ТОВЛАМАЧИ БЛОГЕР ЖИНОИЙ ШЕРИГИ БИЛАН ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Маълумки, Жиноят кодексининг 165-моддаси “Товламачилик” дея номланиб, унга мувофиқ, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулк­ка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш товламачилик ҳисобланади. Тавсифланишига кўра, бу оғир ва ўта оғир жиноятлар сирасига киради.

Афсуски, сўнгги пайтларда ушбу турдаги жиноятлар тез-тез содир этилмоқда. Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали бунга гувоҳ бўлаяпмиз.

Косонсойлик Рустамжон Абдуҳалилов ва Моҳирахон Рўзихўжаева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзаро жиноий тил бириктириб, товламачиликка қўл уришди. Мазкур жиноят судда кўрилган пайтда мен жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди раиси вазифасида ишлардим.

Гап шундаки, Р. Абдуҳалилов “Рус­там блогер косоний” номи остида блогерлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Шунинг учун бўлса керак, айрим фуқаролар ўзларининг муаммолари юзасидан мурожаат қилиб турган. Хусусан, фуқаро К. Шаҳобиддинова унинг олдига келиб, тумандаги 20-умумтаълим мактаби ўқитувчиси С. Атахоновадан шикоят қилади. Маълум бўлишича, К. Шаҳобиддинованинг жияни, 7-синф ўқувчиси Ҳ. Ҳакимхонова мактабга рўмолини бўйнидан ўраб борган.

Ўқитувчи С. Атахонова эса буни синфда муҳокама қилган.

— Ўқитувчи жиянимни синф­дошлари орасида изза қилибди, таҳқирлаб рўмолини ечтирибди, — дей­ди аёл.

Шундан кейин Рустамжон Абдуҳалилов мактаб­­га бориб, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ўтказади. Қолаверса, воқеа тафсилотларини видеотас­вирга ҳам муҳрлайди. Сўнгра олинган видеотас­вирни YouTube видеохостингдаги каналига жойлаштиради. Оқибатда ҳаш-паш дегунча ушбу ҳолат ижтимоий тармоқда тарқалиб, мактабда шов-шув кўтарилади. Ўқитувчи аёл эса мактаб раҳбариятидан дакки эшитади.

Унинг ҳамкасблари олдидаги обрўсига ҳам путур етади. С. Ата­хонова блогерга учрашиб, видео­тасвирни YouTubeдан ўчириб ташлашни илтимос қилади. Р. Абдуҳалилов эса бунинг эвазига 1 000 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Акс ҳолда видеони янада кенгроқ тарқатиб юборишини айтиб, ўқитувчини қўрқитади. Шундан кейин ноилож қолган аёл унинг талабига рози бўлади. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳам мурожаат қилади.

Буни қарангки, Р. Абдуҳалилов С. Атахонова билан олди-бердисига таниши Моҳирахон Рўзихўжаевани аралаштиради. Яъни, аввалига у М. Рўзихўжаева билан маслаҳатни пишитиб олади. Кейин ўқитувчига пулни Моҳира опага бериб қўйишини айтади. Шунга кўра, С. Атахонова пулни белгиланган жойга олиб боради. Аммо пулни беришидан олдин Рустамжон ҳам ўша ерда пайдо бўлади.

— Калькуляторнинг тагига қўя­веринг, — дей­ди воситачи аёл пулни қўли билан олишга қўрқиб.

Муаллима у айтганидек қилади. Натижада жиноий шериклар туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан қўлга олинади.

Шундан сўнг иккала товламачига нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Суд уларни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазо белгиланди.

  

Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шаҳрихон туман судининг судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: