ТОВЛАМАЧИ ШАҲАР БЕДАРВОЗА ЭМАСЛИГИНИ КЕЧ АНГЛАДИ

Ҳаётда ҳар бир нарсанинг тартиб-қоидаси бор. Ҳамма бирдек амал қилиши керак бўлган қонунларни бузиш, ноқонуний даромад топишга уриниш жиноят ҳисобланади.

Зоминлик Ойбек Улуғмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Жиззах шаҳридаги «Кўк бозор» деҳқон бозори ҳу­дудида жойлашган «Жиззах — Даштобод» йўналиши бў­йи­ча йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи киракаш автомашиналар турадиган жойга келганида С. Мансуров унинг йўлини тўсди.

— Бу ерда одам ташиш учун аввало мендан рухсат оласан, — деди у. — Қатнов йўналишига ки­­ришинг учун дастлаб 300 АҚШ­ доллари, кейин ҳар бир қатнов учун 7 минг сўмдан берасан…

Ойбек бундай зўравонликка норозилик билдирганда, у «агар пулни бермасанг, иккинчи бу ерга келмайдиган қиламан», дея пўписага ўтди.

Шундан сўнг О. Улуғмуродов Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига С. Мансуровнинг ноқонуний ҳаракатларига чора кўришни сўраб, мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилди. Ўт­ган йилнинг 18 март куни С. Мансуров «Кўк бозор» деҳқон бозори худудида «Жиззах — Даштобод» йўналишида автомашинасида ҳаракатланиши учун тўсқинлик қилмаслик эвазига товламачилик йўли билан О. Улуғмуродовдан 300 АҚШ долларини олган вақтда қўлга тушди.

Биринчи босқич суди томонидан С. Мансуровга нисбатан уч йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиззах вилояти су­ди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инс­танциясининг очиқ суд мажлисида С. Мансуровнинг ҳимоячиси С. Мамажоновнинг апелляция тартибидаги шикояти кў­риб чиқилди.

Ҳимоячи апелляция шикоятида С. Мансуровнинг қарамоғида вояга етмаган икки нафар фарзанди борлиги, ота-онаси ва турмуш ўртоғи ҳеч қаерда ишламаслиги, оилада ёлғиз боқувчи экани ҳамда бошқа енгиллаштирувчи ҳо­латларни инобатга олиб, суд ҳукмини ўзгартириб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўл­маган озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни сўраган.

Апелляция инстанцияси суди биринчи босқич судининг С. Мансуровга оид ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция ши­коятини қаноатлантиришсиз қолдириш бўйича ажрим чиқарди. Чунки С. Мансуровнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликдаги айби биринчи босқич судида текширилган ишончга са­зовор объектив далиллар билан тўлиқ исботланган.

Айтиш керакки, Жиноят кодексининг 7-моддасида жи­ноят­ содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклиги белгиланган. Ушбу кодекснинг 8-моддаси талабига мувофиқ, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айб ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши зарур.

Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо та­йинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарори 26-бандида озодликдан маҳрум қи­лиш жазо тариқасида, одатда, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, алоҳида ҳолларда эса, судланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахс­ларга нисбатан, агар бундай шахс­ларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони бўлмаса, қўл­ланилиши белгиланган.

Биринчи босқич суди С. Ман­суровга нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, қарамоғида воя­га етмаган фарзандлари борлиги, оилада ягона боқувчи эканини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топган. Жиноятни ғараз ниятларда содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаган. Жи­ноят­нинг ижтимоий хавфлилик даражаси, хусусияти, шахси, илгари ҳам безорилик жинояти содир этиб, судланганидан тегишли хулоса чиқармагани, қонунларни бузгани, ноҳақ йиғимлар олиш, товламачилик қилмиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига катта зарар етказаётгани, жабрланувчининг даъвоси борлиги инобатга олиниб, жиноий фаолиятни давом эттиришига тўс­қинлик қи­лиш, янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида С. Мансуровга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қонуний ва асосли тайинланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир фуқаро мавжуд қонунларга қатъий амал қилиши зарур. Қонунларни бузиш, товламачилик йўли билан ноқонуний бойлик орттириш жи­ноят­дир. Бошқача айтганда, шаҳар бедарвоза эмас. Буни товламачи С. Мансуров сингари кимсалар англаб етиши зарур.

 

 

Анвар ҲОМИДОВ,

Жиззах вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: