ТОВЛАМАЧИ ТЎРТЛИК ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА МАҲКУМ ЭТИЛДИ

2020 йил 14 октябрь куни ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқиётган Мафтуна Орифжонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) кеч бўлса-да, уйга қайтмади.

Бундан онаси Б. Адашева хавотирга туш­ди ва қизига қўнғироқ қилди. Ам­мо қўнғироғи жавобсиз қолди. Орадан бир соатча ўтиб, онаизор яна сим қоқ­ди.

Бунга жавобан нариги томондан қизил тугма босилди. Бироздан сўнг «SMS» хабар келди: «Ая­жон кечиринг, мен сизга нолойиқ фар­занд­ман. Мен уйга боролмайман, товламачиларнинг қўлига тушиб қолдим. Ишончингизни оқлай олмадим. Мени қидирманглар».

Бу хабарни ўқиб, Б. Адашеванинг ҳуши бошидан учди, қўр­қувга тушиб қол­ди.

Аммо она тезда ўзи­ни қўлга олиб, қизига ха­­бар юборди. «Болам, уй­­га қайт. Сен­­дан ким ни­ма талаб қи­лаётган бўл­са, берамиз. Фақат бебошлик қилиб қўй­ма!».

Шундан сўнг тунда М. Орифжонова уйига келди ва уввос солиб йиғлаганча рўй берган воқеани гапириб берди.

Унинг сўзларига қараганда, 2019 йил ноябрь ойининг охирларида у «Instagram» ижтимоий тармоғи орқа­ли Яшнобод туманида яшовчи Искандар Ҳомидов билан танишиб қолади. Орадан кўп ўтмай ёшлар бир-бирига боғланиб қолишади.

— Сенга уйланаман, яқинда совчи юбораман, — дея Искандар қуюқ ваъда беради.

Соддадил қиз унинг сўзларига шуб­ҳа қилмайди. Шундай кунларнинг бирида И. Ҳомидов автоҳалокатга учраб, уйида ётганини айтиб, М. Орифжоновани хонадонига чақиради. Мафтуна бу нохуш хабарни эшитиб, хавотирга­ тушади ва дарҳол йигитнинг уйига етиб боради. Аввалига Искандар уни сами­мий кутиб олади. Бироздан сўнг йигитнинг асл муд­дао­си маълум бў­лади.

— Барибир сенга уйланаман, ўзинг­ни олиб қочма, — дейди Искандар.

Бирон-бир ёмонликни хаёлига келтирмаган Мафтуна йигитнинг сўзларидан сархуш бўлганча еттинчи осмонда учиб юрарди.

Айни шу лаҳзаларда Искандарнинг ғаразли мақсади аён бўлади: у қиз­ни­ ярим яланғоч ҳолатда яширинча видеотасвир ва суратга олади. Кейин­ эса, ана шу видеотасвир ва суратларни қизга кўрсатиб, товламачилик йў­лига ўтади.

— Менга пул керак. Агар бермасанг, видео ва расмларингни ота-онангга кўрсатаман. Қолаверса, тар­қатиб ҳам юбораман, — дея у дағдаға қилади.

Буни эшитиб, Мафтуна қаттиқ қўр­қувга тушиб қолади. Айниқса, у ота-онаси олдида шарманда бўлишини ўй­лаб, кўз олди қоронғи тортиб кета­ди ва Искандарнинг талабига дарров розилик билдиради. Оқибатда И. Ҳо­мидов Мир­зо Улуғбек туманидаги «Наврўз» деҳқон бозори ёнида нархи 3 500 000 сўмлик ик­ки дона тилла тақинчоқни товламачилик билан қўлга киритади.

Бироқ бу билан унинг нафси қонмайди. Аксинча, ҳа­лиги видеотасвир ва суратларни Бў­ка туманида жойлашган манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган таниши Адиз Саминжоновга ҳам телефон орқа­ли юборади. Буни қарангки, ўша пайт­да со­дир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган А. Саминжонов мўмай пулнинг дарагини эшитиб шошиб қо­лади. Натижада Адиз Искандар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2020 йил сентябрь ойига қадар М. Орифжоновадан товламачилик йўли билан 10 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ундиришади. Лекин…

Лекин ҳаммаси шу билан якун топмади. Мафтунанинг бошида яна бир ғавғо бор экан. Гап шундаки, 2020 йил июль ойида у «Telegram» иж­тимоий тармоғи орқали яна бир йигит билан танишиб қолади. Йигит ўзи­ни Шоҳруҳ деб таништиради. Аслида янги таниши ўғил бола эмас, балки Олмазор туманининг Қорақамиш даҳасида истиқомат қилувчи Умринисо Акбархўжаева эди.

Қисқаси, шундан сўнг суҳбатлар асносида «Шоҳруҳ» Мафтунадан илгари Искандар исмли йигит билан учрашиб, гаплашиб юрганини билиб олади.

Қолаверса, соддадил қиз унга И. Ҳомидовнинг ғаламислиги — товламачилиги ҳақида ҳам гапириб беради. Аммо аввалдан танимаган-билмаган, ҳатто ўзини кўр­маган кимсага бошидан кечирганларини сўзлаб бергани М. Орифжонованинг оё­ғига навбатдаги тушов бўл­ди. Қарабсизки, товламачилик «байроғи»ни энди Умринисо қў­лига олади.

— Мен буларнинг барини ота-онангизга етказаман. Балки айтмаслигим, сир сирлигича қолиши ҳам мумкин. Буёғи ўзингизга боғлиқ, — дея у қиздан пул талаб қилади.

Шундан сўнг Умринисо Мирзо Улуғбек туманининг Аҳмад Югнакий мавзесида «Шоҳруҳ»нинг синглиси си­фа­ти­да Мафтунага учрашиб, даст­лаб 300 АҚШ доллари, сўнгра 400 АҚШ долларини қўлга киритади. Бироқ у бу билан қаноатланмайди. Бинобарин, таниши Нурмат Рауповни ҳам товламачиликка шерик қилади. Яъни Н. Раупов юқоридаги манзилда «Шоҳруҳ» сифа­ти­да учрашиб, Мафтунадан яна 600 АҚШ доллари олади.

Сўнг яна, яна ва яна. Хуллас, ҳамтовоқлар 2020 йил октябрь ойига қадар ночор аҳ­волдаги қиздан жами 5 000 АҚШ дол­лари ундиришади. Лекин 2020 йил 19 октябрь куни бу товламачиликка чек қўйилди.

Гап шундаки, М. Орифжонова ҳаммасини айтиб бергач, отаси Маъ­руф­­жон Адашев ва онаси Буробия Адашева Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига ариза билан мурожаат қи­лишди. Натижада ушбу ҳо­лат юзасидан тезкор тадбир ўтказилди: ўша куни соат 14:30 ларда У. Акбархўжаева ва Н. Раупов галдаги 300 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланди.

Албатта, товламачиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иш­лари бў­йича Мирзо Улуғбек тумани суди У. Акбархўжаева ва Н. Рау­повни Жи­ноят­ кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди, И. Ҳо­мидов ҳамда А. Саминжоновни шу модданинг 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шу боис И. Ҳомидов, А. Саминжонов ва Н. Рауповлар суд залидан қамоққа олинди.

Шунингдек, У. Акбархўжаевага Жиноят­ кодексининг 72-моддаси доирасида 2 йил синов муддати белгиланди. Қо­лаверса, суд ҳукмида М. Орифжонова фойдасига У. Акбархўжаева ва Н. Рауповдан 36 074 960 сўм, И. Ҳомидов ва А. Саминжоновдан эса, 86 600 021 сўм моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: хўш, товламачилар жабрланувчидан шунча пул ундириб нимага эришди?

Албатта, ҳеч нарсага. Топгани жиноий жазо, пешонасига босилган судланганлик тамғаси бўлди, холос. Умид қиламизки, товламачиларнинг аянчли қисмати бошқаларга ҳам са­боқ бўлса, ажаб эмас.

 

 

Муҳаммад ҚАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: