қонуний тўхтамга келинди.

Гап шундаки, Ғузор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши даъвогар — «Замин барака» кўп тармоқли фермер хў­жалиги манфаатини кўзлаб, жавобгарлар — «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда Ғузор туман электр тармоқлари корхонасидан 170 250 000 сўм етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъво талаби бўйича суд муҳокамаси давомида бир қатор ҳолатлар аниқланиб, иш ҳужжатлари атрофлича ўрганилди.

Маълум бўлишича, фермер хўжалиги томонидан 2019 йил 2 февралда давлат эҳтиёжлари учун бошоқли дон харид қилиш бўйича 63-сонли контрактация шартномаси тузилган. Уш­бу шартномага кўра, хўжалик тайёрловчига 50 гектар ер майдонидан 116 тонна буғдой топшириш, тайёрловчи эса, хў­жаликни шарт­номада белгиланган миқдорда ва тартибда бошоқли дон уруғлиги билан таъминлаш, етиштирилган маҳсулотни қабул қи­либ олиш ва унинг ҳа­қини тў­лаш мажбуриятини олган.

Бироқ 2019 йил 7 июнь куни фермер хўжалигига тегишли бўлган ғал­ла майдонида содир бўлган ёнғин оқибатида 14 ер майдонидаги ҳосил зарарланган.

Ғузор туман ёнғин хавфсизлиги бў­лими томонидан тақдим этилган хулосаларга кўра, 2019 йил 11 июндаги ту­ман ер ресурслари ва давлат кадаст­ри бўлимининг 193-сонли хатига асосан, даъвогарга тегишли ғалла дала майдони мутахассислар томонидан ўлчаб кўрилганда, 14 гектар ер майдони ёнғин натижасида зарарлангани маълум қилинган.

Туман қишлоқ хўжалик бўлимининг 2019 йил 8 июндаги хатига асосан, даъвогарнинг 1 гектар ғалла майдонидаги ҳосилдорлик 41 центнерни ташкил қилганда, 1 200 сўм харид нархи белгилаб қўйилган. Дала майдонидаги зарарланган 14 гектар ғалла майдони ҳосилдорлиги 40,5 центнердан ҳисобланганда, жами 48,6 тонна ғалла ёнғиндан зарарланганлиги, бунинг оқибатида 58 320 000 сўм зарар етган.

«Ўзэнергоинспекция» Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлими томонидан 2019 йил 5 июлда тақдим этилган хулосада қайд этилишича, ғалла майдонида содир бўлган ёнғин дала майдонида ўр­натилган электр қурилмалари носозли­гидан келиб чиқишига омил бўлувчи сабаблар:

томонлар мансублигидаги 10 к ВА фидер «Совбоғ» ҳаво линиясига уланган ТП № 188/63 кВА муҳофаза қисми тез ёнувчи қуриган хас-хашаклардан тозаланмаганлиги;

жорий ва мукаммал таъмирлаш иш­лари бажарилмаганлиги;

электр қурилмалари мавсум олдидан махсус синовлардан ўтказилмаганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергия­дан фойдаланиш қоидалари» талаби бажарилмаганлиги;

ишлари мавсумий хусусиятга эга бўлган истеъмолчилар ҳар йили, электр қурилмаларини ишга туширишдан олдин уларни кўрикдан ўтказиши ва эксплуатация қилишга рухсат беришга доир талабларга «Ўзэнергоинспекция» ёки корхона томонидан риоя этилмаганлиги;

электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси, ёнғин хавфсизлиги, техник экс­плуатация қилиш, электр қурилмаларини ўрнатиш қоидалари талабла­ри­­га амал қилинмаганлигига бориб тақалади.

Суд жавобгарлар томонидан суд муҳокамалари давомида даъвога қарши келтирилган «Электр энергия­сидан фойдаланиш қоидалари» талабига асосан, «Ишлари мавсумий ху­су­сият­га эга бўлган истеъмолчилар, яъ­ни даъвогарнинг ҳар йили, электр қу­рилмаларини ишга туширишдан олдин уларни кўрикдан ўтказиши ва эксплуатация қилишга рухсат бериш учун ёзма равишда мурожаат қилмаганлиги, бу эса, ўз-ўзидан даъвогарнинг ўзи бунга айб­дор» деган важ ва эътирозлари билан келиша олмади.

Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 131-бандида ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг мажбурия­ти сифатида ускуналарни, электр уза­тиш линияларини, электр энер­гия­сини ҳисобга олиш асбобларини экс­плуатация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва ускуналарни таъмирлаш, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этиш, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергияси сифат кўрсаткичларини давлат стандартларида белгиланган даражада сақлаб туриш, истеъмолчиларга ўрнатилган электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш асбобларини алмаштириш, ўр­натиш ва хизмат кўрсатишни таъминлаш, шунинг­дек, электр таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки зарур тарзда бажарилмаган ҳолларда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бунинг натижасида етказилган зарарни қоплашга, истеъмолчи эса, етказилган реал зарарни қоплашга мажбур эканлиги белгиланган.

Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, суд жавобгарларни улар томонидан электр қурилмаларини эксплуатация қилишда фермер хўжалиги майдонида ўрнатилган трансформаторда хавф­сизлик техникаси, ёнғин хавфсизлиги, техник эскплуатация қилиш ва электр қурилмаларини таъмирлаш қоидалари талабларига риоя қилинмаганлиги оқибатида ёнғин келиб чиқишида айбдор деб ҳисоблаб, фермер хўжалиги фойдасига 58 320 000 сўм етказилган зарарни ундирди.

 

 

Ҳусан ТУРСУНОВ,

Қарши туманлараро

иқтисодий судининг судьяси,

юридик фанлар номзоди

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: