ТУЗОҚҚА КЎПИНЧА ЎЗГАГА ЧОҲ ҚАЗИГАННИНГ ЎЗИ ИЛИНАДИ

Ҳаётда умрини эгулик, одамийлик каби фазилатлар бағишлаганлар кўпчиликни ташкил этади. Шу билан бирга ҳаётда ўзгаларнинг ризқ-насибаси,  пули,  мол-дунёси,  кўз ёши,  дарду алами эвазига бойиш, шоҳона турмуш кечиришни кўзлаганлар ҳам йўқ эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманининг Шоббоз овулида яшовчи Одил Олламовни ҳам шундай тоифага мансуб, дейиш мумкин.

У Жиноят кодексининг валюта қимматликларига оид 177-моддаси 2-қисми ҳамда гиёҳвандлик воситалари ол­ди-сотдисига тааллуқли 273-моддаси 5-қисмида баён этилган қилмишларни содир эт­гани учун аввал ҳам судланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2016 йилнинг феврал ойи­да унга нисбатан бағрикенглик кўрсатилиб, жазо муддати шартли равишда қисқартирилди.

Ўзини англаган, билган, ҳа­лоллик ва покликни ният қилган одам ҳаётда бир марта адашади. Донишмандлар инсон ҳатто ногоҳ қоқилиб йиқилган чоғда ҳам ундан сабоқ чиқармоғи зарур, дея уқтиришади. Буни назарда тутадиган бўл­сак, аввал содир этилган оғир жиноий қилмиши Одил Олламовга ҳаё­тий сабоққа ай­ланиши керак эди. Афсуски, бундай бўлмади. Олий маълумотли, ои­ла­ли, 3 нафар фарзандли бу кимса ўшанда бошига ёғилган оғир қилмишдан тегишлича хулоса чиқармади, ёши элликни қоралаган бўл­са-да, ҳаётда тўғри йўл­­­­­ни то­па олмади.

У оғир жиноий қилмиш — гиёҳвандфурушликка такроран қўл урди. Бу мудҳиш воқеа ўтган йилнинг 26 феврал куни Урганч шаҳрида рўй берди.

О. Олламов ўша куни яқин танишининг туғилган кунини нишонлаш учун Урганч шаҳрига келди. Зиёфат қизиган чоғида унинг қўл телефони жиринглаб қол­ди. Қўн­ғироқ қилган киши ўзини бо­ғотлик Фарҳод Оллаберганов дея таништирди ва О. Олламовдан қовун сотиб олиш учун Боғотдан Ур­ганч­га атай келганини маълум қил­ди. О. Олламов даврадошларига узрини айтиб, ўр­нидан турди ва орадан ўн да­қиқа ўт­маёқ Урганч шаҳрининг Хонқа кў­часига етиб келди. Улар ўртасидаги суҳбат авж олган чоғ 3-4 на­фар нотаниш киши ўзларини ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан ўт­ка­зи­лаёт­ган махсус тадбир қатнашчилари эканини айтиб, автомашина ва унинг ичидаги фуқароларни текшириш ниятини маълум қилишди. Из­­қу­вар­лар излаган «матоҳ» «Co­balt»­нинг олдинги ўриндиғи орқа қис­ми­дан топилди. У вазни 26,28 граммга тенг «опий» гиёҳвандлик моддаси бў­либ чиқди. Автомашинани кўздан кечириш чоғи 400 АҚШ доллари, 10,5 миллион сўм ҳам топилди. «Топилма»ларнинг бари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.

Тезкор тадбир терговга уланди. Гумондор сифатида жавобгарликка тортилган О. Олламов автомашина ичидан топилган 400 АҚШ доллари ўзиники экани, уни ўзига қарашли фермер хўжалигида етиштирилган ва Ф. Оллаберганов томонидан харид қи­линиши мўлжалланган 250 дона қовун эвазига олганини, бошқа бир топилма — 10,5 миллион сўм маблағ оиласига тегишли эканини билдирди. Шунингдек, унинг важларига қараганда, воқеа жо­йи­ни кўздан кечириш тадбири бевосита шу жойнинг ўзида эмас, балки қоидага хилоф равишда божхона идорасида амалга оширилгани, иш­га тиркалган «Тушунтириш хати»ни ўзи эмас, орган ходими томонидан ёзилгани, унга ўқимасдан им­зо чеккани, бунга «Сенга енгиллик бе­рамиз ва тезда уйинг­га қайтарамиз», дея берилган ваъдалар сабаб бўлганини баён этди. Айни дамда барини тушуниб етгани, аслида йўқ «айби»ни тан олгани, автомашинадан топилган гиёҳвандлик воситаси ўзига тегишли эмаслиги, унинг қайдан келганини билмаслигини айтди, шу аснода қўйилган айбга иқрорлик билдирмади.

Маълумки, бундай вазиятда қонун талабига мувофиқ зиммага юклатилган айбнинг асосли ёки асоссизлиги билан бир қаторда гумонланувчи томонидан келтирилган далил-дастаклар ҳам атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилади. Суд қонунчиликнинг ана шу талабига алоҳида эъ­тибор қаратди. Бунда О. Олламовнинг қўл телефонига Фар­ҳод Оллаберганов томонидан «100+100+50 қилиб, 250 ни олиб келинг» де­ган маънодаги СМС хабари эътиборни ўзига жалб қилди. Электрон тарзда келган ушбу ёзувнинг сири ана шу жараёнда очилди. У уч бўлакка «100+100 ва 50» (жами 250) улушда жой­ланган «опий» гиёҳвандлик воситасини етказиб бериш хусусида юборилган сирли хабар бўлиб чиқди. Ф. Оллабергановга аталган 250 та қовун ҳам шу маънони англатган. Маълум бўлишича, улар олдиндан жиноий тил бириктириб, гиёҳвандлик моддаси ол­ди-сотдисини шундай шартли белги ёрдамида амалга оширишни режалаштиришган.

Қисқаси, факт фактлигича қолди ва уни инкор этиб бўл­мади. Гиёҳвандлик воситаси автомашина ичидаги кўздан йироқ ва қўл етмас жойга пухта яширилгани, бунинг учун ка­мида 15-20 да­қиқа талаб этилиши, вазият мазкур қилмиш гумондорнинг шундоқина кўз ўнг­гида, пинҳона тарзда, бошқа шахс томонидан амалга оширишга имкон бермаслиги бу борадаги шубҳа-гумон­лар­­нинг ба­рини четга сурди. Бундан шундай хулоса келиб чиқади: гиёҳванд модда гумондорнинг ўзига тегишли ва уни автомашина ичига ундан бошқа ҳеч ким яшириб қўймаган.

Таъкидлаш жоизки, суд ишни кўриш асно­сида содир қилинган жиноий қилмишни енгиллатиши мумкин бўлган бир қа­тор далиллар мавжуд эканлигини ҳам аниқлади. Шу сабабли О. Олламовга нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо қўллашни тақоза этувчи 57-моддасини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Суднинг ушбу ҳукми аппеляция ҳайъатида ҳам атрофлича муҳокама этилди ва уни ўз­гартириш учун асос топилмади.

Шу тариқа гиёҳвандлик моддасини сотиш орқали мўмай даромад олишни кўзлаган жиноятчига қонуний жазонинг муқаррарлиги таъминланди. У ўзи қазиган чоҳга қулади.

 

 

Зафарбек Якубов,

Хоразм вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: