УНДИРИЛГАН МАЪНАВИЙ ЗАРАР ЁХУД СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ САМАРАСИ

Конституциямизнинг 44-моддасига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади

Қува туманида яшовчи Маъруфжон Тиллаев ана шу конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўзига етказилган маънавий зарарни суд орқали ундирди. Аниқланишича, Қува шаҳар ҳокимининг 1998 йил 11 июлдаги 152/07-сонли қарорига асосан М. Тиллаевга Қува шаҳри, Аҳмад Яссавий кўчасидаги тўрт қаватли турар жой бинолари олдида 24 квадрат метр ер майдонида хусусий савдо дўконини қуриш учун рухсат берилган.

Қува тумани ҳокимининг 2016 йил 22 декабрдаги 915-сонли қарорига биноан қуриб битказилган савдо дўконига нисбатан Маъруфжон Тиллаевнинг эгалик ҳуқуқи белгиланган.

Аммо 2018 йил 31 мартда туман ҳокимининг 564-сонли қарорига асосан Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган 24 та савдо дў­конлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузиб ташланган. Мазкур бино-иншоотлар эгаллаган ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Шунингдек, Қува тумани ҳокимининг 2018 йил 29 майдаги 872-сонли қарори би­лан дўкон эгаларига, шу жумладан, М. Тиллаевга савдо ва маиший хизмат кўр­сатиш биноларини қуриш учун Бўс­тон ва Мурувват кўчалари кесишмасидаги бўш ер майдонларидан ер участкалари ажратиб бе­рилган. Бироқ мулк­дорга Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 97-сонли қарорида назарда тутилган зарар миқдори қоплаб берилмаган. Оқибатда М. Тиллаев айни ҳолатдан жиддий маънавий зарар кўрган. Шу сабабли у фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига мурожаат қи­либ, моддий зарар билан бирга 50 миллион сўм маънавий зарар ундириб беришни сўраган. Лекин биринчи босқич су­ди 2021 йил 26 майда даъво талабини қисман қаноатлантириб, даъвогарга 25 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суднинг ушбу қарори М. Тиллаевни қониқтирмаган. Натижада у Фарғона вилояти судига апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Дарҳақиқат, Фарғона ви­лоя­ти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати фу­қаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг қарори билан келишмади. Чунки савдо дўконининг бирор-бир огоҳлантиришсиз, қолаверса, ўзининг иштирокисиз бузилиши, тадбиркорлик фаолияти ва моддий даромадидан маҳрум бўлиши оқибатида иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Маъруфжон Тиллаев жиддий равишда соғлигини йўқотган. Бу ҳам етмагандек, судгача бўлган вақт мобайнида ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида турли идораларга қатнаб, жисмоний ва руҳий азоб чеккан.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 1021 ва 1022-моддаларига кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўл­ган тақдирда, зарар етказувчи томонидан пул билан қопланади. Маънавий зарарни қоплаш миқ­дори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусу­сия­тига, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқи­лоналик ва адолатлилик талаблари эъ­тиборга олиниши лозим.

Жисмоний ва маънавий азобларнинг ҳусу­сия­ти маънавий зарар етказилган ҳа­қиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар, қопланади.

Қисқаси, Фар­ғона вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 19 ав­густ­даги ажрими би­лан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2021 йил 26 майдаги ҳал қилув қарори ўз­гар­тирилиб, Қува тумани ҳо­ким­лигидан Маъруфжон Тиллаев фойдасига 50 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конс­титуциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати би­лан халқимизга йўллаган байрам табригида «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд ти­зимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда» дея алоҳида таъкидлади. Юқорида баён этилган воқеа ана шу кенг кў­ламли ислоҳотларнинг ёр­қин ифодасидир.

 

 

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: