ТУЗАЛМАС ЖАРОҲАТ ЁКИ МАСТЛИК КУЛФАТ ВА НАДОМАТ КЕЛТИРДИ

Маълумки, ҳаётда спиртли ичимликларга рўжу қўйиш — турли хил иллатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, бу иллатни жиноятларнинг дояси деб бежизга айтишмайди. Қуйида баён этилаётган бир жиноят тафсилоти ҳам ичкиликка рўжу қўйишнинг фожиали оқибати ҳақидадир.

Фарруҳ (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўтган йилнинг 8 январь куни кеч соат йигирма бир-у ўттизларда Янги Сирғали кўчаси бўйлаб ўзининг «Spark» русумли автомашинасида ҳаракатланиб бораётганди. Ортидан келаётган «Ласетти» русумли автомашина чироқларини ёқиб-ўчириб ишора қилгач, у рулни ўнг томонга бурди ва ке­йинги ҳаракатланиш бўлагига ўтди.

Буни қарангки, соатига 90-100 километр тезликда келаётган «Lacetti» Фарруҳ бошқарувидаги автомашинани қизил чироқда қувиб ўтаётиб, йўл­нинг ўнг томонидан чап томонига ўтаётган пиёдани уриб юборади. Қисқаси, кутилмаганда фожиа рўй беради. Албатта, бундай пайтда айб­дор ҳайдовчи автомашинасини тўх­та­тиб, ҳаё­ти ва соғ­лиғи хавф остида қолган, ўзи­ни-ўзи ҳимоя қилиш им­кониятдан маҳрум бўлган жабрланувчига ёрдам кўр­сатиши лозим эди. Аммо «Lacetti» ҳай­довчиси кутилмаганда жабрланувчига ёрдам бериш ўрнига воқеа жойи­дан қочиб кетди.

Фарруҳ Ёқубов эса, кўз ўнгида рўй берган фожиани кўриб, дарров автомашинасини тўхтатди ва жабрланувчига ёрдамга ошиқди. Сўнг эса, жабр­ланувчини зудлик билан шифохонага олиб боришди. Аммо улар кеч қолишган, оғир жароҳат туфайли жабр­ла­нувчи аллақачон ҳаётдан кўз юмганди.

«Lacetti» русумли автомашина бош­қарувчиси Мирзоҳид Файзиқулов ҳам тез орада қўлга олинди ва у қилмиши учун қонун олдида жавоб берди.

Буёғини сўрасангиз, оилали, икки нафар фарзанднинг отаси, бирон жойда тайинли ишламаган, муқаддам Жиноят кодексининг турли моддаларидаги жиноятларни содир этиб, ол­ти мар­та суднинг қора курсисига ўтирган М. Файзиқулов аслида ичкиликка муккасидан кетган экан.

Ҳодиса рўй беришидан бир соатлар аввал у таниши И. Шомуродов билан ош­хонада ўтириб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шундан сўнг М. Файзиқулов маст ҳолатда жанжал чиқарган, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан И.Шомуродовни уриб-дўппослаган ва унга тан жароҳати етказган.

Судга оид тиббий экспертизанинг 2021 йил 29 январдаги хулосасида, И. Шомуродовга «ўнг кўз соҳаси юқо­ри деворини силжимасдан синиши, ўнг билак соҳаси шилинмаси, ўнг кўз қовоғи пастки соҳаси қон қуюлиши, пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши» каби ўртача оғир тан жароҳати етказилган.

Энди М. Файзиқуловнинг ичкилик туфайли У. Шодиевнинг ҳаё­тини хазонга айлантирган қилмишига қайтадиган бўлсак, судга оид тиббий экспертиза хулосасида марҳум У. Шодиев «бош мия пардалари остига қон қуюлиши, ўпка ёрилиши, қовурғалар синиши, чап ел­ка суяги ва чап болдир суяклари очиқ синиши» каби тан жароҳатлар туфайли ҳаётдан кўз юмгани қайд этилган.

Судланувчи М. Файзиқулов дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айб­дор деб топилди. Бундан ташқари М. Файзиқулов ҳаёти ва соғ­лиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қи­лиш имкониятидан маҳрум бўлган шахс­га ёрдам кўрсатмасдан жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйиб, одам ўлимига сабаб бўлгани учун Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми билан ҳам айбдор деб топилган.

Суд судланувчи М. Файзиқуловга нисбатан жазо тайинлашда қонун талаблари ҳамда Олий суд Пленуми қа­ро­ри­даги тушунтиришларига таянди.

Судланувчига нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинланди. Яъни Жиноят кодексининг 60, 61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2016 йил 22 февралдаги ҳукми билан та­йин­ланган жазонинг қисман қўшиш йў­ли билан узил-кесил ўташ учун ет­ти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси та­йин­ланди.

Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Воқеа тафсилотларини мушоҳада қилганда, фуқаровий даъвогар, марҳумнинг акаси К. Шодиевнинг судда берган кўрсатмасига тўхталиш ўринли кўринади.

Негаки, ўша кун ишдан қайтган И. Шодиев фарзандининг иситмаси кўтарилгани сабабли дори излаб кў­­чага чиққан. Аммо судланувчи М. Файзиқуловнинг мастлик оқибатида содир этган қилмиши боис унга фарзанди дардига мал­ҳам бўладиган дори-дармон билан уйига қайтиш насиб қилмади. Икки нафар фарзанди эшикка қа­раб ҳамон отасини кутишади. Энг ёмони, инсонийлик фа­зилат­ларидан буткул маҳрум М. Файзиқуловнинг ўзи ҳам, унинг қариндош-уруғи ҳам мар­ҳумнинг яқинларидан кўнгил сўрашни хаёлларига ҳам келтиришмади…

Бу ҳолат М. Файзиқулов ва унинг ои­ласида нечоғлик носоғлом муҳит юзага келгани, уларнинг кўнглида ин­соний меҳр-оқибат, раҳм-шафқат туйғулари буткул ўчиб кетганини англатмайдими?

 

 

Шерзод ЮЛДАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Сергели тумани суди судьяси,

 Ҳамид ЭГАМ,

 журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: