УНДИРИЛГАН ИШ ҲАҚИ: СУД ХОДИМЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛДИ

Меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, меҳнат шартномаси шартларига ўзгартириш киритиш, интизомий жазоларнинг тўғри қўлланилиши, меҳнат шартномасини бекор қилиш, ишдан бўшатиш ва бошқа турдаги қонуний талабларга риоя этилмагани оқибатида меҳнат низолари юзага келади.

Амалдаги қонунчиликка кў­ра, ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда у билан иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Хусусан, Меҳнат кодексининг 110-моддасига асосан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қи­линганда ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса, меҳнат шартномаси бекор қилинган ку­ни ёки у ҳисоб-китоб қи­лишни талаб эт­ган куни тў­ланиши керак.

Бундан ташқари Меҳнат кодексининг 154-моддасига мувофиқ иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни қо­нунда кўр­сатилган муддатларда тўлаши шарт. Меҳнат шарт­но­масининг тарафлари келишуви билан белгиланган меҳнат ҳақи миқдори жамоа шартномаси ёки келишувида кўр­сатилган миқдордан кам бў­лиши мумкин эмас.

Бироқ Жиззах шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги қарорига асосан Жиззах шаҳар ҳо­кимлиги ҳузуридаги давлат унитар кор­хонаси директори лавозимига та­йинланган Хайрулла Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва ҳисобчи лавозимига ишга қабул қи­линган Комил Шароповга нис­батан ушбу қонун талаблари амал қилмади.

Гап шундаки, Жиззах ви­лоя­ти ҳокимининг 2020 йил январдаги қарорига мувофиқ вилоятдаги барча давлат унитар корхоналари тугатилиб, уларнинг ўрнида Жиззах вилояти давлат муассасаси ташкил этилган. Тугатилган корхоналарга оператив бошқариш ҳуқуқи билан тегишли бўлган мулклар, асосий воситалар, шунингдек, товар-моддий бойликларини белгиланган тартибда ҳуқуқий ворис сифатида Жиззах вилояти давлат муассасаси тасарруфига ўтказиш белгиланган. Бундан ташқари тугатилган корхоналар ходимларига компенсация тўловларини ҳисоблаш ва тўлаш мажбу­рия­ти ҳам янги муассаса зиммасига юклатилган.

Шундай бўлса-да, янги муассаса Хайрулла Алиев ва Комил Шаропов билан тегишли тартибда ҳисоб-китоб қилмаган. Шу боис улар иш ҳа­қини ундириш ҳа­қида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилишган.

Судда мазкур низо кўрилиш вақтида даъвогарларнинг 48 350 030 сўмлик иш ҳақи, якуний ҳисоб-китоб ва компенсация пуллари тўланмагани аниқланди.

Суд қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризасини қаноатлантирди.

Бироқ биринчи бос­қич судининг ҳал қи­лув қароридан норози бўлган Жиззах вилоя­ти давлат муассаси апелляция шикояти билан юқори инстанция судига мурожаат қилган.

 

Жиззах вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ажримига асосан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Чунки Жиззах вилояти давлат муассаси ходимларнинг иш ҳақини қо­нунга зид равишда тўлаб бермаган.

Шу тарзда суд ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклади ва уларнинг ҳа­қини ундириб берди.

 

Собир Набиев,

Жиззах вилояти суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: